Ҳаёт гултожи бўлмиш Ҳазрати инсон учун ҳамма нарсадан қимматли ва азиз неъмат - бу унинг саломатлигидир. Тану жонингиз соғ бўлса, ишингизда унум, турмушингизда ҳаловат, рўзғорингизда барака бўлади. Акс ҳолда олам кўзингизга тор кўриниб, ўзингизни қаерга қўйишни билмай, беихтиёр "103"га қўнғироқ қиласиз...
Тиббиёт ходимларининг мураккаб ва масъулиятли меҳнатлари туфайли сиз каби беморларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, соғломлаштириш ва даволаш ишлари туманимизда яхши йўлга қўйилган. Янгиқўрғон туман тез тиббий ёрдам Нанай ҳудудий бўлими фаолияти мисолида бунга ўзингиз амин бўласиз.
Туман марказидан қирқ чақиримча шимолда жойлашган Нанай қишлоқ шифохонасининг олий маълумотли 10 нафар врач ва ўрта махсус маълумотли 50 нафар ҳамширалари Нанай, Кўкёр, Мўғол, Оқтом, Қизилёзи ва Мамай қишлоқларининг 27 минг нафар аҳолисига хизмат кўрсатади.
Икки қаватли шифохонанинг мавжуд болалар, ички касалликлар ва туғруқхона бўлимларида бир пайтнинг ўзида 60 бемор саломатлигини тиклай олади. Шунингдек, шифохонадаги тез тиббий ёрдам машинаси орқали бир кеча-кундуз давомида 25-30 беморнинг чақирувига асосан уй шароитида беминнат хизмат кўрсатилса, физиотерапия бўлими, лаборатория, диагностика учун ЭКГ ва рентген хоналарининг мунтазам ишлаб турганлиги диққатга сазовордир. Биринчи ёрдам ва тез тиббий ёрдам бўлимидаги дори-дармонлар беморлар учун 100 фоиз бепул берилади.
Жамоанинг саъй-ҳаракатлири билан бир йил аввал туғруқхона бўлимида алоҳида амалиёт хонаси ташкил этилди. Яна шуни таъкидлаш жоизки, беморларга қулай ва сифатли ёрдам кўрсатиш мақсадида Нанай шифохонаси таркибида, Кўкёр қишлоғида 2-тез тиббий ёрдам бригадаси ташкил этилган.
Шифохонага ётқизилган беморлар хасталикларининг даражасига қараб, 10 кунгача даволанадилар. Муолажанинг давомийлиги зарур бўлса, марказий шифохонага юборилади. Шифохона ходимлари беморларнинг кўнглини олиш, уларга сифатли хизмат кўрсатиш пайидан бўлиб, меҳр ва ширин каломларини аямайдилар. Врач-терапевт Бузахро Ҳабибуллаева, туғруқхона бўлими врачи Зулфизар Умрзоқова, тез тиббий ёрдам бўлими врачи Назирахон Абдураззоқова ва хўжалик бўлими мудири Шаҳло Қодирова каби халоскорлар халқ эътирофига мушарраф бўлаётганлари қувонарли, албатта.
Туман марказий шифохонасининг жонлантириш бўлимидаги ўн етти йиллик фаолияти давомида даволаш сир-асрорларини миридан-сиригача ўзлаштирган, олий тоифали анистизиолог-реаниматолог Маматкарим Исматов ўн тўққиз йилдан буён Нанай қишлоқ шифохонасининг бош врачи лавозимида бенуқсон фаолият юритиб келаётир. Шифохонада сўнгги ўн йилдан зиёд вақт мобайнида оналар ва болалар ўлими содир этилмаганининг ўзи фикримизни тасдиқлаб тургандай.
М.Исматов жамоат ишларида фаоллиги, раҳбар сифатидаги уддабуронлиги, адолатли ва меҳрибонлиги билан ҳам таҳсинга сазовордир.Бир гап билан айтганда, Маматкарим чинакам шифокорга хос фазилати, самимияти, ширинсухан, маданиятли ва камтарлиги билан нафақат беморлар ёки жамоа, балки туман тиббиётчилари орасида ҳам ибратлидир. Унинг самарали меҳнатлари туман ҳокимлиги, туман ва вилоят тиббиёт бирлашмалари раҳбариятлари томонида ҳар йили муносиб тақдирлаб келинмоқда. Шунингдек, эл саломатлиги йўлидаги фидокорона хизмати қадрланиб, у Ўзбекистон мустақиллигининг 10 ва 15 йиллиги эсдалик нишонлари билан тақдирланган.
- Хасталикнинг тури кўп. Уни даволашдан аввал аниқ ташхис қўйиб олиш муҳим, - дейди биз билан суҳбатда М.Исматов. - Энг муҳими ҳар бир инсон озодалик ва шахсий гигиенага қатъий амал қилиши шарт. Айни дамларда ҳар бир оилада тиббий маданиятни ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида патронажларимиз уйма-уй юриб, тарғибот-ташвиқот ишларини амалга оширмоқдалар.
Нанай шифохонасининг икки гектарлик ҳудуди 200 дан зиёд кўм-кўк мевали ва манзарали дарахтлар, ўтлар, ранг-баранг 100 туп атиргул, 1000 туп бетуня ва 500 туп лола гуллари билан тароватли, сўлим ва саришта. Айниқса, ҳовлида сайр қилган одам бу масканнинг покизалигидан дили яйрайди.
Нанай қишлоқ шифохонасини замонавий даволаш масканига айлантириш, яъни мукаммал реконструкция қилиш учун ўтган йили давлат бюджетидан 2 миллиард 390 миллион 272 минг сўм маблағ ажратилган бўлиб, қурилиш ташкилотлари томонидан белгиланган ишлар муддатида сифатли амалга оширилди. Ёки қисқа вақт ичида бино томи тўла бузилиб, замон талаблари асосида қайта ёпилди. Эшик-деразалар алмаштирилиб, барча хоналарга замонавий мармар ётқизилди, зарур ўринлар линолеум билан қопланди. Ҳар бир хона канализацияга уланиб, иссиқ ва совуқ сув билан таъминланди. Қаттиқ ва юмшоқ мебеллар билан етарли даражада таъминланиб, замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари билан жихозланди.
Юртбошимизнинг халқпарвар сиёсати ва ғамхўрлиги туфайли юқори ҳудуддаги 27 минг нафар тумандошларимиз шаҳарликлардан кам бўлмаган даражадаги шифо масканига эга бўлдилар. Бундан эса нанайликлар ҳам, шифохона жамоаси ҳам, қолаверса туманимиз раҳбарлари ҳам миннатдорлик ҳиссини туймоқдалар. Шифохона жамоасидан эса бундай бағрикенглик ва ғамхўрликка жавобан виждонан меҳнат қилмоқликлари талаб этилади.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, халқнинг халаскори дея эътироф этиладиган шифокор таъмалардан йироқ, тили-дили бир, имони бутун, кўнгли халатидай беғубор, билимли, ўз ишига уста бўлиш билан эл ўртасида катта ҳурмат ва ишончга сазоворликка эришадилар. Буни нанайлик нажоткорлар ҳамиша унутмасликларига умидвормиз.
Қамбар ҲАЙДАР.