Коррупция - давлат бошқаруви соҳасидаги ижтимоий хавфли ҳодисадир. Шу боисдан юртимизда бу иллатга қарши кураш масаласи давлат ва жамиятнинг энг долзарб вазифалардан бирига айланган.
Косонсой туман тиббиёт бирлашмасида бўлиб ўтган йиғилиш жорий йилнинг 7 июнида "Коррупцияга қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссиясининг 4-сонли йиғилиши баённомаси"да белгилаб берилган топшириқлар ижросини таъминлаш масалаларига қаратилди.Унда бирлашма бошлиғи ўринбосарлари, бош мутахассислар, бўлим мудирлари, тизимдаги даволаш - профилактика муассасаларининг раҳбарлари ва катта ҳамширалар иштирок этишди.
Йиғилишни бирлашма бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди О. Қосимов очар экан, у тизимда таъмагирликка барҳам бериш, ўз мансаб-лавозимини суиистеъмол қилиш ҳамда хизмат вазифаларига совуққонлик билан қараб, тиббиёт ходими деган шарафли номга доғ туширишдек салбий ҳолатларнинг олдини олиш тўғрисида гапирди.
Туман прокурорининг ўринбосари Ж. Нуриддинов бугунги глобаллашув шароитида уюшган жиноятчилик, экстремизм ва терроризм билан бир қаторда коррупциянинг миллий хавфсизликка таҳдиди тўғрисида маъруза қилди. У Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 211- ва 212 - моддаларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни шарҳлаб берди. Эндиликда пора бериш ва пора олиш-беришда воситачилик қилганлик учун жазо кучайтирилганлиги, яъни пора берувчи, пора олиш-беришда воситачилик қилган шахс билан бир қаторда жиноий жавобгарликка тортилишини батафсил тушунтирди.
Тадбирда тиббиёт ходимларининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Албатта, коррупция жамият тараққиётига ғов экан, унга нисбатан муросасиз курашиш, ҳар бир кишининг фуқаролик бурчидир.
Манзура ЭРГАШЕВА.