САЙЁР СУД ВА ОЧИҚ МУЛОҚОТ

Маъмурий судлар томонидан фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида суд мажлислари аҳоли яшаш жойларида аҳоли иштирокида ўтказилмоқда. Жорий йилнинг июль ойида Поп туманининг "Янги Хўжаобод" маҳалла фуқаролар йиғини биносида сайёр суднинг навбатдаги мажлиси ташкилланди.

Унда маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари содир этган 10 нафар шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 133-моддасига асосан жарима жазолари тайинланди.

Очиқ мулоқот тарзида ташкилланган суд мажлисида туман маъмурий суди раиси Самаджон Қодиров фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишга қаратилган сайёр суд мажлисларида фаолликка эришиш лозимлиги, бунинг учун эса оммавий ахборот воситалари орқали ҳамда маҳаллаларда тарғибот ишларини янада кучайтириш кераклиги хусусида гапирди.

Фуқаролар билан савол-жавоб ҳамда очиқ мулоқот тарзида ўтказилган суднинг тарбиявий таъсирчанлиги таъминланди. Айниқса, сўнгги йилларда автокорхона ҳайдовчиларининг транспорт воситаларини бошқариши чоғида йўл ҳаракати қоидалари бузилиши оқибатида келиб чиқаётган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ва бунга маъмурий жавобгарлик тўғрисида атрофлича тушунчалар берилди.

Эгамберди СОЛИЖОНОВ,

Поп туман маъмурий суди ходими.

 

ОРОМГОҲДА КИТОБХОНЛИК

Китобни офтобга қиёслашади. Оламни офтоб ёритса китоб инсон қалбига ўз нурлари билан ёғду таратади, маънавий баркамолликка етаклайди.

Шунинг учун "Ўзбекистон темир йўллари" АЖга қарашли "Темирйўлчи" болалар оромгоҳида ташкилланган китобхонлик тадбири ҳақиқий байрамга айланиб кетди.

Оромгоҳда ёзги таътилни мароқ билан ўтказаётган 322 нафар ўқувчилар иштирокида мароқли мушоира, баҳру-байт айтишувлари, савол-жавоблар бўлиб ўтди.

Чодакнинг сўлим дам олиш масканидаги китобхонлик байрамида Фарғона транспорт прокурори, адлия кичик маслаҳатчиси И. Акбаров, Наманган вилоят ИИБ ТЖХТБ бошлиғи, майор Ю. Хидиралиевлар қатнашиб, болаларнинг китобга бўлган меҳрини янада кучайтириш тўғрисида гапирдилар.

Тадбирда ўқувчиларга турли тилларда ёзилган янги китоблар тарқатилди.

Азизбек ИЛМИЯМИНОВ,

Наманган вилояти ИИБ Транспортда ЖХТБ ХПБ ВЕЕУ ХПГ инспектори, капитан.