Шу йил 8 август куни Наманган шаҳрининг "Уч фаввора" хиёбонида Ўзбекистон мустақиллигининг 27 йиллигига бағишланган "Энг улуғ, энг азиз" кўрик-танловининг вилоят босқичига якун ясалди.
Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Маданият вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси, Журналистар ижодий уюшмаси, Бадиий академия, "Тасвирий ойина" ижодий уюшмаси, "Ўзбеккино" миллий агентлиги, Миллий телерадиокомпания ҳамкорлигидаги тадбирнинг ғолиблари эълон қилиниб, улар бирма-бир саҳнага чорландилар.
Тақдирлаш маросимида сўзга чиққан вилоят ҳокимининг ўринбосари Пахриддин Маткаримов танловнинг мазмун-моҳияти ҳақида гапириб, ғолибларни қизғин табриклади. Сўнгра мамлакатимиз пойтахти - Тошкентдан ташриф буюрган Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бош директори Лазиз Тангриев, Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нуриддинов, "Тасвирий ойина" ижодий уюшмаси бошқаруви раиси Исфандиёр Латиповлар турли ижодий йўналишдаги номинациялар бўйича ғолибликни қўлга киритган ижодкорларни биргаликда муборакбод этишиб, Диплом ва қимматбаҳо совғаларни эгаларига мамнуният билан эзгу тилаклар изҳорлашиб, тантанли равишда топширишди.
Кўрик-танлов ғолиблари сафида ҳамкасбимиз, назму насрда бирдай фаол қалам тебратаётган ёш адиба, вилоят "Ижодкор ёшлар" клуби раиси Манзура Абдуллаеванинг борлиги таҳририят ходимларини ҳам ғоят фахрлантиради. У яқинда "Наврўз" нашриётида чоп этилган "Китобхонлик: ўқиганларим ва уққанларим" номли илмий-публицистик китоби учун ёзувчилар ўртасида ғолибликка муносиб деб топилди.
Биз ҳамкасбимизни истиқлол байрами арафасида катта эътирофга сазовор бўлганлиги билан чин қалбимиздан қутлаб, унга янада янгидан-янги ижодий муваффақиятлар тилаб қоламиз.