Ҳудудлардаги мавжуд ижтимоий-иқтисодий вазиятни ўрганиш, муаммо ва камчиликларни бартараф этишга қаратилган Республика ишчи гуруҳи айни кунларда Янгиқўрғон туманида фаолият олиб бормоқда. Уларга бириктирилган турли соҳа вакиллари орасида тиббиёт ходимлари ҳам бор.
"Элатан" маҳалласида яшовчи иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 95 ёшли Қўчқорбой ота Жайлонов қишлоқнинг ёши улуғларидан. Яқинда отахон хонадонига кутилмаган меҳмонлар ташриф буюришди. Янгиқўрғон тумани кўп тармоқли марказий поликлиникаси бир гуруҳ шифокорлари қарияни ва унинг оиласи аъзолари саломатлигини обдон текшириб кўришди. Нуронийнинг соғлигини янада мустаҳкамлаш юзасидан маслаҳатлар берилди.
Навкентдаги 56-қишлоқ оилавий поликлиникаси бугун ҳар қачонгидан гавжум. Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасасида бир ҳафтадан буён чуқурлаштирилган тиббий кўрик ўтказилмоқда. Маҳаллий шифокорлар вилоят ва қўшни туманлардан келган ҳамкасблари билан ҳамкорликда барча депарадаги маҳаллаларда яшовчи кексаю ёшни қабул қилишяпти. Тадбир самарали ўтиши учун зарур шароитлар яратиб қўйилган. Ультратовуш текшируви, ЭКГ ва бошқа замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари узлуксиз ишлаб турибди. Шуниси эътиборга моликки, аҳоли ўртасида тиббий тарғибот ишлари ҳам кучайтирилмоқда. Мутахассислар соғлом турмуш тарзи тамойиллари, хусусан, соғлом овқатланиш ва фаол ҳаёт кечириш ҳақида тушунча беришяпти.
- Эл соғлигини янада мустаҳкамлаш масаласига устувор аҳамият қаратилаётганлигидан ғоят мамнунмиз. Қаранг, қанчадан-қанча шифокор ва мутахассислар ҳузуримизга келишган. Яратилган имкониятдан самарали фойдаланиб қолиш учун одамлар қишлоқ оила поликлиникасига ошиқишяпти. Мен ҳам оиламиздаги келину набираларим билан тиббий кўрикдан ўтдим, - дейди Людмила опа Маллабоева.
Бу каби дил изҳорларини кўпчиликдан эшитдик. Дарвоқе, бугун тумандаги 71 та маҳалла фуқаролар йиғини бўйлаб кенг қамровли иш олиб борилмоқда. Туман тиббиёт бирлашмасида тиббий фаолиятни мувофиқлаштириб турган махсус штабдан маълум қилишларича, 17 та тиббий бригада шакллантирилган. Минг нафардан зиёд энг малакали шифокорлар ва тажрибали патронаж ҳамширалари мазкур хайрли ишга сафарбар этилган. Уларнинг кучи билан ҳар куни беш минг нафардан зиёд аҳоли вакиллари тиббий кўрикдан ўтказиляпти. Уйида ётиб қолган беморлар хонадонларига алоҳида шифокорлар гуруҳи жўнатиляпти. Патронаж хизмати намунали йўлга қўйилган. Оилаларда тиббий маданиятни юксалтириш масаласи ҳам диққат марказида турибди.
Тиббиёт соҳасига оид муаммолар ўрганилиб, жойида ҳал этилмоқда. Аниқланган касалликларни зудлик билан даволаш чоралари кўрилаётир. Аҳолининг заиф қатламларини қўллаб-қувватлашга устувор аҳамият қаратилмоқда. Қисқаси, ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолдирилмаяти.
ҒАМХЎРЛИК ОҒУШИДА
Янгиқўрғон туманидаги "Юксалиш" маҳалласида яшовчи саксон ёшли Ўрмонжон ота Жўрабоевнинг орзуси ушалди. Энди у ҳовлиси ва кўчага чиқиш, ҳаракатланиш имкониятига эга бўлди. Оғир ҳасталик туфайли тўшакка михланиб қолган қарияга туман тиббиёт бирлашмаси тиббий-ижтимоий хизмати ходимлари ногиронлар аравачасини туҳфа этдилар.
Маълумки, айни пайтда туманда Республика Ишчи гуруҳи фаолият олиб бормоқда. Маҳаллалар ва оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳит ўрганилиб, мавжуд муаммолар ўрнида бартараф этиляпти. Жумладан, мазкур хонадонга ташриф чоғида кекса инсон томонидан билдирилган илтимос зудлик билан ҳал этилди. Саломатлик посбонлари шу билан бирга беморга малакали тиббий хизмат кўрсатиб, уни дарддан холос этиш чораларини кўришмоқда.
