Муҳтарам Юртбошимиз ташаббуслари билан аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, ҳудудларда юзага келаётган масалаларни жойида ҳал  этиш, одамларга қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида амалга оширилаётган хайрли ишлар кўлами тобора кенгайиб бораётир. Ҳудудлардаги ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ва аниқланган муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиш мақсадида Республика Ишчи гуруҳи маҳалла ва хонадонларда  бос­қичма-босқич фаолият олиб бормоқда.

Бугунги кунда эзгу мақсад йўлидаги саъй-ҳаракатлар Норин туманига кўчган. Турли хизматларнинг вакиллари хонадонма-хонадон кириб, эл дарду ташвишларига қулоқ тутмоқда. Улар сафида соғ­лиқни сақлаш ходимлари ҳам бор. Саломатлик посбонлари кўчама-кўча юриб патронаж хизматини амалга ошириш­япти. Шаҳар ва туманлардан сафарбар этилган тиббий гуруҳлар эса  қишлоқлардаги оилавий поликлиникаларда аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказмоқда. Вилоят даволаш-профилактика муассасалари мутахассисларидан иборат  тиббий бригадалар кўп тармоқли марказий поликлиникасида туман шифокорлари билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда. Тиббиёт масканларининг дори-дармонга талаби тўла таъминланган. Фуқароларнинг тиббий-ижтимоий хизматга эҳтиёжи ўрганиб чиқилмоқда. Алоҳида штабда тумандаги барча тиббий фаолият мувофиқлаштирилиб турилибди.

Полвонкўл, Мирсултончек, Дўмар қишлоқларига ташриф буюрган тиббиётчилар гуруҳи хизматидан аҳоли хур­санд­дир. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, вилоят тери-таносил касалликлари диспансери шифокор ва ҳамширалари бу борада ҳамкасбларига ибрат кўрсатишмоқда.

- Ҳамюртларимизнинг тиббий маданиятини оширишга эса алоҳида урғу берилмоқда, - дейди Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот институти Наманган вилояти бўлинмаси раҳбари Ирода Мусаева. - Маҳалларда, ўқув юртларида кенг қамровли тарғибот тадбирлари ташкилланяпти. Аҳоли вакилларига соғлом турмуш тарзи ва тўғри овқатланиш ҳақида буклетлар тарқатяпмиз. Зеро, касалликни даволагандан кўра унинг олдини олган афзалдир.