Тошкент давлат иқтисодиёт университети доценти, иқтисод фанлари номзоди Муҳаммаджон Қосимовни долзарб мавзулардаги кўрсатувлар орқали яхши танийман. Олимнинг ҳар қандай тингловчини ўзига тортадиган савол-жавоби, жўн ва содда, ишонтира оладиган мисоллари, самимий мулоқотлари, ўйлайманки, кўпчилик томошабинлар хотирасида муҳрланиб қолган.

Яқинда уни Уйчи туманининг Хизробод адирликларида учратдим. Ёзнинг жазирамасида олим шогирдлари билан дала айланиб юрибди. Олим билан салом-алик қилгач, дала шийпони томон йўл олдик. Дарахт соя­сида нафас ростлаб олгач, бу жазирамада дала кезиб юриши сабабини сўрадик.

- Президентимиз олимлар билан ўтказган қатор учрашувларида биз, илм аҳлига бутун дунёни лол қолдирган аждодларимизга муносиб бўлиш, мамлакат ривожига асос бўладиган янгиликларни кашф қилиш ва уларни ҳаётга татбиқ этиш борасида тавсия, топшириқлар бермоқда, - дейди Муҳаммаджон Қосимов. - Ана шу масъулиятни дилдан ҳис қилган олийгоҳимиз жамоаси қатор муассасалар билан ҳамкорликда "Вилоят туманларини босқичма-босқич юқори бюджет қарамлигидан чиқариш" борасида кенг кўламли ишларни олиб бормоқда. Бу борада жорий йилнинг январь ойида вилоят ҳокими муҳим ҳужжатни имзолади. Ундан кўзланган мақсад халқаро, маҳаллий тажрибаларни пухта ўрганиш, умумлаштириш, мослаштириш, ишлаб чиқаришга татбиқ этиш, дастур ижросини таъминлаш, танлаб олинган Уйчи тумани мисолида эришилажак натижалар, хулосаларга таянган ҳолда таклифлар киритиб, барча туманларнинг даромад базасини кенгайтиришдан иборатдир.

Олимнинг гапларидан англадикки, бу борада эътироф этса арзигулик натижаларга ҳам эришилаётган экан. Айниқса, топинамбур экинини парваришлаш, ҳосилни қайта ишлаш, ҳамкор ташкилотлар билан ундан истеъмол уни тайёрлаш ва маҳсулотни ички, ташқи бозорларга сотиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар ўзининг ижобий натижаларини бермоқда.

- Фермер хўжалигимиз кўп тармоқли ҳисобланади, - дейди "Уйчиобод замини" фермер хўжалиги раҳбари Барнохон Мирзамова. - Жорий йилда 30 гектар ердаги ғалладан 65 центнердан уруғлик дон олиб, шартномавий режани 120 фоизга уддаладик. Пиллачиликдаги ютуқларимиз ҳам арзигулик. 36 гектар майдондаги ғўзаларимиз ҳам баравж ўсмоқда. Ҳар тупида 6-7 тадан бўлиқ кўсак бор. Бу йил камида 40-42 центнерлик маррани кўзлаяпмиз. Хорижда ва ўзимизда ишлаб чиқарилган замонавий техникаларимиз билан фермерлар ва аҳолига хизмат кўрсатиб ҳам яхши фойда кўряпмиз. Асалариларимиздан келаётган даромад эса йилига 30-35 миллион сўмни ташкил қиляпти. Ўтган йили 0,40 гектар ерга топинамбурнинг "Мўъжиза" навини экиб, мўл ҳосил кўтаргандик. Бухоролик фермерлар 60 миллион сўмга баҳолашиб, уруғликка олиб кетишди. Бу йил Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамда қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда 2 гектар майдонга топинамбурнинг юқорида тилга олинган навини экдик. Унинг баравж ўсаётгани ҳосил мўл-кўл бўлишидан дарак бермоқда.

Ҳа, куч - бирликда! Буни ҳамкорликда қўлга киритилаётган ушбу ютуқ ва натижаларда ҳам кўриш мумкин. Таркибида 500 хилдан кўпроқ биологик фаол моддалар бўлган, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 12 та касалликни даволаш йўлида овқатланиш рационига киритилган топинамбур энди Хизрободда ҳам қайта ишланади.

Ишни "Ер ноки - соғлом овқатланиш омили" номли китоб чоп этишдан бошлаган лойиҳа масъуллари хўжаликнинг бўш ётган биносини Хитойдан олиб келинган ва ўзимизда ихтиро қилинган дастгоҳлар билан жиҳозлади. Демак, ҳамкорликда амалга оширилаётган бу янгилик келгуси йилдан вилоятнинг бошқа туманларида ҳам татбиқ этилади.

Равшанбек МИРЗАОЛИМОВ.