Пойтахтдан ташриф буюрган тиббиёт фанлари доктори, профессор Рустам Акалаевнинг "Маҳорат дарс"лари наманганлик тиббиётчилар учун айни муддао бўлди.
Маълумки 2018 йил 12 июлда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев "Ўзбекистон Республикаси аҳолисига нефрология ва гемодиализ ёрдами кўрсатиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" қарор қабул қилди. Бундан кўзда тутилган асосий мақсад соҳадаги мавжуд муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиш ва камчиликларга барҳам бериш, шунингдек, замонавий инфратузилмасини ривожлантиришни таъминлаш ва нефрологик касалликлардан азоб чекаётган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини сифат жиҳатдан яхшилашдир. Шунинг учун аҳолига нефрология ва гемодиализ ёрдам кўрсатиш бўйича республикадаги таниқли мутахассислар вилоятимизга келишиб, ўзларининг билим ва тажрибаларини ҳамкасбларига ўргатишмоқда.
Чунончи, ўтган ҳафта Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази токсикология клиникаси бўлими раҳбари, Тошкент врачлар малакасини ошириш институти шошилинч тиббий ёрдам кафедраси профессори Рустам Нурмуҳаммедович Акалаев Наманганда бўлди. Дастлаб вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида соҳадошлари олиб бораётган ишлар билан яқиндан танишди. Бу ердаги ишлардан мамнунлик туйди. Кейин эса устознинг фойдали сабоқларини олишга тўпланилди.
Тадбирни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Ботиров очар экан, Президентимиз қарорларидан келиб чиқадиган долзарб вазифаларга барчанинг эътиборини қаратди. Пойтахтлик юқори малакали мутахассис Р. Акалаев томонидан "Маҳорат дарси" машғулоти слайдлар ёрдамида қизиқарли ўтказилди. Устозга РШТЁИМ Наманган вилоят филиалининг токсикология ва ЭКД бўлими мудири Баҳром Мавлонов кўмаклашди. Беморларнинг аҳволини яхшилаш учун энг замонавий тиббий аппаратлардан ва дори-дармонлардан қандай фойдаланиш кераклиги тўғрисидаги маъруза барчада бой таассуротлар қолдирди. Маъруза якунлангач, савол-жавоблар ҳам қизғин тусга кирди.
Худди шундай тадбир туманларга чиқиб ҳам ўтказилди.
Рустамали МАМАДАЛИЕВ.