Бу сўзлар замирида муҳим давлат аҳамиятига эга масала ётибди. Чунки, оила жамиятнинг кичик ячейкаси. Агар оилада эру хотин ҳамда фарзандлар соғлом бўлишса, жамият учун катта наф келтиришади. Бу борада кенг қамровли тадбирлар амалга оширилиши борасида тиббиёт ходимлари айниқса фаоллик кўрсатишмоқда. Жумладан, Наманган шаҳридаги 5-оила поликлиникаси жамоаси ҳам ўзларига бириктирилган ҳудудда яшовчиларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш учун бор билим ва имкониятларини ишга солишмоқда. Шифокорлардан бир гуруҳи яқинда ҳарбий қисмга ташриф буюришди. Шуниси диққатга сазоворки, бу ерга ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ҳам таклиф этилган эди.
Учрашув-мулоқот тадбирини қисм командирининг ҳарбий ватанпарварлик, маънавий-ахлоқий тарбия ва ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари, подполковник Авазбек Лутфиддинов очди. У ҳарбий хизматчиларнинг турмуш ўртоқлари ва фарзандлари саломатлигига эришилса, барчаларининг хизматдаги хотиржамлиги янада кафолатланади, бугун эса шифокорларнинг қисмимизга тиббий кўрик ва маслаҳат учун келишгани эзгу мақсад йўлидаги муҳим саъй-ҳаракатдир, дея таъкидлади.
Поликлиника мудири ўринбосари Насиба Авазбекова залда ўтирган ёш оила соҳибаларини дилдан очиқчасига мулоқотга чорлар экан, аввало, аёл соғлигининг муҳим жиҳатлари тўғрисида қимматли маълумотлар берди. Тиббий кўрикларнинг инсон саломатлиги барқарорлигини таъминлашдаги аҳамиятини батафсил тушунтирди. Кейин эса мулоқотчилар давраси тобора кенгайди. Шаҳноза Эргашева, Раъно Муродова, Саида Қорибекова ва Ирода Раҳимова каби ёш оила бекаларининг саволларига қайтарилган жавоблар нафақат ўзлари учун, балки, шу ерда ёнма-ён ўтирган кўплаб аёллар учун ғоят фойдали кечди.
Оилавий поликлиника бўлим мудири Дилфузахон Исомиддинова, умумий амалиёт шифокори Зарифа Мамажонова, гинеколог Назира Исобоева, инфекционист-врач Одилбек Тожибоевлар зарур тиббий тавсия ва йўл-йўриқлар беришди. Аёллар ўртасида камқонликнинг олдини олиш, туғруқлар оралиғи камида уч йил бўлишига эришиш она организмининг ички жараёни тўла тикланиши, қувватланиши ва соғлом фарзанд кўриши гарови эканлиги ҳаётий мисоллар билан тушунтирилди. Ҳатто мавжуд муаммоларгача тилга олиниб, уларни бартараф этиш борасида ҳам фикрлашилди.
- Поликлиникангиз жамоаси хизматидан хурсандмиз, - деди Гулзиба Сейдинова мамнун оҳангда. - Патронаж ҳамшира елкасида тиббий сумкаси билан хонадонма-хонадон кириб ҳолимиздан хабар оляпти. Соғлигимизни текширяпти, зарур маслаҳатларини аямаяпти, врачларнинг кўригига таклиф қилиб кетяпти. Бугун эса сизлар билан юзма-юз учрашиб, савол-жавоблар давомида соғлом турмуш тарзи ва оила саломатлиги ҳақида керакли сабоқларга эга бўлдик.
- Ёш оилаларга ғамхўрлик қилиш борасида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатганмиз, - дейди биз билан суҳбатда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Дилноза Акрамова. - Меҳр-эътибордан ҳатто ҳарбий қисм ёшларининг оилаларигача четда қолмаяпти. Қисм ёшлар етакчиси капитан Аббос Пайзиев бизнинг дастурларимиз изчил амалга ошишига яқиндан кўмакдош бўлмоқда.
Дарҳақиқат, навқирон авлод мамлакатнинг таянчи ҳисобланади. Уларнинг ўзларига ҳам, оилаларига ҳам тиббий хизмат кўрсатиш тобора яхшиланмоқда. Бу, Президентимизнинг ёшларга оид давлат сиёсати барча жабҳаларда изчил амалга оширилаётганинг яна бир далилидир.
Манзура АБДУЛЛАЕВА.