Янгиқўрғонда диёримиз туманларида биринчи бўлиб қатор юқори
технологияли жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли ўтказилди
Айни кунларда вилоятимиз соғлиқни сақлаш ходимларининг фаолияти Янгиқўрғон туманига кўчган, десак асло муболаға эмас. Бутун ҳудуд бўйлаб соғломлаштириш жараёнлари боряпти. Кеча эрталабданоқ туман марказидаги бош майдон узра мамлакатимиз давлат мустақиллигининг йигирма етти йиллиги олдидан ижтимоий,маънавий,маданий тадбирлар ташкилланди. Унда иштирок этган тиббиёт ходимлари туман аҳлига беминнат тиббий хизмат кўрсатди. Ўн етти турдаги мутахассислик йўналишида чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ташкил этилди.
Юзлаб фуқаролар ультратовуш текшируви ва ЭКГ воситасида саломатликларини врач назоратидан ўтказдилар. Кўчма флюорографик аппаратлардан ўтганлар ҳам кўпчиликни ташкил этди. Саломатлик ҳақидаги тарғибот чоғида юқумли касалликлардан сақланиш ва тўғри овқатланиш каби қатор мавзуларга эътибор қаратилди. Муҳтож кишиларга эса ногиронлик аравачалари тарқатилди. Ижтимоий дорихона хизматидан баҳраманд бўлганлар ҳам оз эмас.
Энг ҳайратланарли воқеалар эса туман марказий шифохонасида кечди. Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, вилоят кардиология маркази ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиалининг таниқли шифокорлари томонидан тўртта энг юқори технологик жарроҳлик операциялари муваффақиятли амалга оширилди.
Шошилинч тиббий ёрдам бўлимида якунланган жарроҳлик амалиёти ҳозирга қадар республикамиздаги ҳеч бир туманда бажарилмаган эди. Вилоят кардиология марказидан келган тиббиёт фанлари номзоди Нуриддин Баҳриддинов ва марказ кардиология бўлими мудири Абдусалом Хўжамбердиевлар беш ёшли Абдулло Маҳмуджоновнинг ҳаётини сақлаб қолишга муваффақ бўлдилар. Юрак туғма нуқсони билан дунёга келган бемор болада очиқ артериал томирни боғлаш жарроҳлик амалиётини сифатли ўтказишди.
- Бугун тушумга ҳам кирмаган иш бўлди. Имкониятим йўқлигидан ўғлимни даволатишга чора топа олмаётган эдим. Давлатимизга минг раҳмат. Қолаверса, фарзандимни безовта қилаётган оғир дарддан халос қилган шифокорларга тасаннолар айтаман, - дейди Абдуллонинг онаси Дилбархон Аҳмаджонова.
Шуниси эътиборга моликки, операция жараёнлари нафақат маҳаллий шифокорларга, барча туманлардан келган кардиологлар ва жарроҳларга "Маҳорат дарси" сифатида онлайн тарзда кўрсатиб борилди. Таниқли жарроҳ Толибжон Мамадумаров мутахассисларга амалиётнинг нозик ва мураккаб жиҳатлари ҳақида тушунча бериб турди.
Шу ерда энг замонавий лапроскопик аппарат ёрдамида тиғсиз операция ҳам амалга оширилди. Наврўзобод маҳалласида яшовчи Жамила Қодировага сурункали тош холецисти касаллиги азоб берар эди. Шифокорларнинг саъй-ҳаракати билан хасталик бартараф этилди. Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази жарроҳлик бўлими мудири Ғовсиддин Мамадалиев ҳамкасблари билан лапроскопик холецистит-эктомия амалиётини ўта сифатли бажаришга эришди.
Эндоскопик амалиётлар ҳам ғоят самарали ва сифатли олиб борилди. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали мутахассиси томонидан фиброгастроскоп воситасида бемор оғиз бўшлиғи орқали умумий ўт йўлига кирилиб, ҳосил бўлган тошни саноқли дақиқаларда олиб ташланиши шифокор маҳоратининг юксаклигидан, даволаш технологиясининг ғоят юқори эканлигидан далолатдир.
- Тўртала мураккаб операцияни ҳам бевосита кузатиб бордим ва жуда ҳам муҳим янгиликлардан воқиф бўлдим, - дейди Чортоқ тумани тиббиёт бирлашмаси жарроҳлик бўлими мудири Нуриддин Низомиддинов. - Кичик инвазив жарроҳлик амалиётларини туман шифохоналарида ҳам ўтказиладиган фурсат келди. Тиббиётимиз жадал тараққий этаётган бир даврда бугун Янгиқўрғонда ташкилланган жарроҳлик амалиётларини туманларда ҳам тадбиқ қилиниши халқ саломатлигини муҳофаза этиш ишларини янги босқичга кўтаришни тақозо этади.
Чиндан ҳам Янгиқўрғонда олиб борилган юқори технологияли мураккаб амалиётлар тиббиётимиз янада равнақ топаётганлигидан, халқ бахту саодати йўлидаги хайрли ишлар кўлами тобора кенгайиб бораётганлигидан далолатдир.
Абдулла ҒОЗИЕВ.
Суратда: жарроҳлик амалиётидан лавҳа.
Аюбхон ҲОЖИАКБАРОВ олган сурат.