Халқимизнинг "Қиш ғамини ёзда е" нақли бежиз айтилмаган. Мактаб ўқувчиси пайтимизда ўқиш китобида "Ниначи ва чумоли" масали бўларди. Чумоли уззу-кун тиним билмай меҳнат қиларди. Сабаби аён, аёзли кунларда, айниқса, қишнинг залворли совуқларида тўплаган дони дармон, озуқа бўлиб, баҳор фаслига очиқмай чиқиб оларди.
Шундай экан, кузнинг ёмғирли, қиш фаслининг қорли ойларини нафақат хонадонлар, балки корхона, ташкилот, ўқув муассасаларида ҳам қийинчиликсиз ўтказиш учун заҳира яратиш, мавсумга тайёрлаш бугунги куннинг долзарб вазифаларидандир.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги жами 217 та даволаш-профилактика муассасаларини 2018-2019 куз-қиш мавсумига тайёрлаб қўйиш ишлари бу йил барвақт бошланди.
Жумладан, иситиш, ичимлик суви, табиий газ тармоқлари, қозонхоналар, иситиш қозонларини жорий таъмирлаш, кўмир ва кўмир брикети маҳсулотларини жамғариш учун зарур маблағлар ажратилган.
- Бугунги кунда вилоят қон қуйиш марказидаги иссиқлик тизимини таъмирлаш учун маҳаллий бюджетдан 33,9 миллион сўм маблағ молиялаштирилди, - деди ВССБ қурилиш бўлими бош мутахассиси Аслиддин Раҳмонов. - Шунингдек, болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, вилоят силга қарши кураш, вилоят тери-таносил касалликлари диспансерларида ҳам жорий таъмирлаш ишларини пудратчи "Хумоюн" хусусий фирмаси, "Нодирабегим қурилиш таъмирлаш" МЧЖ, "Наманган таъмирлаш тиклаш хизмати" хусусий фирмаси жадал олиб бормоқда. Шунингдек, 2018 йилда алмаштириладиган иситиш тизимлари, қозонларни манзилли рўйхати шакллантирилди. Молиялаштириш манбаи аниқланди. 36 муассасада 40 та қозонлар янгиланади.
Бошқарма тизимидаги тиббиёт муассасаларига куз-қиш мавсуми талофатсиз ўтиши учун жами 12365 тонна кўмир ва кўмир брикети маҳсулоти олиш режалаштирилиб, захира қилиш ишлари давом эттирилмоқда. Косонсой, Тўрақўрғон, Норин, Чуст, Уйчи, Поп, Янгиқўрғон туманлари 300-400 тоннагача, Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси, вилоят "Бешкапа" ревматология болалар сиҳатгоҳи, вилоят асаб-руҳий, вилоят юқумли касалликлар шифохоналарида эса 50 тоннадан 200-240 тоннагача ёқилғи заҳира қилиб қўйилди.
Бир сўз билан айтганда, мавсумга пухта ҳозирлик кўриш учун имкониятлар бор. Бироқ «Вақтинг кетди, нақдинг кетди», мақоли ҳам ўз вақтида ҳаракат қилишга қаратилган. Вақтдан унумли фойдаланилса куз-қиш ойларида албатта тиббиёт муассасалари ходимларига ҳам, беморларга ҳам шароитлар соз яратилган бўлади. Мавзуга яна қайтамиз.
Суратларда: вилоят тери-таносил касалликлари диспансери, 8-оила поликлиникасидаги янгидан таъмирланган ҳамда қурилган замонавий қозонхоналар ва иситиш тармоқлари.
Рустамали МАМАДАЛИЕВ,
"Шифокор ва ҳаёт" мухбири.