Наманган Давлат университети ҳузуридаги халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази конференциялар залида Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси вилоят кенгаши, вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси ҳамда ҳудудий марказ ўртасидаги ҳамкорлик меморандумининг имзоланишига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Меморандумдан кўзланган мақсад Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги "Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш комиссиясини тузиш тўғрисида"ги фармойиши, 2017 йил 13 сентябрдаги "Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида"ги қарорининг вилоятдаги ижросини таъминлашдан иборат.
Марказ директори Собитхон Азизов меморандумнинг долзарблиги ва юксак аҳамияти хусусида тушунчалар берди. Шундан сўнг ЎзМТДП вилоят кенгаши раиси Ғайратжон Тўйчибоев сўз олиб Юртбошимизнинг юқоридаги фармойиш ва қарорининг вилоятдаги ижросини таъминлаш, мавзу доирасидаги тарғибот-ташвиқот ишлари "Миллий тикланиш" демократик партиясининг сайловолди платформасида белгиланган устувор вазифалардан бири эканлигини таъкидлади.
Вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи Зиёвиддин Мансуров китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишда зиёлилар, айниқса, ўқитувчиларнинг ўрни алоҳидалигини таъкидлаб, ёшларда миллий ғурурни янада ўстириш йўлида олиб борилаётган ишлар самарадорлигини таъминлашда мазкур меморандум эзгу мақсад йўлидаги қадамлардан бири сифатида катта аҳамият касб этишини турли мисоллар билан тушунтирди.
Лойиҳа доирасида ҳудудий марказ она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Назокатхон Абдураҳмонова "Китоб мутолааси ва китобхон маданиятини оширишда адабиёт фанининг ўрни" мавзусида слайд орқали фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Тадбир якунида марказнинг ўқув жараёнини ташкил этиш ва бошқариш бўлими бошлиғи Насиба Орзиқулова семинарнинг аҳамияти ҳамда ҳамкорлик меморандумининг юқоридаги ҳужжатлар ижроси йўлидаги долзарб жиҳатларига тўхталди.
Насимжон ЮНУСОВ.