Улар туну кун тиним билишмайди

Очиғини айтганда, авваллари тез тиббий ёрдам соҳасида элнинг мамнунлик эътирофларидан кўра, ранжиш эътирозларини кўпроқ эшитардик. Соҳадаги муаммолар шифокорларни ҳам кўнглига ўкинч соларди. Чақирувга кечикиб етиб бориш, ёрдамларига маҳтал беморнинг олдида ҳижолатга қўярди. Фақат шугина эмас, биринчи даво муолажалари учун зарур дори- дармон заҳирасига тўла эга бўлмаслик ҳолатларида нима қилишларини билишмасдан бошлари қотарди. У ёғи ўзингизга ҳам маълум...

Энди эса бутунлай бош­қача манзара. Шифокорлар ҳам, нажотталаб беморлар ҳам ўзгаришлардан хурсанд­лар. Буни Тўрақўрғон тумани "тез ёрдам"чилари мисолида ҳам яққол кўришимиз мумкин. Ушбу мақолани ёзишимизга меҳнат фахрийси Раҳмонберди Раҳимовнинг эътирофлари туртки берди аслида.

- Ферузахон Рўзимова раҳбарлигидаги врачу ўрта тиббиёт ходимларининг ҳаракатларига гап йўқ. Улар беморларнинг беминнат сергак, чаққон ва чечан ҳалоскорларига айланишган, - дея таъкидладилар отахон. Бу таъкид бежиз эмас экан.

Мана, Ҳамид Олимжон номли маҳаллада яшовчи пенсионер Мўминжон Усмоновнинг дил сўзлари: "Ўғлим Илҳомжоннинг вақти-вақти билан тоби қочиб туради. Гоҳ кундузи, гоҳ ярим кечаси дўхтирларни чақиришдан ўзга иложимиз қолмайди. Қачон қўнғироқ қилмайлик, ўша онадаёқ диспетчер аёлнинг "лаббай" деган овозини эшитамиз. Зум ўтмай, "Тез ёрдам" машинаси эшигимиз тагига етиб келади. Чунки, аввалдан бизнинг уйни яхши билишади. Такрор-такрор қатнашсаям сира малол келмайди. Минг раҳмат уларга!

Бундай эътирофу миннатдорчиликларни Сотиболди Эргашев, Камолиддин Шарипов, Кимсаной Обидова, Акмал Ирисов ва бош­қа катта-кичик ёшдаги беморлардан ҳам эшитишимиз мумкин. Чунки, астма, эплепсия ва гипертонияга чалинганларнинг жонларига ҳамиша тиббий кўмакка шай турадиган мана шу оқ халатли саломатлик пос­бонлари оро киришади. Яъни дард хуружидан қутқаришади, аҳволларини енгиллатиб юборишади. Бу хизматлари билан улар беморларнинг ишонган халоскорлари бўлиб қолишган.

Тўрақўрғон туман тиббиёт бирлашмаси "Тез ёрдам" бўлими мудири, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси Ферузахон Рўзимовани ўз соҳасининг моҳир ташкилотчиси десак, асло янглишмаймиз. Бўлимга кўп йиллардан буён раҳбарлик қилиб келаётгани туфайли жамоаси билан бирга қийин даврларда ҳам элга имконият даражасида манзур хизмат кўрсатишни таъминлай олган. Ҳозир эса истиқлол ислоҳотларининг ижобий ўзгаришларидан қувониб, янада астойдил иш олиб бормоқдалар.

- Бизнинг соҳада врачу ҳамшираларимизни чақирув манзилларига кечикмай етказиш учун ҳар жиҳатдан автомобиллар жуда зарур эди ва кейинги йилларда давлатимиз томонидан эҳтиёжимизга яраша янги машиналар берилди, - дейди у алоҳида таъкидлаб. - Ўзимизнинг "Дамас"ларимиздан таш­қари яна хорижнинг "Хундай" ва "Ниссан" реономобилигача эга бўлдик. Уларда оғир беморларга йўлдаёқ энг зарур муолажалар ўтказиш имкониятларигача муҳайё. Дори-дармон қутилари доимо тўлатиб турилади. Ҳар бирида 32-34 хил, ҳатто 42-44 хилгача тиббий жиҳозлару дори воситалари бўлишини таъминлаб борамиз. ЭКГ, сунъий нафас олдириш қопчаси, пульсаксометр, туғруқ учун акушерка жамланмаси, шикастланганларга шиналару бўйин таянчларигача эгамиз. Шундай киройи шароитда ҳамиша виждонан астойдил ишламай бўладими. Катта ҳамшира Нигорахон Муродова,чақириқларни қабул қилиш ва манзилларига йўллаш постида Феруза Эргашева, Ҳафиза Мирзараҳимова, Саёҳат Эргашева, Юлдуз Абдураҳмоноваларнинг фаоллиги эътиборга лойиқ.

Марказда Неъматжон Исмоилов, Ҳусниддин Исоқов, Анваржон Мажидов сингари врачларимиз, Ёдгора Ортиқова, Назира Эргашева ва Хотира Тоштемирова каби ҳамшираларимиз беморларнинг ол­қишларини олишаяпти.

Биз бўлим ҳовлисига чиққанимизда "тез ёрдам" машиналарининг бири чақириқдан қайтаётган бўлса, яна бири янги манзил сари йўл олаётганига кўзимиз тушди. Одилжон Нишонов, Неъматжон Ортиқов, Содирхон Нажимов ва Хаитали Жўраевларга ўхшаган ҳайдовчилар "Хундай", "Ниссан" ва "Дамас"ларнинг рулини моҳирона бошқаришиб, айтилган хонадонга саноқли дақиқаларда нажоткор шифокорлар жамоасини етказишга ошиқишяпти. Аслида уларнинг сони кўп. Яндама, Шаҳанд, Оқтош, Бураматут, Ахси қишлоқ шахобчаларидаги ҳамкасб­лари ҳам шифокорлар билан бир сафда сидқидил фаолият юритишмоқда.

Содиқ САЙҲУН.