Жўрабоевлар хонадонига келган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов хастаҳол билан дилдан суҳбатлашди. Кекса авлод вакиллари ҳамиша ардоғда эканлигини таъкидлаб, Ўрмонбой отани безовта қилаётган касалликни самарали даволаш бўйича тегишли кўрсатмалар берди. Меҳнат фаҳрийси кўрсатилган эътибор ва ғамхўрлик учун давлатимизга миннатдорчилик билдириб, дуога қўл очди.
Бу туманда олиб борилаётган кенг қамровли тиббий тадбирлардан бир лавҳа, холос. Ҳар куни юзлаб хонадонларга кирилиб, аввало нуронийлар, туғиш ёшдаги аёллар ва болаларнинг ҳолидан хабар олинмоқда. Айниқса, сурункали касалликларга дучор бўлган фуқаролар, ўзгалар қаровига муҳтож, шу жумладан, ногиронларга меҳр ва мурувват кўрсатилмоқда. Уларнинг талабига кўра ногиронлик аравачалари, қўлтиқтаёқ ва эшитиш воситалари бериляпти. Шунингдек, эҳтиёж сезаётган кам таъминланган юртдошларимизга даволаниш ва саломатлигини тиклаш учун имтиёзли йўлланмалар тақдим этилмоқда.
- Бу жараён йил бошидан бери изчил давом эттирилмоқда, - дейди бошқарма бошлиғи Солижон Мўминов. - Ҳозирга қадар 2,5 минг нафардан зиёд ногиронлиги бўлган кишиларга ногиронлар аравачаси, ортопедик маҳсулотлар ва эшитиш мосламалари бепул тарқатилди. Яқин орада барча эҳтиёжмандларнинг талаби тўла қондирилади.
НУРОНИЙЛАР ИБРАТИ
Азиз ва табаррук инсонларнинг намунаси ҳамиша ёш авлод учун ибратдир. Куни кеча Янгиқўрғон тумани марказидаги 1-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ўйингоҳига келган бир гуруҳ кекса авлод вакиллари туманда кечаётган кенг қамровли соғломлаштириш тадбирлари доирасида фаоллик намойиш этиб, соғлом турмуш тарзининг тарғиботчилари сифатида майдонга чиқдилар.
Спорт-соғломлаштириш жараёнларидаги саъй-ҳаракатлар кўпчиликни ҳайратда қолдирди. Нуронийлар дастлаб стадион узра юриш қилишди. Кейинчалик ёшлар билан шахмат-шашка мусобақасида ўз маҳоратларини намоён этишди. Минифутбол беллашувларида ҳам уларнинг қатъияти ва шижоати акс этиб турди.
Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот институти вилоят бўлинмаси ва Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамоат бирлашмаси шаклидаги "Нуроний" жамғармаси Янгиқўрғон туман бўлими билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбир иштирокчилари "Саломатлик сабоқлари" машғулотларига ҳам таклиф этилдилар. Мутахассислар уларга соғлом овқатланиш ҳақида илмий-оммабоп фильм воситасида қимматли маслаҳатлар бердилар.
- Туманимизда истиқомат қилувчи қариялар ҳам фаол турмуш кечириш, ёшларни соғлом ҳаётга ундаш, зарарли одатларга қарши курашиш борасида изчил фаолият кўрсатишмоқда, - дейди "Нуроний" жамғармаси туман бўлими раҳбари Мавлонжон ака Абдуллаев. - Улар спортнинг у ёки бу тури билан мунтазам шуғулланишади. Бадан тарбия ва пиёда юриш инсон саломатлигида ғоят муҳимлигини йигит ва қизларимизга уқтиришгани-уқтиришган.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов ва "Нуроний" жамғармаси вилоят бўлими бош мутахассиси Абдурашид Болтабоевлар мазкур тадбирнинг аҳамияти, мамлакатимизда халқ саломатлигини муҳофаза қилиш, аҳолига замонавий тиббий хизмат кўрсатиш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатлар ҳақида гаприб, акция қатнашчиларига эсдалик совғаларини топширишди.
Шуниси эътиборга моликки, тадбир ниҳоясида "соғлом турмуш тарзи тарғиботчилари"нинг саломатлиги туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси тор доирадаги мутахассислари томонидан чуқур кўрикдан ўтказилди.
Абдулла ҒОЗИЕВ.