Норинлик ҳамкасбимиз Равшанбек Мирзаолимов ҳақида гап кетганда шу уч жабҳадаги ўрни ва фаоллиги кўз ўнгимизда намоён бўлади. Сафдошу соҳадошлигимиз боис унинг босиб ўтган шарафли ҳаёт йўлидан яхши хабардормиз. Бугун эса Равшанбек ҳам улуғ 60 ёшга тўлаётган экан, умрининг безакли лаҳзаларини эслаб, тилга олишдан беихтиёр мароқ туямиз. Ахир унинг ўзгаларга ўхшашу ўзгалардан фарқли фазилатлари бир талай. Фақат айримларигагина тўхталиш билан кифоялансак ҳам ибратли инсонлигига яна бир карра ишонч ҳосил қила оласиз.

Журналистлик унинг болалик орзуси эди. Чангитмадаги 41-мактаб партасида ўтириб, янгиликларни хабар тарзида, кўнгил кечинмаларини шеър шаклида дафтарига туширар, гоҳ туман, гоҳ вилоят, гоҳ республика газета-журналларига жўнатар эди. Ёзган мақолалари матбуот саҳифасида эълон қилина бошлангач, "мухбир ўқувчи" мақомини олди. Устозларининг рағбатию, тенг­дошларининг ҳавасини кўриб, тўғри йўлдан кетаётганини ҳис қилди, журналист бўлиш орзусида Тошкент Давлат университетига ошиқди. Кечки бўлимда журналистика илмини эгаллаётгани учун кундузи заводда меҳнат қилди. 1976-1982 йиллар унинг учун ўқиб-ўрганиш, фаол қалам тебратиш, малакасини ўзлаштириш даврига айланиб қолди.

Равшанбек журналистиканинг икки йўналишида бирдай етарли лаёқатга эга кадр сифатида элга хизмат қилди. Ўн йил (1987-1997) Наманган вилоят телерадиокомпания­сида катта муҳаррир вазифасида фаолият юритган бўлса, ўн беш йил (1997-2012) "Норин овози" туман газетасига муҳаррирликни аъло даражада уддалади. Телевидениеда унинг томонидан тайёрланиб эфирга узатилган кўплаб кўрсатувлар, жумладан, "Ёшлик" ва "Ахлоқ одоби билан" радиожурналлари республика танловларида юқори ўринларга муносиб кўрилди. Туман газетаси эса мамлакатимизда иккинчи бўлиб, 8 саҳифали нашрга айлантирилди.

У муҳаррир сифатида ижодий жамоасига шахсий намуна бўлишнинг тўла уддасидан чиқа олди. Чунончи, 2010 йили Равшанбек Мирзаолимов Республика ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўтказилган "Энг ёш ҳуқуқ тарғиботчиси" танловининг ғолиблари қаторига қўшилди. Таниқли журналист, ташкилотчи ва ташаббускор муҳаррир сифатида элга танилди.

Равшанбек Мирзаолимов шоирлик истеъдодини айниқса вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи вазифасида ишлаган вақтида (2012-2015) яққол намоён этди.

Қуёш кўкда маҳлиё,

Ой суйиб сочар зиё,

Хизр назар қилган ё,

Бунча гўзал Наманган,

Тилда ғазал Наманган.

Вилоятимиз шаънига битилган юқоридаги назмий мадҳни унинг 2016 йилда чоп этилган "Тилда ғазал Наманган" китобидан келтирдик. Истиқлолимизнинг 25 йиллик тўйи арафасида мазкур тўплами "Энг улуғ, энг азиз" кўрик-танловида совринли ўринга сазоварлангани Равшанбекнинг шоирлик иқтидорига берилган муносиб баҳо, муносиб эътироф эди, десак асло муболаға эмас. Китобдаги аксарият шеър­ларни мутолаа қилар эканмиз, кўнглимизда озод ва обод юртнинг ўзгача тараннумини туямиз. Истиқлолнинг чин иқболлиги, Ватан манзараларида ҳам, бунёдкор инсонларнинг шахду шижоати тавсифларида ҳам таъсирчан ифодасини топган.

Равшанбек маънавиятнинг фаол тарғиботчи мақомига осонликча эришган эмас. У газета муҳаррирлиги билан теппа-тенг равишда туман маънавият тарғибот бўлими ишини ўз зиммасига олган фидойи кадрлиги учун қисқа фурсатда кўпдан-кўп эзгу тадбирларни ташкиллаб, катта обрў-эътибор топди. Хизматлари эса юксак қадрланди. 2012 йилнинг 7 декабрида Оқ саройда Ислом Каримовнинг қўлидан "Эл-юрт ҳурмати" орденини қабул қилиб олиш шарафига ва бахтига муяссар бўлди.

Эндиликда ҳамкасбимиз мамлакатимиз матбуотининг нуфузли нашрларидан бири - "Қишлоқ ҳаёти" газетасининг вилоят мухбири мақомида қалам тебратмоқда. Равшанбекнинг муттасил изланишлари маҳсули бўлган ранг-баранг мавзудаги мақолаларда вилоятимиз ҳаётидаги беқиёс ўзгаришлар, ислоҳотларнинг ибратли томонлари чуқур таҳлил, ўқимишли талқин қилиниши билан ҳамиша газетхонларга манзур тушмоқда. Яқинда Наманганда ўтказилган 58-аъанавий гул байрами якунида "Қишлоқ ҳаёти" газетаси тадбир моҳиятини, нафосат намойиши манзараларини тўлақонли ифодалагани учун махсус соврин билан тақдирланди.

Салкам 90 ёшли волидаи муҳтарамалари Каримахон аянинг дуоларини олиб, хайрли ва савобли ишлар ортидан елиб-югуришга одатлангани учун "Отангга раҳмат!" деган олқишларга сазоворланиб, заҳматкаш педагог Қоражон отанинг руҳларини шод айлаётган Равшанбек Мирзаолимов бугун ўз ҳаётидан ғоят мамнунлик кайфиятда яшамоқда. Умр йўлдоши, муаллима Мўйбахон билан икки ўғилу икки қизни яхши тарбиялаб, эл хизматига йўллагани, саккиз набиранинг бобосига айлангани унга чексиз фахру ғурур бағишлагани бағишлаган. Чинакам пиру бадавлатлик шу эмасми аслида.

Содиқ САЙҲУН.