Солижон МЎМИНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси

Республикамиз парламентининг Юқори палатаси ўн бешинчи ялпи мажлисида давлатимиз ва жамиятимиз тараққиётига хизмат қилувчи кўплаб ҳужжатлар қабул қилинди. Муфассалроқ изоҳ берадиган бўлсак, Сенат ваколатларига кирувчи 23 та масала, шу жумладан, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлашга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилувчи 10 та қонун кўриб чиқилди. Ялпи мажлисда маъқулланган қонунлардан бири "Медиация тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунидир.

Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикасида низоларни тартибга солишнинг муқобил усулларини ривожлантириш учун ҳуқуқий шарт-шароитлар яратишдан, мамлакатимиз суд тизимида иш ҳажмини камайтиришдан иборат.

Ушбу Қонун фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан, шу жумладан, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш муносабати билан келиб чиқадиган низоларга, шунинг­дек, якка меҳнат низоларига, оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга медиацияни қўллаш билан боғлиқ муносабатларга нисбатан татбиқ этилади. Шуниси эътиборлики, ушбу Қонун медиацияда иштирок этмаётган учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, жамоат манфаатларига дахл қиладиган ёки дахл қилиши мумкин бўлган низоларга нисбатан қўлланилмайди.

Қонуннинг 4-моддасида медиация ҳақидаги асосий тушунчалар ифодаланган. Жумладан:

медиация - келиб чиққан низони тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиши учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал қилиш усули;

медиатор - медиацияни амалга ошириш учун тарафлар томонидан жалб этиладиган шахс;

медиатив келишув - медиацияни қўллаш натижасида медиация тарафлари томонидан эришилган келишув;

медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисидаги келишув - тарафларнинг тузилган пайтдан эътиборан медиация тартиб-таомили амалга ошириладиган келишуви;

медиацияни қўллаш тўғрисидаги келишув - низо келиб чиққунига қадар ёки у келиб чиққанидан сўнг тарафларнинг низони медиация тартиб-таомилини амалга оширган ҳолда ҳал этиш зарурлиги тўғрисида тузилган келишуви.

5-моддада қайд этилганидек: медиация - махфийлик, ихтиёрийлик, тарафларнинг ҳамкорлиги ва тенг ҳуқуқлилиги, медиаторнинг мустақиллиги ва холислиги принциплари асосида амалга оширилади.

Қонунда медиаторнинг фаолияти профессионал ёки нопрофессионал асосда амалга оширилиши мумкинлиги мустаҳкамлаб қўйилган. Профессионал асосдаги медиатор фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган медиаторларни тайёрлаш дастури бўйича махсус ўқув курсидан ўтган, шунингдек, Профессионал медиаторлар реестрига киритилган шахс амалга ошириши мумкинлиги Қонунда назарда тутилган.

Нопрофессионал асосдаги медиатор фаолиятини йигирма беш ёшга тўлган ва медиатор вазифаларини бажаришга розилик берган шахс амалга ошириши мумкин.

Медиаторлар далилларни текширмайди ва тарафларнинг талаблари қонунийлигига баҳо бермайди, аксинча тарафлар ўртасида бир-бирларини тушунишга, ўзаро мақбул шартларда муаммони ҳал этиш имкониятларини излаш ва ҳал этишга кўмаклашади.

Медиация жараёни мажбурийлик кучига эга бўлмаган, тарафларнинг ихтиёрийлигига асосланган конфиденциал жараён. Бу низолашаётган тарафларнинг ўз ихтиёрларига кўра танлаб олинган, бетараф учинчи шахснинг воситачилигида, шартномавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан низони ўзаро муроса - ярашув йўли билан ҳуқуқий асосда ҳал этишдир.

Таъкидлаш жоизки, "Медиация тўғрисида"ги қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2018 йил 12 июнда қабул қилинган ва Сенат томонидан 28 июнда маъқулланган. 4 июль куни матбуотда эълон қилинган. Ушбу Қонун 2019 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.