Чунки Республикамиз пойтахти Тошкентдаги кардиохирургия илмий амалий тиббиёт марказида бажарилаётган жарроҳлик амалиётлари бу ерда ҳам ғоят муваффақиятли уддаланмоқда
Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Наманган филиали кейинги йилларда шароитининг созлиги, мутахассисларининг тобора юқори малакага эга бўлиб бораётгани билан наинки вилоятга, айни дамда Фарғона водийсига манзур хизмат кўрсатаётир. Бу, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг тармоқ ривожига тааллуқли қарор ва фармонлари, вилоят ҳокимлигининг улар ижроси изчиллигига эришиш учун яқиндан кўрсатаётган эътибори ва кўмаги йилдан-йилга катта бўлаётгани туфайлидир, албатта.
Чунончи, филиал бинолари 2017 йилда реконструкция қилинди ҳамда мукаммал таъмирдан чиқарилди. Энг замонавий аппаратларнинг муҳайёлиги, қулайликларнинг бисёрлиги, устозларнинг шогирдларга маҳорат сирларини меҳр билан ўргатишлари боис эндиликда наманганлик кардиожарроҳлар мураккаб операцияларни ҳам талаб даражасида уддалашга қодирлигини амалда тўла исботлашмоқда, десак асло муболаға эмас.
- Марказимиз бош директори, тиббиёт фанлари доктори Равшанбек Қурбоновнинг ташаббуслари билан филиалимизда йил давомида даволашнинг турли амалиётлари бўйича маҳорат дарслари ташкилланмоқда, - дейди мамнуният билан филиал бош врачи Зафаржон Жўрабоев. - Июнь ва июль ойларда РИКИАТМнинг аритмологлар жамоаси бир неча бор ташриф буюрди. Тиббиёт фанлари номзоди Акмал Якубов, электр физиологик текширувлар бўлими мудири Рамиш Ҳамроевлар билан ёнма-ён турган ходимларимиз уларнинг юқори малака сирларини ўргандилар ва биргалашиб амалиёт ўтказиш чоғида қимматли тажрибаларини яхшигина ўзлаштириб олдилар.
Филиалдаги маҳорат дарслари аслида оз эмас, навбатма-навбат тез-тез уюштирилаётган бўлсада, биз улардан биттасига қисқача тўхталиш билан кифояланамиз: Андижон вилоятидан 64 ёшли Ж. исмли бемор оғир ҳолатда келтирилган эди. Унга хатари жуда юқори артериал гипертензия, коринчалар экстрасистолияси ташхиси қўйилди. Асорати эса сурункали юрак етишмовчилиги эди. Беморнинг юрак ўйнашидан безовталиги юқори маромга бориб етганлиги учун фурсатни бой бермай, жароҳатсиз жарроҳлик амалиётини ўтказиш мақсадга мувофиқ, деб топилди. Рентгеноэндоваскуляр хирургия бўлимининг операция хонасида устозу-шогирдлар ҳамкорликда ҳаракатга киришдилар. Улар йирик томир орқали юрак ичига "кириб боришди", бошқача айтганда, компьютер мониторида кўриб турган ҳолда дард ўчоғига йўналтирилган мураккаб вазифани бажарувчи митти тиббий жиҳозни "манзил"га етказишди. Юрак ичи электрофизиологик текшируви ва радиочастотали аблация амалга оширилди.
Чунки, аввалдан коронанография орқали юрак коронар томирлари шикастланиши аниқланмаган эди. Натижа кутилганидек чиқди. Ҳозирда бемор ўзини яхши ҳис қилмоқда. Юрак ўйнаши тўхтади. Бу унинг ҳаёти хавфдан холи этилди, деган хулосани беради.
Муассасадаги бўлим мудири Акмал Жалилов, интервенционист Аброр Абдуллаев ва Акбарали Саидовлар навбатдаги янги қадамни устозлар етовида муваффақиятли ташлашди.
Муассасадаги иккинчи янгилик хориждаги ҳамкасб ҳамкорларни Наманганга таклиф этиб, уларнинг малака маҳоратини жарроҳлик амалиётида фаол қатнашиб, кўмаклашиб, ўрганиш имкониятидан самарали фойдаланишнинг одат тусига киритилаётганидир. Июлнинг дастлабки кунида Россия Федерациясининг Новосибирск кардиомаркази кардиохирургия бўлими мудири, вилоят бош кардиохирурги Игорь Александрович Балобанов аввалдан белгиланган бир ҳафталик амалиётга етиб келди. У филиалнинг кардиожарроҳлик бўлими мудири Абдусалом Хўжамбердиевни ўз ёнига олди. Ҳар куни операцияга енг шимаришиб, ҳатто илгаридан мамлакатимиз пойтахтидаги бажарилган жарроҳлик амалиётларини ҳеч қандай муаммоларсиз ўзлари ўринлатишди. Энг муҳими, Игорь Александровичнинг ёрдамчиси сифатида уқуви баландлиги-ю, чечанлиги билан унинг олқишига сазоворлик Абдусалом Хўжамбердиевга насиб этди.
Биргина мисол. Юрак ишемик касаллиги оқибатида янгиқўрғонлик ёшгина аёлнинг юрак клапанлари ишдан чиққан экан. Палатага ётқизилганида нафас етишмай, яшаш учун бениҳоя қийналар, гоҳ-гоҳ танг аҳволга тушарди. Икки жарроҳ энг замонавий аппарат текширувларидан сўнг аниқ ташхис қўйишгач, зудлик билан операцияга журъат этишди. Беморнинг кўкрак усти очилиб, қон тиқилиб, яроқсизга айланган томирининг кераксиз қисми кесиб ташланди. Ўзининг қўлидаги соғлом томиридан 5-6 сантиметрини олишиб, юрак томирига икки томонлама уланди, тиббиётчасига шунтланди. Панд бераётган, ишончсиз юрак клапанидан воз кечилиб, ўрнига сунъийси ўрнатилди. Бемор юраги устида бир неча соат чекилган машаққат зое кетмади... Бугун ҳаётга қайта келгандек ўзини соғлом ҳис этаётган ёш аёл палатада жилмайиб, инфаркт деган мудҳиш кўргиликнинг олдини олган халоскорлари Игорь Балобанов ва Абдусалом Умаровга мингдан-минг олқишлар ёғдиряпти.
- Билим ва малака жой танламайди Тошкентда ҳам, Наманганда ҳам ҳар иккиси етарли бўлса бас, ҳар қандай жарроҳлик амалиётини муваффақиятли ўтказиш мумкинлигини ҳаётнинг ўзи исботлаб турибди, - дейди кардиожарроҳ Абдусалом Хўжамбердиев. - Президентимиз ва вилоят ҳокимимизнинг, энг муҳими марказимиз бош директорининг халқ саломатлигини сақлашга етарлича ғамхўрликлари бизларнинг зиммамизга янада астойдил, янада яхши фаолият юритиш масъулиятини юклайди. Юрак - номи билан юрак. Инсон тириклигининг бошқарувчиси. Шундай экан, ишимизнинг нозиклигини сира унутмаган ҳолда касбимизнинг ҳаётбахшлигидан ҳамиша фахрланамиз.
Наманган кардиожарроҳлигидаги ютуқлар ҳадемай бутун Ўзбекистонга намуна бўлса ажаб эмас. Истиқлол ислоҳотлари "Излангану, интилганга имкон - кўп, майдон - кенг" деган фикрнинг чинакамига ҳаётий ҳақиқат эканини кундан-кун ёрқинроқ намоёнлаётгани кўнглимизда шунга ишонч туғдиради.
Содиқ САЙҲУН.