Энг улуғ, энг азиз байрамимиз - Истиқлолнинг 27 йиллигига бағишланган тадбирга вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларининг маънавий-маърифий ишларга мутасаддилари тўпланишди. Уни ВССБ бошлиғининг Маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, "Шифокор ва ҳаёт" газетаси муҳаррири Абдулла Ғозиев очди ва олиб борди.
Даврадошлар шоир ва публицист, "Турон" фанлар академиясининг академиги Содиқ Сайҳуннинг Ватан равнақи ҳақидаги самимий сўзларидан ўзгача таассуротлар олишди. "Азиз ва ягонасан, жонажон Ўзбекистоним!" шиорининг мазмун-моҳиятини ёрқин ифодаловчи истиқлол ислоҳотлари янги босқичга кўтарилганини, мамлакатимиз миқёсида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари ва раҳнамоликларида рўёбга чиқарилаётган беқиёс ўзгаришларнинг оламшумул аҳамиятини, ҳалқимизни давлат хизматларидан розилиги улардаги аъло кайфиятда намоён бўлаёганини ҳаётий мисоллар асосида зўр фахр билан тўлқинланиб гапирди. Бундан таъсирланган маънавиятчиларнинг тадбирдаги фаоллиги ошди, амалий аҳамиятга эга фикр-мулоҳазалари билан даврани янада жонлантириб юборишди.
Айниқса, Уйчи туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ёрдамчиси Аҳмаджон Юсупов, "Бешкапа" ревматология сиҳатгоҳи бош врачининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ҳасанбой Холиқовлар шифокорлар маънавиятини юксалтиришга, уларнинг хизматидан халқнинг ризолигини доимий равишда таъминлашга дахлдор қимматли таклифларини ўртага ташладилар. Шунингдек, маънавият соатлари самарадорлигини ошириш, бу борада раҳбар ва ташкилотчилар масъулиятини тобора юксалтириш муҳимлигини алоҳида таъкидладилар.