Республика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг "Маҳорат дарслари"га эътиборни кучайтиргани ҳам бежизмас. Чунки пойтахтдаги тиббиёт муассасаларида иш олиб бораётган пешқадам олим-шифокорларнинг юксак билим ва мукаммал малака салоҳиятидан вилоят, шаҳар ҳамда туманларда фаолият кўрсатаётган врачларни баҳраманд қилиш беморларга ташҳис қўйиш, уларни даволашда юқори самарага эришишни таъминловчи муҳим омиллардан бири ҳисобланади.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган вилоят филиалидаги "Маҳорат дарслари"ни бу сафар пойтахтдан ташриф буюрган марказнинг травматология бўлими мудири, тиббиёт фанлари доктори Тоҳир Мусаев олиб борди. Ўз соҳасининг чинакам устасига айланган педиатр-жарроҳ йигирма уч йиллик тажрибага эга. Устоз олим ўтган давр ичида ўнлаб мутахассис шогирдларни тарбиялаган. Травматология ва жарроҳлик бўйича нафақат республикамиздаги балки жаҳондаги янгиликлардан доимий бохабар. Тинимсиз изланишлари билан илму - фан ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

- "Маҳорат дарслари"ни икки мақсадда ташкиллаяпмиз,-деди Тоҳир Сиддиқович. - Биринчиси, шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож беморларга янги технологияларни қўллаб, ҳамкасбларга янги жарроҳлик амалиётларини ўргатиш. Иккинчиси, кўргазмали операциялардан сўнг назарий машғулотлар ўтказиб, тиббиётнинг ҳозирги замон ва умуман дунёдаги энг кучли давлатларда қандай янги амалиётлар қўлланилаётганини таништириш. Сабаби, соҳадаги тажриба, малака ва ҳамкорлик муолажадаги имкониятларни янада кенгайтиради.

Биз жараёнлар акс эттирилган видеотасмани кўриш асносида олим-шифокорнинг ҳам амалий, ҳам назарий машғулотлари ғоят муваффақиятли ўтганлигига тўла ишонч ҳосил қилдик.

Чунончи, беш ёшли Лола Исроилжонова елка суяги шикастлангани ҳолда марказга келтирилганида, унинг бахтига уста жарроҳ кўргазмали амалиётга тайёр турган эди. Тоҳир Мусаев ёнига травматолог-жарроҳларни олиб, қизчанинг синган бўғимларини очмасдан ўзининг мосламалари билан маҳорат машғулоти амалиётини моҳирона уддалади. Азоб чекиб ётган бола тезда оғриқдан фориғланиб, кўзини очди, юзига табассум югурди. Шифокорнинг қатъий хулоса билан айтишича, Лоланинг бўғимлари ҳаракати роса бир ойдан кейин тўла тикланиб кетади.

Ўн ёшли Аббос Икромов ва Аюб Камолиддиновлар эса қаттиқ шикастланиб, мияси чайқалган, бўйин қисми жароҳатланган. Ёпиқ ҳолатдаги бундай шикастланиш асоратларини йўқотиш учун бир гуруҳ ҳамкасблар домла билан ҳамкорликда кўргазмани операцияларни амалга оширишди. Икки кун давомида 5 та жарроҳлик амалиёти бажарилди. Беморлардан Роҳила Ғайбуллаева ва Акмал Собировлар ҳам қўли енгил моҳир жарроҳнинг намунали машғулотида "кўргазма" ролини ўйнашди. Улар юқори малакали шошилинч тиббий ёрдам туфайли оғир асоратлар қолмай, синган суяклари битиб соғликларини тезроқ тиклаб олиш имкониятига эга бўлишди, десак ҳам асло муболаға эмас.

"Маҳорат дарслари"нинг назарий қисми янада қизиқарли, янада янгиликларга бой тарзда уюштирилди. Ундан шаҳар ва туманлардан келган 50 нафар травматолог-жарроҳлар баҳраманд бўлишди. Савол-жавоблар эса янада мароқли кечди.

Мураббий шифокор Тоҳир Мусаев белгиланган муолажа вақтини ғоят самарали ўтказишга ҳаракат қилди. 18 та бемор аҳволи билан синчиклаб танишди, компьютер орқали диагностик кузатув ва таҳлиллар олиб борди. Зарур муолажаларни белгилаб берди.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали травматология бўлими мудири Неъматжон Юсуповнинг эътироф этишича, "Маҳорат дарслари"да кутилган натижаларга эришилди. Устоздан ғоят қимматли сабоқлар ўзлаштирилди. Бу эса кичик жамоани беморларни даволашда катта ютуқларни қўлга киритишида жуда-жуда асқотаверади.

Содиқ Сайҳун.