Газетамизнинг бундай шарафли мақомидан ҳамиша фахрланамиз
Оммавий ахборот воситалари йилдан-йилга кўпаяётган, янги - интернет журналистикаси ахборот майдонида тобора кенгроқ ўрин эгаллаётган истиқлол ислоҳотлари даврида босма нашрларнинг, яъни газета - журналларнинг қадри ва мавқеи заррача пасайгани йўқ. Чунки, қоғоздаги матбуотнинг ҳар бир янги сонининг умри кейинги сони чиққунича бўлган қисқа муддат деб ҳисобласак-да, аслида илгари сурилган фикрларнинг, омма эътиборига ҳавола этилган тажрибаларнинг, энг муҳими тиббий сабоқларнинг онгимиздаги, фикру ўйимиздаги, турмуш тарзимиздаги умрини бундай деёлмаймиз. Газетанинг жамоатчилик фикрини тортиши, мушоҳадага чорлаши, тарғиботчилиги, таъсирчанлиги журналистлар масъулиятининг нечоғлик юксаклигидан далолат беради. Қайси тармоқ ўзининг газета ёки журнал аталмиш алоҳида тарғибот-ташвиқот "дастиёри"га эга бўлса, ишининг ривожига - ривож қўшилаверади.
"Матбуот - ҳаёт ойнаси", деган ибора долзарблигини, барча даврларга хослигини йўқотмайди. Гўёки тарғибот дарахтининг ўқ томири эканлиги унинг яшовчанлиги таъминлайверади. Газета ўқишга бўлган маънавий эҳтиёж ҳеч қачон пасаймайди. Уларнинг тури кўпайгани учун танлаб мутолаа қилиш имкониятлари тобора кенгаяверади.
Мустақил ватанимизнинг эркин матбуоти ҳаётий ўзгаришлар жарчиси, оммани эзгу мақсадлар рўёби учун ҳалол ва фаол ҳаракатга руҳлантирувчиси сифатида ўзини кундан кун тўлароқ намоён этаётганини яққол кўриб-билиб турибмиз. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг оммавий ахборот ва матбуот ходимлари байрами муносабати билан йўллаган табрикларида: "Жамиятимизда демократик қадриятларни қарор топтириш, фуқароларимизнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, дунёда ва мамлакатимизда содир бўлаётган ижтимоий-сиёсий жараёнлар, воқеа-ҳодисалар ҳақида тезкор ва ҳаққоний маълумотлар етказиш борасида сиз, матбуот аҳлининг фидокорона меҳнат қилаётганингизни халқимиз яхши билади ва юксак қадрлайди" деб бежиз таъкидламадилар.
Биз, журналистлар ҳаётга бошқалардан кўраям теранроқ нигоҳ ташлашга одатланганмиз. Хусусан, мамлакатимиз миқёсида қабул қилинган қонунларни, Президентимизнинг қарор ва фармонларини, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорларини даставвал ўқишга ва уқишга интиламиз. Сўнгра тарғиботга ўтамиз. Ижроси билан қизиқамиз, одамларни эл-юрт манфаати йўлида хизмат қиладиган барча муҳимдан муҳим хужжатларда белгиланган вазифаларни бажаришга даъват қиламиз. Фаолиятимизнинг шу жиҳати газетадаги сўзларимизда акс этади. Бугунги паллада эса беш йилликка - 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб қўйилган беш йўналишдаги вазифаларни ойма-ой, йилма-йил бажариш борасида қизғин тусга кирган умумхалқ курашининг ҳамиша олдинги сафларида юришга бурчлимиз.
Яхши биламизки, мустақилликнинг илк йилларида нодавлат матбуот нашрлари ташкиллашга наманганлик ҳамкасбларимиз ҳам биринчилардан бўлиб киришганлар. Ҳозирда вилоятимизда ўнлаб газета-журналлар ўз мухлисларини топиб олган. "Шифокор ва ҳаёт" улар ичида ўзининг мавзу ва мазмун мундарижаси ҳамда қиёфаси билан алоҳида ажралиб туради. Газетамизга бундан роса 20 йил муқаддам асос солишган. Кимлар дейсизми?
Наманган вилоят ҳокимлигининг соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди, доцент Осимхон Қосимов ва журналист Раҳматилло Усмонов ва Абдунаби Қорабоевлар.
Наманганлик журналистлар ичида ташкилотчилиги ва уддабуронлиги билан танилган Рахматилло Усмонов 1997 йилнинг декабрида Ўзбекистон Республикасининг "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги Қонунини матбуотда ўқиб, истиқлол берган имкониятдан оқилона фойдаланиш истагида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ҳузурига ошиқди.
