Бу йилги касб байрами Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали ҳамшираси Саодат Эшонхўжаева учун қувончли воқеага бой бўлди. Унинг тиббиёт соҳасидаги хизматлари юксак қадрланди. 12 май - Халқаро ҳамширалар куни пойтахтдаги "Туркистон" тантаналар саройидаги байрам тадбири унинг ҳаёт зарварақларига бир умрга муҳрланиб қолди. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг "Соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишони билан тақдирланади.
Муносиб эътироф ўша дамда унинг кўнглида ширин туйғулар уйғотгани рост, кўзлари шодликдан намлангани рост. Ахир она касби - ҳамшираликни танлаб асло адашмаганидан жуда-жуда мамнунлик туйди.
Турғуной опа бош фарзанди Саодатни ўзи каби ҳамшира бўлишини истарди. Ҳамиша одамларнинг, қўни-қўшниларнинг корига яраганиданми мактабни битираётган қизини астагина суҳбатга тортди. Фарзандида ҳам шифокорликка мойиллик борлигини илғагач руҳияти кўтарилди. Уни 1988 йили ўзи таҳсил олган Наманган тиббиёт билим юртига етаклади.
Саодат у ерда қунт билан устозлардан назарий сабоқларни ўзлаштирди. Шу боис меҳнат фаолиятини муваффақиятли бошлади. 1991 йили Наманган шаҳар 2-катталар поликлиникасида акушерка, 1993 йилдан 1-туғруқхона патология бўлимида акушерка бўлиб фаолият олиб борди. 1997 йилдан эса Наманган шаҳар 2-сонли тез тиббий ёрдам марказида ҳамширалик қилди. 2006 йилдан буён РШТЁИМ Наманган филиали тез ёрдам бўлими ҳамшираси бўлиб хизматини давом эттирмоқда.
У қаерда ва қайси тиббиёт муассасасида ишламасин ҳамиша одамларнинг қўли енгил, ширинсўз ва чаққон ҳамшира деган эътирофларига сазоворланди. Саодатхон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 мартдаги "Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони ҳамда жорий йилнинг 25 январидаги "Шошилинч тиббий ёрдам тизимини жадал такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори изчил ижроси доирасида соҳадаги улкан ўзгаришлардан мамнун. Ислоҳотлар замирида тез тиббий ёрдам бригадаларининг аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш учун қулай шароит ва яхши имкониятлар яратилгани бугун ҳеч кимга сир эмас. У ҳозирда фаолият юритаётган Низомиддин Алихонов бошчилигидаги Мингчинор шохобчасининг аҳил жамоаси тун-кун чақириқларга "лаббай" дея жавоб беришади. Беморлар хизмати учун ҳамиша ҳушёр, ҳамиша бедор ва ҳамиша тайёр туришади. Ёқутхон Аҳмедова, Дилбархон Исмоилова, Мукаррам Мамажонова, Анора Ғафурова, Муҳаррам Султонова каби жонкуяр шифокорлар, катта фельдшер Абдуқаюм Назаров, Тоҳиржон Мўйдинов,Улуғой Эшматова, Гулхумор Турсунова, Қумрихон Исмонова, Баҳодир Пўлатов, Фарҳод Йўлдошев, Машраб Аҳмедовдек ўрта тиббиёт ходимлари доимо эл-юрт хизматида. Шу ўринда уларга "Обиҳаёт 49" маҳалласида истиқомат қилувчи Алия Ҳакимова, Оромгоҳ даҳасидаги Эрмамат Нурматовларнинг миннатдорликларини алоҳида таъкидлаш жоиз.
- Касбий малака-маҳоратимни оширишимда устозларим Абдуқаюм Назаров, Одилжон Норбўтаев, Замирахон Сиддиқоваларнинг хизматлари катта бўлган, - дейди Саодат Эшонхўжаева. - Бугунги ютуқларимда эса севимли жамоам ва оила-аъзоларимнинг беқиёс ҳиссалари бор. Уларнинг кўмаклари ва қўллаб-қувватлашларидан мен шундай юксак эътирофга муносиб топилдим.
Албатта, заҳматли касбидан қадр топиш осонмас. Фидойилик ва меҳрибонлик хислатларини ўзида тўла мужассамлай олган Саодатнинг бугунги саодатли онлари бардавом бўлишини биз ҳам чин дилдан истаб қоламиз. Чунки, элга хизмат - олий ҳиммат. Ҳимматга йўғрилган хизмат эса, албатта, ҳар қанча сийловларга арзийди.
Манзура ЭРГАШЕВА.