Вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи Зиёвиддин Мансуровга байрам арафасида биз бир неча саволлар билан мурожаат этдик. Қуйида мулоқотимиз билан танишасиз.

- Истиқлол ислоҳотларининг тарғиботчиси, қимматли ташаббуслар, фойдали тажрибаларни оммалаштириш минбари, янгиликларнинг жарчиси бўлган матбуот ва ахборот тизимининг ўзидаги ижобий ўзгаришлар ҳам бир талай. Аввало гапни шу ҳақда бошласангиз?

- Маълумки, матбуот ва ахборот соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш ва жабҳага оид масалаларни ҳал этиш ваколати берилган Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, шунингдек, вилоят миқёсида бу тизимга дахлдор бўлган бизнинг бошқарма ўзига юклатилган вазифаларни тўлиқ ва самарали амалга оширмаётгани боис бозор муносабатлари шароитида оммавий ахборот воситаларига услубий ёрдам кўрсатиш, уларнинг ишини принципиал жиҳатдан кузатиш, баҳолаш, қўллаб-қувватлаш ёки иқтисодий, ҳуқуқий чораларни қўллаш каби амалий механизмларнинг таъсири деярли сезиларли эмас эди.

Юқоридаги ҳолатларга кескин барҳам бериш, соҳада туб ўзгаришларга асос яратиш мақсадида 2017 йилнинг 11 ав­густида Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Матбуот ва ахборот соҳасида бошқ­арувни янада такомиллаштириш тўғрисида"ги Фармони, бундан сўнг 17 августда "Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги ПҚ-3223-сонли, "Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик мада­ниятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бў­йича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида"ги ПҚ-3271-сонли Қарорлари қабул қилинди. Улар ишимизни тубдан такомиллаштиришда дастуриламал вазифасини ўтамоқда.

Энг аввало, қанча вақтлардан бери пайсалга солиб келинаётган молиялаштириш масаласи ҳал этилиб, бошқармамизнинг муаммолари ўз ечимини топмоқда. Бу албатта, ишда самарали бурилишларга асос бўлиши табиий. Ҳозирда газеталаримизнинг адади, полиграфик ижроси, ба­диий савияси, таъсирчанлик даражаси тобора ортиб бормоқда. Лекин ахборотнинг тезкорлиги, мақолаларнинг таъсирчанлиги, ўз-ўзини танқид ва таҳлил масалалари ҳали кўнгилдагидай, деб бўлмайди.

- Бошқарма фаолияти кейинги йилларда кенгайиб, қўшимча соҳалар кирганлиги барчага маълум. Шулар ҳақидаги мулоҳазалар билан ҳам ўртоқлашсак?

- Дарҳақиқат, илгари фақатгина оммавий ахборот воситалари, яъни газета - журналлар, нашриёт, қисман матбаа соҳасигина бошқарма тасарруфида бўлган бўлса, юқоридаги қарорлар асосида ахборот-кутубхона марказлари ҳамда мониторинг соҳаси тизимимиз таркибига киритилди. Ва бу билан мавжуд ОАВни мониторинг қилиш ҳамда кутубхона соҳасида фаол иш олиб бориш юзасидан бизга нисбатан масъулият оширилди. Вилоятимизда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида барча соҳа ва тармоқларда улкан ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Бу борада жамият ҳаётида эзгу қадрият ва анъаналарни чуқур қарор топтиришга, хусусан, хал­қимиз, айниқса ёш авлоднинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтиришда, она-Ватани ва халқига муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол шахсни тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эга бўлган китобхонлик маданиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, Норин тумани марказида намунавий матбуот ва ахборот-кутубхона маркази ташкил этилганлиги, бу марказга юз мингдан зиёд китоб фондига эга бўлган кутубхона ҳамда туман газетаси таҳририяти жойлаштирилгани қувонарли ҳолдир. Таъкидлаш жоизки, бундай марказларни ташкил этиш масаласи Учқўр­ғон ва Косонсой туманларида ҳам жадал суръатларда бормоқда. Мақсадимиз Наманган шаҳри ва бошқа туманларда ҳам шундай марказларни яратиб, улар фаолиятини намунали йўлга қўйишдир.

- Энди тизимга қарашли Нодира номли АКМ ҳамда "Наманган" нашриёти фаолиятига ҳам тўхталиб ўтсангиз?

