«Ким табиб - бошидан ўтган табиб» деган халқ нақли бежиз эмас. Буни Наманган атласи довруғини дунёга таратган ҳунармандлар сулоласи давомчиси Арифжон Якуббоев бошлиқ оила ҳаётида ҳам яққол кўришимиз мумкин. 2010 йил уларнинг бошига кутилмаган ташвишлар тушди. Икки фарзанднинг онаси бўлган қизи Манзурага қандли диабет хасталиги илашди. Вилоят, республика миқёсидаги шифохоналарда даволанишлар унчалик наф келтирмади. Бемор тобора озиб-тўзиб бораркан, охири вазни 38 килога тушиб қолди. Ана шундай пайтда врачлардан бири хориждаги каби мамлакатимизда ҳам туя сути билан даволаш усули йўлга қўйилаётгани ва наф бераётгани ҳақида гапириб, қалбларида умид учқунини пайдо қилди. Ўзбекчиликнинг шуниси борда, ота-она ёнига оға-ини, қуда-анда, қариндош-уруғ, ёру-биродарлар киришди. Тошкент вилоятининг Тулабий қишлоғида туячиликни йўлга қўйган Ўрозқул ака яйловига нажот кўзини тикиб боришди. Кунига 3 литрдан янги соғилган туя сути ва меъёрига етказиб қайнатилган суяк шўрвани ичирилиши ўн кун ичида ўз самарасини берди. Манзура яна оиласи бағрига қайтди.
Яратганнинг иноятидан, икки норасиданинг онаси - қизини янада соғайиб бораётганидан боши кўкка етган ота Навоий вилоятидан Наманганга 16,5 милион сўмга 3 та она-бола туя олиб келди. Онаизор Матлубахон умрини дилбандига баҳшида этмоғ учун 47 ёшида Чортоқ тиббиёт колежига имтиҳон топшириб, энг ёши улуғ, энг интизомли талабага айланди. Ўз устида тинмайин ишлаб, Ибн Синонинг "Тиб қонунлари" ва "Шарқ табобати" сирларини ўрганди. Хонадонда табобатга доир дунёнинг кўплаб давлатларида чоп этилган ноёб китоблар кутубхонаси жамланди. Том орқада доривор гиёҳларни ўстиришни, улар билан Манзурани даволашни давом эттирди. Мўъжиза рўй берди. Қизининг соғлиги тикланиб, бахтли ҳаёт кечира бошлади. Ўғил фарзандли бўлиб, унга Миршоҳидбек дея исм қўйишди.
Арифжон ака эса ўғиллари Обиджон ва Рашидбекларни ёнига олиб " Рашид Туячилик" МЧЖни ташкил этишни мақсад қилди. Ёш тадбиркор Рашид Якуббоевнинг ташаббуси шаҳар ҳокимига ҳам маъқул келди. 2013 йил 24 декабрида 904-қарор асосида 5 йил муддатга фойдаланиш шарти билан адир ёнбағирлигидан 6,83 гектар ер берилди.
2011 йилда олиб келинган туяларни парвариш қилиш учун 75 бошга мўлжалланган бино қурилди. 8 нафар ишчи ўрни яратилиб, туябоқарлар ишга олинди. Биринчи ўринда Наманган шаҳар ветернария бўлими билан шартнома тузилиб, йилига 2 марта қон, ҳар чоракда сут таҳлили, бир марта турли ҳил касалликларнинг олдини олиш учун эмлаш, ҳар 10 кунда эктопаразитларга қарши ишлов бериш изчил йўлга қўйилди.
Туя сутини шифобахшлигини ошириш учун янтоқзорлар макон топган яқин адирликларга кунига уч марта олиб бориб боқиш, камида 20 км ҳаракатда бўлишлигига эътибор қаратилди. Туғилган 30 бош эркак туяларнинг ҳар бирининг вазни 650-700 кгдан ошганда гўштга топширилди. 50 бош бўталоғи туячиликни ташкил этмоқчи бўлган тадбиркорларга сотилди. Жамият қошида махсус дўкон ташкил этилиб буюртма асосида мунтазам туя сути, шифобахш " Қумрон" тайёрлаш ва етказиб бериш йўлга қўйилди. Соғин туялар сони бугун "Рашид туячилик" МЧЖда 30 бошга етди.
