Бугунги кунда жаҳон бўйича орттирилган иммунитет танқислиги синдроми, сил ва безгак каби инсон саломатлигига хавф солувчи юқумли касалликларга қарши курашиш - долзарб ва ечимини кутаётган муаммолардандир. Шу боис ҳам Наманган шаҳридаги "Туркистон" меҳмонхонасида мазкур касалликлар тарқалишининг олдини олиш соҳасида ҳалқаро ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш доирасида олиб борилаётган ишларни мувофиқлаштириш бўйича конференция ўтказилди.
Тадбирни Республика санитария-эпидемиология назорати маркази бош врачининг ўринбосари, мониторинг гуруҳи раҳбари Ботиржон Қурбонов кириш сўзи билан очди.
Анжуманда вилоят ОИТСга қарши кураш маркази бош врачи Раҳмонжон Абдуллаев вилоятда ОИТС ҳамда ОИВ инфекцияларининг олдини олиш, даволаш бўйича марказ шифокор ва мутахассислари томонидан амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот берди.
Нотиқнинг таъкидлашича, вилоятда бу йўналишда муайян ишлар бажарилган. Чуқурлаштирилган тиббий кўриклар вақтида аниқланган беморлар рўйхатга олинган ва даволаниш учун тегишли тиббиёт муассасаларига юборилган. Халқ таълими, касб-ҳунар таълими, ички ишлар бошқармалари, бошқа ташкилот ҳамда муассасалар билан ҳамкорлик доираси кенгайтирилмоқда. Оммавий ахборот воситалари орқали тарғибот ишлари изчиллигига эришилмоқда.
Семинар-тренингда мониторинг гуруҳи координатори Дилноза Авазова, гуруҳ аъзоси, "Интилиш" нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари Татьяна Никитина, Марказий Осиёда наркотик ва жиноятчиликка қарши кураш бўйича БМТнинг ҳудудий ваколатхонаси миллий координатори Назокат Қосимова ва бошқалар ҳам маърузалар билан чиқдилар. Иштирокчиларни жаҳонда ҳамда республикамизда олиб борилаётган ишлар билан таништиришди.
- Бугунги анжуман кун тартибидан ғоят муҳим масалалар ўрин олган. Маърузалардан олган таассуротларимиз асосида вилоятимизда юқумли касалликларга қарши олиб бораётган ишларимизни янада жонлантириш зарурлигини англаб етдик. Айниқса хорижий давлатларда ишлаб қайтган юртдошларимиз соғлиги назоратини кучайтиришимиз зарур, - деди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг оналик ва болалик муҳофазаси бўйича ўринбосари Лайлохон Аҳмедова.
Тадбир ниҳоясида қатнашчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.
Рустамали МАМАДАЛИЕВ.