Қайси соҳага қарамайлик, у ердаги ишларнинг тақдирини икки омил ҳал қилади. Биринчиси - қулай шароит, иккинчиси - билимдон ва малакали кадр. Тиббиётнинг янги хусусий сектори шаклланиши ва тараққиётида ҳам буни яққол кўрамиз. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг нодавлат тиббиёт муассасалари томонидан кўрсатилаётган тиббий хизматлар фаолиятини назорат қилиш бўлими бош мутахассиси Назиржон Давлатов билан бўлган мулоқотимиз Президентимизнинг соҳага тааллуқли 3450-сонли қарори ва унинг ижросига бағишланди.
- Назиржон Узоқович, билиб турибмизки, кейинги пайтда тармоқдаги хусусий сектор ривожи билан боғлиқ муаммолар ечимига давлат миқёсида катта аҳамият бериляпти. Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 29 декабрдаги "Хусусий тиббиёт ташкилотларини янада ривожлантириш бўйича қўшимча шарт-шароитлар яратиш тўғрисида"ги қарори ғоят ҳаётийлиги ҳамда долзарб масалаларни қамраб олганлиги учун касбдошларингизни янада астойдил ҳаракатга солиб қўйди ва унинг дастлабки натижалари ҳозирдан кўзга ташланмоқда. Гапни шу ҳақда бошласангиз?
- Сиз тўғри изоҳ бердингиз. Мазкур қарордан мақсад соғлиқни сақлашнинг хусусий секторини ривожлантиришни янада рағбатлантириш, кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш учун шарт-шароитларни яхшилаш, шунингдек, кўрсатилётган тиббий хизматлар ҳажмларини янада кенгайтириш, хусусий тиббиёт соҳасига инвестицияларни жалб қилишдир. Албатта, бундан аввал 2017 йилнинг 1 апрелида Президентимиз томонларидан "Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 2863-сонли қарор ҳам қабул қилинган эди. Шу асосда хусусий муассасалар иши янада жонланиб, янги шохобчалар очувчиларга, фаолият юритаётганлари хизмат доирасини кенгайтиришига зарур рағбатлар берилди. Шунга қарамай, хусусий муассасаларни молиявий қўллаб-қувватлаш, давлат тиббиёт муассасаларининг алоҳида функцияларини соғлиқни сақлашнинг хусусий секторига бериш имкониятларини кўриб чиқиш, соғлиқни сақлаш соҳасида тиббий туризм ва давлат хусусий шерикчилигини ривожлантириш, тиббий кадрлар малакасини республикада ва чет элда ошириш, хусусий соғлиқни сақлаш секторини ягона ахборот коммуникация тизимига интеграциялаш, шунингдек, тиббиёт ташкилотларини аккредитациялаш тизимини жорий этиш масалалари долзарб бўлиб бораётганлиги эътибордан четда қолмади. Ниҳоят, қўшимча чора-тадбирларга таалуқли мазкур янги қарорнинг қабул қилиниши бизлар учун айни муддао бўлди.
- Хусусий муассасаларнинг ўтган йилнинг апрелидан бошланган, янги йилда янада хизмат доираси кенгайган фаолиятида қайси жиҳатлари эътиборга молик деб ўйлайсиз?
- Аввало, хусусий тадбиркор мутахассисларда ўз ишларига, ўз кучларига ишончлари ортди. Қонун талабларига қатъий риоя қилган ҳолда хизмат кўрсатишни кенгайтириш ва такомиллаштиришларига барча имкониятлар яратиб қўйилаётгани учун ҳаракатларига ҳаракат қўшиш иштиёқи кучайди. Давлат томонидан кўмак ва рағбат олишаётган экан, уларнинг кўнглида шунга яраша элу юртга катта наф келтириш ҳисси уйғонди.
Биз эндиликда олдимизга катта-кичик аниқ мақсад ва вазифаларни қўйганмиз. Чунончи, 2018 йил давомида 14 та, 2019 йилда 5 та янги хусусий муассасалар ташкил этилиши белгиланган эди. Энг муҳими, Наманган шаҳридан бошлаб, барча туманларда бундай хусусий шифохона-ю, дорихоналар очилади. Бошқача айтганда, жами лойиҳалар сони 35 та, яъни 19 та янги ташкилланадиган, 16 та фаолиятини кенгайтиратирадиган хусусий тиббиёт муассасаларидир.
Бугун мамнуният билан айтишим мумкинки, лойиҳаларнинг 22 таси амалга ошди, янги иш бошлаганлари 14 тага, фаолиятини кенгайтиргани 8 тага етди. Натижада сектордаги мавжуд ўринлар сони 3598 тани, ишловчи ходимлар эса 3141 тани ташкил қилди. Йил сўнгигача яна 260 дан зиёд ишчи ўринлари яратиш мўлжалланмоқда.
- Бизга аёнки, бундай натижаларга ўз-ўзидан эришилаётгани йўқ. Ташкилотчилигу тарғиботчилик, амалий ёрдамлару қўллаб-қувватлашлар туфайли янги муассасаларнинг очилиши тезлашяпти, фаолияти кенгайишига етарли имкон туғиляпти.
- Жуда тўғри. Вилоят ҳокимининг 2017 йил 31 декабрдаги 947-сонли қарорига мувофиқ тадбиркорларимиз билан алоқаларимизни тобора мустаҳкамладик. Дастлаб, Президентимизнинг 3450 - сонли қарорлари мазмун-моҳиятини уларга тушунтирган бўлсак, кейин лицензия олишнинг талаб ва шароитлари, хусусий муассасалар томонидан юритиладиган бирламчи тиббий ҳужжатлар, шифохона ичи инфекциялари, гемоконтакт инфекциялар профилактикаси ва бошқа мавзуларда ойма-ой 6 марта услубий-амалий семинарлар ўтказдик. Ўтган қисқа вақт ичида 130 дан зиёд тадбиркорликни бошламоқчи бўлган мутахассисларни қабул қилдик, уларга тегишли йўл-йўриқ ва тавсиялар бердик. 89 та хўжалик юритувчи субъектларда тушунтиришлар олиб бордик. Ҳар ойнинг 3-шанбасини "Очиқ эшиклар куни" деб белгилаганмиз. Тадбиркорлик истагидаги фуқаролар бемалол келишиб, керакли маслаҳатлар олишмоқда.
- Демак, Президентимизнинг мазкур қарорлари ижроси изчил. Сизга, сиз орқали барча тадбиркор шифокорларга эл соғлиғини сақлашдек хайрли фаолиятингизда бардавомлик ва янгидан - янги муваффақиятлар тилаб қоламиз.
Суҳбатдош Содиқ САЙҲУН.