Инсон умрининг зиёдалиги унинг соғлигига боғлиқ. "Соғлигинг - бойлигинг", "Соғ танда-соғ ақл" деган иборалар бесабаб тўқилмаган. Бу ҳаётий ҳақиқатнинг беинкор иқрори ифодасидир. Тирикликнинг мазмуни, ҳаётнинг ширинлиги тўрт мучанинг соғ­лигидан ибтидоланади. Ахир тани сиҳатликдан шодлик туғилса, бетобликда ғамлик болалайди. Катта-кичик буни бошидан кечиргани кечирган. Шу боис, барчамиз соғ­лигимизни ўйлаб яшаяпмиз, салгина тобимиз қочса, дунё қўзимизга қоп-қоронғу бўлиб кетади. Беихтиёр нажоткорлар кўмагига эҳтиёж сезамиз. Улар ҳузурига шошиламиз. Кутилмаганда, қўққисдан ёки бемаҳал пайтларда дард қўзғолса борми, ўша заҳоти "103"га қўнғироқ қиламиз. "Тез ёрдам"­чиларни чақирамиз. Ҳар икки ҳолатда ҳам "ўзимизга келишимиз" оқ халатли халоскорларнинг ҳаракатларига боғлиқ, албатта.

Мамлакатимизда барчанинг тиббий хизматдан баббаравар фойдаланиши қонун билан кафолатлаб қўйилгани инсонпарвар жамиятда яшаётганимиз туфайлидир. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 40-моддасида белгилаб қўйилганидек: "Ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга". Халқимизнинг бу хуқуқдан фойдаланиш учун яратилаётган шароитлар йилдан йилга яхшиланмоқда, имкониятлар эса тобора кенгайтириляпти.

Ҳозирда мустақиликнинг 27 йиллигини нишонлаш арафасида турган эканмиз, беихтиёр ўтган йилларда ҳаётга тадбиқ этилган тиббий тадбирларни мамнуният билан эслашга бурчлимиз. Юртимизда эл соғлигини мустаҳкамлашга қаратилган кенг қамровли эзгу ишлар изчил йўлга қўйиб келинмоқда. Айниқса, Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг ташаббуслари ва раҳнамоликларида 2000 йил - "Соғлом авлод йили", 2001 йил - "Она ва бола йили", 2005 йил - "Сиҳат-саломатлик йили", 2006 йил - "Ҳомийлар ва шифокорлар йили", 2010 йил - "Баркамол авлод йили", 2014 йил - "Соғ­лом бола йили", 2016 йил - "Соғлом она ва бола йили" деб эълон қилиниши халқимизга кўрсатиладиган беқиёс ғамхўрликларнинг ёрқин ифодаси бўлди. Чунки шунга мувофиқ ҳар бир йил учун алоҳида Давлат дас­турлари ишлаб чиқилиб, унинг изчил ижроси таъминланди.

Энг диққатга сазовори, Биринчи Президентимизнинг 2009 йил 6 августдаги "Наманган шаҳрини 2009-2012 йилларда ободонлаштириш ва инфратузилмасини ривожлантиришга оид дастури тўғрисида"ги ПҚ-1170-сонли қарори доирасида амалга оширилган бунёдкорлик тадбирида вилоят тиббиёт муассасаларига алоҳида эътибор қаратилди. Намангандаги соғлиқни сақлаш масканларини қайта қуриш ва мукаммал таъмирлаш жараёнлари жадаллаштириб юборилди. Бунга Юртбошининг "Республика тиббиёт муассасалари фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-700-сонли қарори асосида вилоятдаги барча даволаш-профилактика муассасаларида тўлиқ инвентиризация ўтказилиб, 2009-2012 йиллар вазифаси янада аниқлаштириб олингани айни муддао бўлди. Давлат томонидан бажариладиган ишларга мувофиқ равишда пул-маблағлар ажратилди. Натижада белгиланган йил давомида биргина Наманган шаҳрининг ўзида катта ҳажмдаги бунёдкорлик тадбирлари амалиётининг изчиллигига эришилди. Яъни "Оромгоҳ" массивидаги 6- поликлиника, шаҳар тибиёт бирлашмасининг "Болалар бўлими", "Лола бўлими" 1,-2,-3- шифохоналари, шаҳар болалар шифохонасининг туғруқ комплекси, эндокринология касалхонаси, шаҳар силга қарши кураш диспансери, Республика Акушерлик ва гинекология илмий-текшириш институти Наманган филиали (ҳозирги перинатал марказ), кардиожарроҳлик маркази, вилоят ОИТС маркази биноларининг кўркам қиёфаси-ю, ички хизмат кўрсатиш шароитлари, беморларга яратилган қулайликлари замон талабларига мос ҳолатга келтирилди.

Шунингдек, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, шаҳар марказий шифохонаси реконструкцияси, вилоят қон қуйиш марказини янги бинога кўчириш, онкология шифохонасини энг сўнгги русумдаги тиббий аппаратлар билан жиҳозлаш борасида кўзга кўринарли ишлар рўёбга чиқарилди.

Маълумки, 2011 йил - "Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили" сифатида тиббиёт тизимининг нодавлат соҳаси ривожида ўзгача из қолдирди. Ўша йили бизнинг газетамизда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг нодавлат тиббиёт муассасалари томонидан кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини назорат қилиш бўйича бош мутахассиси Назиржон Давлатовнинг "Хусусий тармоқ равнақ топади" деган мақоласи бежиз эълон қилинмаган. Унда: "Вилоятдаги 156 та нодавлат шифо масканида меҳнат қилаётган, тадбиркорлик билан эл саломатлигини сақлашга ҳисса қўшаётган мутахассис шифокорлар хизматидан хал­қимиз мамнунлиги таъминланмоқда. Айниқса, "Сайдана - Люксембург" МЧЖ қўшма корхонаси, "Рефлектор" кўп тармоқли хусусий шифохонаси, "Рустам ультра сервис", "Муттацин агорсервис", "ЗЗЗ кўз қорачиғи офтальмология маркази", "Уйчи Лор сервис" хусусий, "Жовани моҳир" МЧЖ, "Муродилла ҳожи шифо медсервис", "Фазилат медикал" каби нодавлат тиббиёт муассасалари фаолияти айниқса диққатга сазовор" деб ёзилганининг ўзиёқ хусусий секторнинг хизмат доираси кенгайиб ҳамда яхшиланиб борганлигини ифодалайди, албатта.

Истиқлол шарофати билан шифокорларни шарафлашга эътироф тобора кучайтирилди. 2006 йилдан ноябрь ойининг иккинчи якшанбасини мамлакатимизда "Тиббиёт ходимлари куни" сифатида нишонлаш белгилаб қўйилди. Юртбошимиз Фармони билан ҳар йили мустақиллик байрами арафасида илғор тиббиётчилар юксак унвон ҳамда орден ва медаллар билан тақдирланади.

Касб байрами муносабати билан Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан эса бир гуруҳ врач ва ҳамшираларга "Соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишонини бериш анъана тусига киритилди.

Рағбат ва сийловлар тиббиёт ходимларининг ҳалол ва фаол хизмат кўрсатиш иштиёқини янада оширмоқда. Зеро, халқи соғ­лом мамлакатнинг бугуни ҳам, эртаси ҳам қудратли бўлади. Демак, юрт қудратига қудрат қўшишдек эзгу курашнинг олдинги сафларида бораётган оқ халатли наманганликлар истиқлол ва истиқбол фидойилари сифатида улуғлашимизга ҳамиша муносибдирлар.

Содиқ САЙҲУН.

(Давоми бор)