- Ҳақиқатан ўз келажаги, эртанги тараққиётига ишонч билан қараган халқ барча соҳалар қатори илм-фан, маданият ва маърифатнинг асосий калити ҳисобланган китобга алоҳида эътибор беради. Худди шунинг учун бутун мамлакатимиз ва вилоятимиз миқёсида китоб байрами тадбири ҳамда "Энг фаол китобхон" кўрик танловларини юксак даражада ўтказилиши ибратли ҳолдир, албатта. Нодира номли АКМда, шунингдек, жойлардаги мавжуд кутубхоналарда ҳар галдагидан кўра кўпроқ фаолият кўрсатилаётгани китоб тар­ғиботи, китоб тақдимоти, китоб мутолааси сингари тадбирларга алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Авваллари "Наманган" нашриёти кўпроқ китобларга грифт бериш масаласи билан шуғулланган бўлса, эндиликда китобларни нашр қилиш, айниқса Наманган адабий муҳити намояндалари ижодини кенг тарғиб қилиш масаласига жиддий ёндошмоқда. Шу йилнинг ўзида вилоятимиздан етишиб чиққан Исҳоқхон Тўра Ибрат, Абдувоҳид Шўхий сингари мумтоз ижодкорларимиз асарлари, шунингдек Лутфулла Маҳмуднинг "Мулла Йўлдош Ҳилватий", Исоқжон Нишоновнинг "Жасорат" асарларининг, ўзбек-қозоқ ижодкорлари қаламига мансуб "Қардошлик ришталари" баёзи, халқимизнинг таниқли хофизи Камолиддин Раҳимов ҳақида "Эл ичра назар топдим", "Эл ардоқлаган санъаткор", жумладан иқтидорли шоирлар Ҳамидулла Арс­лонов қаламига мансуб "Ёдингизда борманми", Абдусаттор Ботировнинг "Таниш дунё" номли китобларининг нашр этилганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бу борадаги фаолиятни яна давом эттириб, "Наманган адабий гулшани" , "Наманган эртаклари", "Наманган тараннуми", "Адабий ўлкашунослик" сингари туркум китобларни чиқариш ҳам нашриёт режасида кўзда тутилмоқда.

- "Шифокор ва ҳаёт" газетамиз тўғрисида ҳам фикр-мулоҳазаларингиз бўлса керак?

- Албатта, Сизлар ишлаётган нашр нафақат тармоқ газеталари орасида, балки вилоятимиз миқёсидаги нашрлар ичида ҳам ўз ўрни ва нуфузига эга. Биринчидан, жамоадаги барча ходимлар соҳа бўйича нафақат мутахассис, балки ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан катта тажрибага эга. Ўзига хос фавқулодда истеъдодга, қобилиятга, тажриба ва салоҳиятга эга эканлигидан шахсан менинг кўнглим тўқ. Ижодий соҳада муҳаррир қандай бўлса, нашр­нинг ўшандоқ бўлиши, муаллиф қандай бўлса, асарнинг ўшандоқ бўлиши, жамоа қандай бўлса чоп этилаётган нашрнинг нуфузи ўша даражада бўлиши бор гап. Шу маънода газета муҳаррири, иқтидорли журналист Абдулла Ғозиевнинг яхши маънодаги инжиқлиги, фаоллиги, жонсараклиги барча муҳаррирларга хос бўлиши лозим фазилатлардандир. Қалами ва қадами чақноқ, ўтюрак ижодкор Содиқ Сайҳуннинг мағзи тўқ, залворли ва тафтли чиқишлари бошқа ижодкорларга ҳам намуна бўлгуликдир. Вилоятимиз бўйича поезд­да қатнаб ишлайдиган биттагина журналист бор. У ҳам бўлса, сизлардаги ҳам қаламкаш, ҳам сураткаш Рустамали Мамадалиевдир. Олтмиш ёшда ҳам болалардай чаққон бу йигитнинг ўзига хослиги ҳам алоҳида ҳодиса бўлиб, тиниб-тинчимаслиги, фаол ва серҳаракатлиги газетанинг сермазмун бўлишида асқотаётганлиги бугун кўпчиликка яхши маълум. Унинг ҳажвиялари бир олам бўлса, ёзганлари яна бир оламдир. Умуман олганда, газетанинг ҳар бир ходими ҳақида истаганча ижобий фикрларни айтиш мумкинлигидан келиб чиқиб, барчангизни касб байрамингиз билан самимий табриклайман. Соҳа ривожидаги туб ўзгаришлар ва юксалишларда янада салмоқли ўрин тутишингизда омад, ривожлар тилайман!

Суҳбатдош Манзура ЭРГАШЕВА.