- Вилоятимизда халқ таълими бошқармаси "Мураббий" газетасига эга, агар хоҳиш билдирсангиз, соғлиқни сақлаш бошқармасида ҳам тармоқ газетаси таъсис қилиш мумкин,- дея ўз таклифини айтди Осимхон Қосимовга.
- Тиббиёт соҳасига эътиборингиздан хурсандман, ниятингизгаям қўшиламан. Ахир бу бизлар учун айни муддао-ку! - деди бошқарма бошлиғи ғоят мамнун қиёфада. - Сиз ҳаракатга тушаверинг, биздан қандай ҳужжат ёки ёрдам кераклигини айтсангиз бас...
Журналист ва бошқарма бошлиғи ҳамкорликда эзгу ишга киришишди. Газетага "Шифокор ва ҳаёт" номи муносиб кўрилди. 1998 йилнинг июлига келиб, газета таъсис этилди. Республика матбуот ва ахборот агентлигида 209-сон билан рўйхатдан ўтказилди.
Газетанинг нишона сони 17 июль, жума куни вилоят тиббиётчиларига тарқатилди. Мана, қўлимизда ўша газета. Уни кўздан кечирибоқ, таҳририят жамоаси газетани ҳар томонлама пухта тайёрлаганига тўла ишонч хосил қилдик. Газета номи ёнига тиббиёт даҳоси Абу Али ибн Синонинг "Шифокорда бургутнинг кўзи, шернинг юраги, илоннинг донолиги, аёлнинг қўли бўлиши керак" деган фикрлари доимий талаб ва шиор тарзида жойлаштирилган. Республика Соғлиқни сақлаш вазири, академик Ш. И. Каримовнинг Наманганда бўлиши муносабати билан газета мухбири ҳурматли меҳмонни мухтасар мулоқотга чорлаган. Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи О. Қосимовга ҳам алоҳида минбар берилган. "Халқ соғлиғи давлат ҳимоясида" деб номланган мақолада Наманган тиббиётининг кечаси, бугуни ва эртаси ҳақида қимматли маълумотлар берилган. 30 дан зиёд катта-кичик мақолалар ва суратлар мавзусию, жанри ранг-баранглиги учун газета мазмундорлигини янада ошириб юборган. Демак, ижодий жамоада билдирилган ишончни оқлаш учун етарли билим, маҳорат, куч, қобилият ва имкониятлар мавжудлиги шак-шубҳасиз эди. Газета шифокорларнинг энг яқин, энг қулай, энг фаол кўмакчисига айланиб борди. Таҳририятда Абдунаби Қорабоев, Аҳадхон Аҳмедов, Муҳаммаджон Акрамов, Хайрулло Шохўжаев, Орифжон Дарвишев, Мусохон Акмалов, Соҳибжон Рафиқов, Баҳодир Ҳамидов ва бошқа журналистларнинг фаол изланишлари туфайли газета сонма-сон қизиқарли ва ўқишли чиқиши йилма-йил таъминланди.
Газета дастлаб 4 саҳифада фақат оқ-қора рангда босилган бўлса, 2010 йилдан Абдулла Ғозиев муҳаррирлигида унинг қиёфасида кескин ўзгаришлар ясалди. Дастлаб А-3 форматдаги газетага яна 2 саҳифа қўшилди. 6 саҳифанинг дастлабки ва сўнгги саҳифаси рангли чоп этилишига эришилди. 2017 йилдан эса "Шифокор ва ҳаёт"нинг формати икки бараварга кенгайди. А-2 шаклида ойига икки мартадан тиббиётчи мухлисларига етказилмоқда. Сарлавҳалар саккиз рангда, суратлар эса ҳаётда қандай бўлса, газетада ҳам ўшандай акс этмоқда. Газета тайёрлаш жараёни тўла компютерлаштирилган. Дизайнер Дониёр Жўраев таҳририятнинг ўзида туриб, тайёр газета макетини интернет тармоғи орқали Марғилон босмахонасига узатмоқда.
Журналистлар ҳам, шифокорлар ҳам янги даврда янгичасига ишлашиб, юрт тинчлиги, Ватан равнақи ва халқ фаровонлигига масъуллик ҳиссини чуқур англашиб, 20 йиллик ҳалол ва фаол хизматлари билан катта обрў-эътибор топишди. Наманган тиббиёти республикада ўзига хос ўрин ва мавқе эгаллаши учун журналистлар ва шифокорлар қўлни-қўлга беришганча ҳормай-толмай хизмат қилишмоқда.