дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг ногиронларга, ёлғиз қариялар ва аҳолининг бошқа заиф қатламларига тиббий-ижтимоий ёрдамни ташкиллаштириш бўлими бош мутахассиси Нурмуҳаммад Турғунов

- Нурмуҳаммад Собитович, мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояси давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бирига айланган. Бу борада сизнинг раҳбарлигингиздаги бўлим қандай ишларни амалга оширмоқда?

- Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ кучли ижтимоий ҳимоя белгиланган беш асосий тамойилда муҳим ўрин тутиб келмоқда. Ногиронларга, ёлғиз қариялар ва аҳолининг бошқа заиф қатламларига эътибор ва ғамхўрлик бугун ҳар қачонгидан юқори. Вилоятимизда уларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш изчил йўлга қўйилган. Шунга қарамай, ҳали олдимизда бажарилиши лозим бўлган ишлар бир талай. Вилоятимизда Республика Ишчи гуруҳларининг жойларда аҳолининг турмуш шароитларини ўрганишлари чоғида кўрсатилаётган ёрдамнинг талаблар даражасида эмаслиги яққол кўзга ташланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 декабрдаги "Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5270-сонли Фармони ижросини таъминлаш бўйича вилоятимизда бир қатор хайрли тадбирлар ташкилланяпти. Ҳозирга қадар вилоят ҳокимлиги, соғлиқни сақлаш бошқармаси, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари ҳамда ҳомий корхона ва ташкилотлар кўмагида эҳтиёжмандларга 1790 та ногиронлар аравачаси, 259 дона эшитиш мосламаси, 198 жуфт қўлтиқтаёқ ҳамда 204 та ҳасса олиб берилди. Шунингдек, 61 нафар киши 131 та протез-ортопедия маҳсулотлари билан таъминланди. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бу 2018 йил учун белгиланган режага нисбатан тўрт баравар ортиқдир.

- Ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларга уй шароитида кўрсатилаётган ижтимоий хизмат ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

- Дарҳақиқат, уларга уй шароитида ижтимоий хизмат кўрсатишни ташкиллаштириш учун тиббиёт бирлашмаларида 279 нафар ижтимоий ходим бириктириб қўйилган. Улар ўз ҳудудларида қарамоқларидаги шахсларга асло ёлғизликларини сездиришмаяпти. Чунки уларни ювиб-тарашу, яшаш жойини таъмирлашдан тортиб, супур-сидир, озиқ-ов­қатларини етказиш, коммунал тўловларию, томорқаларидан унумли фойдаланишгача бўлган юмушларини ўз зиммаларига олишган.

Айни пайтда, 149 нафар ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронлар энг зарур 15 турдаги меъёрлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари билан ойма-ой тўлиқ ва сифатли таъминлаб турилибди.

Саломатликларини сақлаш учун ёлғизларнинг барчаси март ойида тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилди. Натижада 741 нафар киши амбулатория шароитида, 259 нафари стационар, 768 нафари эса уй шароитида даволанди.

Ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронлардан 155 нафарининг уй-жойлари таъмирлаб берилди. Бу мақсадлар учун 158,5 миллион сўм ҳомийлар маблағи сарф­ланди.

- Республикамиздаги сиҳатгоҳларга пенсионерлар ва ногиронларга ҳукуматимиз томонидан бериладиган бепул йўлланмалар тўғрисида ҳам маълумот берсангиз?

- Вилоятимизда 20 мингдан ортиқ санаторийга бориш истагини билдирганлар бор. Имконият бўлса, ҳаммаларига йўлланмалар берилса эди. Лекин имкониятдан келиб чиқиб, навбатма-навбат талаблари ижобий ҳал этилмоқда.

Амалдаги тартибга кўра, биринчи нав­батда имтиёзли шахсларга, яъни, уруш қатнашчилари ва уларга тенглаштирилганларга, ёлғиз кексалар, чернобилчилар, кўзи ожизлар, 1 ва 2-гуруҳ ногиронларига, улардан ортсагина, ёшга доир пенсионерларга берилиши белгилаб қўйилган.

Ҳозиргача 1634 нафар уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, пенсионер ва ногиронлар сиҳатгоҳларга имтиёзли йўлланмалар билан таъминландилар. Шундан 1290 нафари Соғлиқни сақлаш вазирлигининг йўлланмалари билан, 344 нафари эса касаба уюшмаларига қарашли ҳамда идоравий сиҳатгоҳларда дам олиб қайтишди.

Суҳбатдош Манзура ЭРГАШЕВА.