- Туя ақлли жонивор, энг шифобахш ўсимликлар билан озиқланади. Қорамоллардан яна бир фарқи жуда болажон, 1,5 йилгача соғдираверади ёнида боласи турмаса ёки бўталоғи нобуд бўлса бир томчи ҳам сут бермайди. Кунига уч марта яйловга олиб бориб, боқиб келиб уч бора соғилади. Ҳар бири 1 литрдан 3 литргача сут беради. Ичаётган сувининг таркиби ва сифати ҳам сутнинг шифобахшлигида муҳим аҳамият касб этади. Норин дарёси сувидан ичиб маҳсулот бераётган жониворларимиз сутининг шифобахшлиги таҳлили республика лабораторияларида юқори баҳоланаётгани ҳам бежиз эмас. Яқинда она туя секин ёнимга келиб халатимдан охиста тишлаб бўталоғи олдига олиб борди. Қарасам ёш туяча қўра ёғочлари орасига қисилиб қолибди. Уни "асирликдан" халос этиб, сийпаб-сийлаб эркалатмоқчи бўлгандим, онаси мендан қизғанди чоғи "энди тошингни тер, буёғини менга қўйиб бер" дегандек яна халатимдан тишлаб аввалги жойимга олиб бориб қўйди. Тўғриси, синглимизни қайта ҳаётга қайтишида сабабчи бўлган, эндиликда нафақат кўплаб наманганликларни, қўшни Андижон, Фарғона вилоятида яшовчи беморларни хасталиклардан фориғ бўлиб, батомом соғайиб кетишида муҳим аҳамият касб этаётган бу жониворларга бутун бошли оиламизнинг меҳри тушиб қолди. Аммо янги маҳаллалар барпо этилиб, тобора қисқариб бораётган "Мустақиллик 5 -йиллиги" МФЙ ҳудудидаги адир-ўтлоқзорлар туяларни боқиш, яйратиш учун торлик қилаётгани сир эмас. Ҳатто маҳалла аҳлидан ҳам эътирозлар туша бошлади. Бу борада аввал шаҳар, кейин вилоят ҳокимлигига мурожаат этдик. Вилоятимиз ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Хайрулло Бозаровга, шаҳар ҳокими Шавкатжон Абдураззоқовга раҳмат. Мурожаатимизни ўрганиш учун "Рашид туячилик" МЧЖга шахсан ташриф буюрдилар. Ҳолатни танишиб, тадбиркорлигимизни қўллаб-қувватлаш мақсадида Косонсой тумани ҳокими Жавлон Йўлдошевга фойдаланилмай ётган адир жойлардан замонавий туяхона биноси қуриш учун ер ва яйлов ажратиш, тезкор қарорини тайёрлаш борасида топшириқ берди - дейди МЧЖ раиси Рашидбек Якуббаев.
2018 йил "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-кувватлаш йили"да вилоят силга қарши кураш диспансери жамоаси шифокорлари билан "Рашид туячилик" МЧЖ ўртасида беморларни туя сути билан даволаш йўлида илмий-тадқиқот ишларига асос солинди. Бош шифокор Шокиржон Маюсупов етакчилигида аҳоли саломатлиги, тиббиёт келажагини кўзлаб олиб борилаётган бу ҳайрли иш ҳозирданоқ ўз самарасини бера бошлади.
- 2018 йилнинг 29 июнидан шифохонамизда даволанаётган 80 нафар беморни "Рашид туячилик" МЧЖда етиштирилаётган шифобахш туя сути билан даволашни йўлга қўйдик. Беморлар билан ўтказилаётган кузатиш ва суҳбатларда улар ўзларини яхши ҳис этаётганликлари, иммунитетлари кўтарилиб бораётганликлари яққол намоён бўлмоқда. Икки ойга мўлжалланган янгича даволаш усулимиз якуни бўйича клиник ва рентгенолик ўзгаришлар солиштирилади ва ҳамкорликдаги илмий изланишларимиз албатта ўзининг ижобий натижаларини беради. Бу сай-ҳаракатларимиз албатта, соҳада фаолият олиб бораётган саломатлик посбонлари учун тиббиётнинг янги уфқларини очиб беради, - дейди 2-бўлим мудири Ривожиддин Мингбоев.
Равшанбек МИРЗАОЛИМОВ.