Мамлакатимиз етакчи клиникалари шифокорларининг вилоятимиздаги фаолияти ижобий самаралар бераётир. Улар шаҳар ва қишлоқларимиздаги хизмат сафарлари чоғида маҳаллий шифокорлар касбий маҳоратини ошириш билан бирга оғир дардга чалинган беморларнинг узоғини яқин қилиб, даволаш ишлари даражасини юксалтиришга эришмоқдалар.

Айни кунларда Республика ихтисослаштирилган урология илмий-амалий маркази директори, профессор Шуҳрат Мухторов бошчилигида бир гуруҳ олим-шифокорлар Наманган вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази жамоаси билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда. Дастлабки куни ВКТТМда даволанаётган 28 нафар беморнинг ҳолати чуқур ўрганиб чиқилди. Уларни даволаш самарадорлигини ошириш бўйича зарур кўрсатмалар берилди.

Икки нафар беморда эндоурологик жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Маълумки, ВКТТМ шифокорлари бу мураккаб усул, яъни кесмасдан жарроҳлик амалиётини жорий этишга киришган эдилар. Профессор Шуҳрат Мухторов наманганлик урологларнинг бу борадаги ишларини ўрганиб, уни янада такомиллаштириш бў­йича тавсиялар берди.

Меҳмонлар кейинчалик фаолиятни Чуст ва Поп туманларида давом эттиришди. Маҳаллий шифокорларнинг ишлари билан танишилиб, даволаш-диагностика стандартлари асосида муолажалар ўтказиш ва тегишли тиббий ҳужжатларни тўлдириш бўйича маслаҳатлар берилди. 62 нафар бемор тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларни даволаш юзасидан амалий чоралар кўрилди. Марказ ходими, тиббиёт фанлари номзоди Тоир Ҳоджиметов томонидан гиперактив қовуқ касаллиги хусусида илмий маъруза ўқилди.

Чортоқ тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиникада марказ уролог-врачи Камолиддин Қодиров беморларни қабул қилди. Шу турдаги касалликка мубтало бўлганлар тажрибали шифокордан ўзларини безовта қилаётган хасталик бўйича тегишли маслаҳатлар олдилар.

Профессор Шуҳрат Мухторов Косонсой туманига, тиббиёт фанлари номзоди Тоир Ҳоджиметов эса Янгиқўрғон туманига ташриф буюришди. Шу куни уччала туманда яшовчи 71 нафар беморга малакали тиббий хизмат кўрсатилди.

- Пойтахтлик шифокорлардан кўп янгиликларни ўрганяпмиз, - дейди вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази урология бўлими врач-ординатори Элмурод Жўрабоев. - Айниқса эндоурологик амалиётларни бажариш усулларини такомиллаштириш кўникмасига эга бўляпмиз. Сийдик-тош касалликларини самарали даволаш ва олдини олиш юзасидан литоспектрал таҳлиллар жорий қилиш бўйича тушунчаларимиз бойитилди.