Президентимиз Шавкат Мирзиёев айтганларидай: "Кундалик ҳаётимизнинг ажралмас қисми бўлган оммавий ахборот воситалари ҳақида сўз юритганда, биз, аввало, доимо янгилик излаб, янгиликка интилиб, ҳаётнинг қайноқ нуқталарига кириб борадиган, холислик ва ҳаққонийлик, Ватан ва халқ манфаатларини биринчи ўринга қўя оладиган олийжаноб ва масъулиятли касб эгаларини тасаввур қиламиз".

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси муассислигидаги "Шифокор ва ҳаёт"газетаси ҳам мана шундай шарафли вазифани уддалаб келаётган нашрлардан биридир. Унинг ташкилотчиси ва биринчи муҳаррири Раҳматулло Усмоновни кўпчилик "Ҳозиржавоб журналист эди", дея эслашади. Дарҳақиқат, ижодкорнинг ташаббуси билан 1998 йилнинг 17 июлида Наманганда янги газетанинг нишона сони чоп этилганди. Ҳаётга ҳамнафас ҳолда тиббиёт аҳли билан ҳамқадам ижод қилган жамоа бугун ўз аудиториясига, ўз ўқувчиларига эга.

Яхши биламизки, шифокорлар нажоткор, журналистлар эса ижодкор. Бири дори-дармон орқали даволаса, бири маънавиятни соғломлаштиради. Бу, албатта, бардамлик ва баркамоллик касб этишда жуда муҳим. Тармоқ ўзининг алоҳида наш­рига эгалиги туфайли ана шу икки тоифа кишиларнинг ҳаракатларида уйғунлик вужудга келган. Натижада вилоятда касалликларнинг олдини олиш ва беморларни даволашда ижобий юксалишларга эришилаётир.

Ҳозирда таҳририятни бошқариб келаётган муҳаррир Абдулла Ғозиев ўзига ҳам, жамоага ҳам талабчан ижодкор.

- Ислоҳотлар халқ учун қандай хизмат қилаётганини жойлардаги ижобий ўзгаришлар мисолида ёритиб боряпмиз, - дейди "Шифокор ва ҳаёт" газетаси муҳаррири, "Жасорат" медали соҳиби Абдулла Ғозиев. - Муаммоларни ошкора, ютуқларни, тажрибаларни кенг ёритяпмиз. Мақсадимиз тиббиётдаги ўзгаришларни оммага етказишдир.

Таҳририятда ижодкорлар кўп. Улар орасида "Шуҳрат" медали нишондори Содиқ Сайҳунни алоҳида кўрсатиш мумкин. Боиси, унинг ёзган мақолалари серсабоқ. Истиқлолнинг инсонларга инъом этган имкониятларига янгидан-янги муносиб таърифлар топа олиш маҳорати ёшларга ибрат. Чунончи "Юракдек бетиним, юракдек жўш­қин", "Жароҳатсиз жарроҳлик", "Ҳуқуқларимиз - ҳақдорлигимиз, бурчларимиз - қарздорлигимиз", "Қозонга яқин юрсанг...", "Саломат бўлса она - туғилар соғ­лом бола", "Бирида қувонч, бирида қайғу", "Зиёнкорларнинг ўзи зиён кўришди" каби мақолалари газетхонни мушоҳадага чорлаши тайин.

Мухбир Рустамали Мамадалиев эса соҳир сўз ижодкори. У фидойи журналист. Вилоятда унинг қадами етиб бормаган даволаш-профилактика муассасаси деярли йўқ. Чунки, елкасида фотоаппарати, қўлида қалами билан эл кезади. Уни гоҳ Чустнинг Ғовасида, гоҳ Попнинг Чодагида, гоҳ Уйчининг Ровотида, гоҳ Мингбулоқнинг Гулбоғида хизмат тақозоси билан юрганида учратасиз. Газета саҳифасини ранг-баранг суратлар билан безайди. Қатор лавҳаю, ахборотлар билан мазмун-мундарижасини бойитади.

Таҳририятда яна Манзура исмли икки журналист фаолият юритади. Бири журналистиканинг ахборот ва суҳбат жанрида қалам тебратишнинг ҳадисини олган, иккинчиси эса ижтимоий-сиёсий, адабий-бадиий ижоди билан танилган.

Манзура Эргашеванинг тиббиёт мутахассислари билан мулоқотлари мавзуси ранг-баранг. У кўпроқ беморларни қизиқтирадиган саволларга жавоблар қидиради. "Саломатлик - ўзимизга боғлиқ", "Бир болага ёққан овқат иккинчисига ёқмайди, нега?", "Фарзандингиз хоҳиши соғлигига зиён етказмасин" мақолалари ана шулар жумласидандир.

Манзура Абдуллаева эса ҳали ёш ижодкор. Бироқ чуқур мушоҳадали ва тафаккури кенг қаламкаш. У таҳририят остонасини ҳатлаганига эндигина икки йил бўлишига қарамай, қатор-қатор мақолалари билан мухлислар эътиборини қозонди. Айниқса, Ўзбегимнинг фахрияси , "Ўзбегим", "Бетакрор ва бебаҳо мўъжиза", "Бобомизнинг ҳикматлар хазинаси", "Шифокор ва бемор: улар бир-бирларидан нималар кутишмоқда?", "Суюниш ҳам пулликми?", "Серқирра салоҳият соҳиби", "Мустақиллик куни шукуҳи" каби ижод маҳсуллари ўқувчиларга маъқулу манзур тушди. Истиқлолнинг 26 йиллиги айёми арафасида журналист қиз "Энг улуғ, энг азиз!" кўрик-танловининг вилоят босқичида фахрли 1-ўринга сазовор бўлди.

Жамоа жуда аҳил. Ҳар бир ходим ўз вазифасига масъулият билан ёндошади. Роҳила Алиқулова, Исломжон Лутфуллаев, Дониёр Жўраев, Баҳриддин Тўхтасиновларнинг ҳам таҳририятда алоҳида ўрни бор.

- Мамлакатимиздаги каби вилоятимизда ҳам тиббиёт соҳаси изчил ривожланмоқда, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов. - Эришилаётган натижаларимизда "Шифокор ва ҳаёт" газетаси жамоасининг ҳиссаси катта бўлмоқда. Соҳадаги барча янгилик ҳамда муаммолар журналистлар эътиборидан четда қолмайди. Газетада тизимдаги даволаш-профилактика масканлари фаолияти кенг ёритилмоқда.

Равшанбек МИРЗАОЛИМОВ.