Улуғбек БОТИРОВ,

вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари

Ҳаётимиз тобора фаровонлашяпти, соғлом турмуш тарзини шакллантиришга эътибор кучайтирилмоқда. Истиқлолли мамлакатимиз аҳолисига тиббий хизматни яқинлаштириш, беморларни юқори малакали даволаш усуллари билан тез ва сифатли соғайтириш масаласи ҳар доимгидек муҳим аҳамият касб этмоқда. Сабаби, ҳали тармоқдаги ҳолатни ҳамда мутахассисларнинг билим ва малакасини давр талаблари даражасига кўтаришга тўлалигича эришилгани йўқ. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисига Мурожаатномасида алоҳида таъкидланганидай: "Инсон саломатлигини муҳофаза қилиш борасида сўнгги вақтда олиб бораётган ишларимизга қарамасдан, афсуски, жойларда кўплаб муаммолар ҳамон сақланиб қолмоқда. Ана шуларни ҳисобга олиб, ҳудудлар аҳолиси учун қулай бўлган сифатли ва замонавий тиббий ёрдам кўрсатиш, касалликларни барвақт аниқлаш бўйича бошлаган ишларимизни изчил давом эттирамиз".

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг бир гуруҳ чуқур билимли, юқори малакали ихтисослашган мутахассислари туманларга боришиб, ҳамкасблари билан биргаликда қишлоқма-қишлоқ юришибди. Даволаш-профилактика муассасаларида беморларни қабул қилишяпти. Айни маҳалда хонадонларга киришиб, тиббий кўрик ўтказиш билан кифояланишмай, соғлом турмуш тарзи тарғиботини кучайтиришяпти. Мавжуд муаммолардан бохабар бўлишгач, уларни имкони борича ўша ернинг ўзида ҳал этишяпти. Юқори ташкилот ва муассасаларга боғлиқларини ёзиб олишиб, зарур таклифларни ишлаб чиқишяпти. Ижтимоий ўрганиш чоғида ҳудуддаги ҳақиқий ҳолатнинг аниқ манзарасини тасаввур қилишга эришилмоқда. Режали ҳаракат белгилаб олиняпти.

Масалан, Мингбулоқ туманида 6 август куни кўп тармоқли туман марказий поликлиникаси, 7-қишлоқ оилавий поликлиникаси ва Қўғаликўл қишлоқ врачлик пунктида 124 нафар киши тиббий кўрикдан ўтказилди. Маҳаллаларга чиқиб эса, уйма-уй кўрув амалга оширилди. Врачларимиз 113 нафар эркак-аёлнинг саломатлигини текширишди. Айниқса, ЭКГ ва УТТ аппаратларига туширилиб, ташхислар аниқлиги таъминланди.

Ижтимоий ўрганиш чоғида қуйидаги хулосага келинди: 44 бемор туманда даволанишга, 22 киши санаторийда муолажа олишга, 17 нафари зарур дори-дармонларга эҳтиёжманд. 40 киши ногиронлар аравачасига, 45 киши эшитув мосламасига, 20 киши ҳассага, 5 киши қўлтиқтаёққа муҳтож. 39 бемор имтиёзли ордерталаб. Юқоридагидек ишлар Чортоқ туманида ҳам амалга оширилди. Муҳими вазифаларимиз равшан. Энди мавжуд муамоларга мутасадди муассасаларнинг масъуллари билан биргаликда ечимлар изланади.

Биз хайрли ва савобли ҳаракатларимизни изчил давом эттираверамиз. Ягона мақсадимиз ўрганишларда аниқланган муаммоларга ўз вақтида ечим топишга эришишдир. Шундагина халқимизнинг таббий хизматимиздан розилигини таъминлаган бўламиз.