Мустақиллик неъмати улкан ниятлар ва юксак орзуларни рўёбга чиқарди, Ватан равнақи йўлида хизмат қилиш, фарзандлар камоли учун ғамхўрлик кўрсатиш, кексаларни эъзозлашдек эзгу амалларни бизга ҳамроҳ этди, ҳеч кимдан кам бўлмаган жамиятни барпо қилиш саодатига етказди. Бинобарин, ривожланишнинг ўзимизга хос ва мос йўли - "Ўзбек модели" асосида барча соҳада, жумладан, тиббиёт тизимида кенг кўламли ислоҳотлар босқичма-бос­қич ва изчиллик билан амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида бирламчи тиббий санитария ёрдамини кўрсатувчи қишлоқ врачлик пунктлари, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларидан тортиб, юқори технологияли тиббий хизматлар кўрсатувчи республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларигача барча даражаларни қамраб олган аҳолига тиббий хизмат ёрдам кўрсатишнинг яхлит ва мукаммал ташкилий тузилмаси яратилди.

Бугун тиббиёт соҳасида қўлга киритилаётган ижобий ютуқлар мамлакатимизда аҳолининг репродуктив саломатлигини асраш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, пировардида жамиятда соғлом ва барқарор муҳитни қарор топтириш борасида амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини бераётганидан далолатдир.

Истиқболда ушбу йўналишдаги чора-тадбирлар кўлами янада кенгайиши шубҳасиз.

Мамнуният билан таъкидлаш жоизки, мустақилликнинг илк кунлариданоқ, давлатимиз томонидан ҳар бир соҳага катта эътибор қаратилиб, фаолиятлар изчиллиги туфайли мисли кўрилмаган ижобий ўзгаришлар рўй бериб, диёримиз таниб бўлмас даражада янгича қиёфа кашф этди. Алалхусус барча ислихотларимиз натижаси, саъй-ҳаракатларимиз самарасида инсон, унинг саломатлиги муҳим аҳамият касб этади. Саломатлик - туман бойлик. Тан саломатлиги жон роҳати. Бинобарин, бу ҳақда гап борганда, халқимизнинг дурдона ҳикматларини яна кўплаб келтириш мумкин.

ЎзХДП Янгиқўрғон туман кенгаши ва туман тиббиёт бирлашмаси билан ҳамкорликда "Соғлом ва маънавий етук ёшлар - миллат таянчи", "Яшаш бахти" мавзуларида ўтказилган тадбирда ҳам ана шу ҳақда сўз борди.

Анжуманда тиббиёт ходимлари, туман партия кенгаши фаоллари, уюшмаган ёшлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбирда сўз олган тиббиёт соҳаси вакилларидан Жакбарали Қурбонов, Раҳимжон Мадраҳимов, Ғайратжон Халилов, Тўланбой Аҳмедов, Қосимжон Усмонов, Асқаржон Ўринов, Қудратжон Ҳожибоев, Марямхон Турғунова ва бош­қалар халқимиз турмуш шароитини яхшилашга доир чора-тадбирлар тизимида соғлиқни сақлаш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш алоҳида ўрин тутиши, инсон соғ-саломат экан, ишида унум, турмушида ҳаловат бўлиши, эртанинг умиди билан яшаши, мус­тақилликнинг дастлабки йиллариданоқ тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар эзгу мақсадга қаратилганлиги билан аҳамиятли эканлигини, соҳа ривожи ва ушбу тизимдаги сифат ўзгаришларини таъминлаш борасида изчил саъй-ҳаракатлар амалга оширилаётганлигини таъкидлашди. Шунингдек, гиёҳвандлик, ОИТС, эрта турмуш қуриш, қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари ҳам маърузачилар диққат марказида бўлди.

Дарҳақиқат, миллат соғлигини асраш, жисмонан ва руҳан баркамол авлодни вояга етказиш фаровон келажагимиз кафолатидир. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида барча соҳалар қатори соғлиқни сақлаш тизимида ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Вилоятимизда тиббиёт муассасаларининг моддий базасини мустаҳкамлаш, уларни энг замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари билан таъминлаш, шифокорларнинг касб маҳоратини ошириш бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.

Савол-жавоб, эркин мулоқот, амалий таклифлар ва мунозаралар руҳида ўтказилган минтақавий ўқув-семинарида билдирилган фикрлардан келиб чиқиб келгусидаги устувор вазифалар юзасидан тегишли тавсиялар қабул қилинди.

Дилафрўз ПАТТАЕВА,

Янгиқўрғон туман тиббиёт бирлашмасидаги

ЎзХДП бошланғич партия ташкилоти раиси.