Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва даражасини тубдан ошириш соҳада кечаётган ислоҳотларнинг пировард мақсадидир. Соғлиқни сақлаш тармоғи фаолиятини юксалтиришни эса унинг моддий-техник имкониятларини ривожлантиришсиз тасаввур этиб бўлмайди. Шу боис ҳам тиббиёт муассасалари бино ва иншоотларини замон талабларига мос равишда қайта қуриш ҳамда таъмирлаш масаласига устувор вазифа сифатида қаралмоқда. Бинобарин, ушбу мақсадлар учун йўналтирилаётган инвестиция миқдори йил сайин ортиб бормоқда. Кейинги йилларда давлат бюджетидан ажратилаётган маблағлар ҳажми деярли ўн баробар ўсганлигини алоҳида эътироф этмоқ жоиз.
- Шуни мамнуният билан қайд қилиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2018 йил инвестиция ва инфратузилма лойиҳалари рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида"ги ПҚ-3507-сонли Қарори ижроси доирасида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги йигирмата даволаш-профилактика муассасаларида реконструкция ва капитал таъмирлаш ишларини бажариш кўзда тутилган. Ишлаб чиқилган лойиҳаларнинг амалга оширилиши учун эса 49 миллиард 336 миллион 300 минг сўм маблағ ажратилди,-дейди бошқарма бошлиғининг ўринбосари Мухторжон Жўрабоев.
- Айни пайтда барча объектларда қурилиш ва таъмирлаш ишлари жадал бормоқда. Жумладан, Наманган шаҳрининг Уйчи кўчасида янги оилавий поликлиника биноси қад ростлаяпти. Ҳудуд инфратузилмаси равнақида ўзига хос ўринни эгаллайдиган лойиҳа асосида барпо этилаётган муҳташам тиббиёт маскани биноси 250 қатновга мўлжалланган. Унинг қурилишига 3 миллиард 500 миллион сўм маблағ сарфланиши белгиланган. Объектни "Наманган давр қурилиш" масъулияти чекланган жамияти бинокорлари тиклашмоқда.
Шаҳримиз марказида қурилаётган салобатли тиббиёт муассасаларидан яна бирига эса Республика эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказининг вилоят филиали кўчиб ўтади. Замонавий лойиҳа асосида, тўрт қаватли файзли бинолардан мужассамлашган муассаса ҳудуди салкам 2 гектар майдонни эгаллайди. У 160 ўринли даволаш бўлими ва 120 қатновга мўлжалланган поликлиникадан иборат бўлади. Мазкур қурилишга давлат бюджетидан 5 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Шу кунларда қурилишда иш авжга чиққан. "Файзиобод-само-сервис" масъулияти чекланган жамияти бинокорлари ярим йилдаёқ биноларни тиклашга муваффақ бўлдилар. Ҳозир эса пардозлаш ишлари жадал олиб борилмоқда. Муҳандислик-коммуникация тармоқлари тортиляпти, электрлаштириш юмушлари бажариляпти. Уни давлатимиз мустақиллигининг йигирма етти йиллиги байрамига қадар қуриб битказиш чоралари кўрилаётир.
Тиббиётда кечаётган ислоҳотлар баробарида қуйи тизим ишини янада яхшилаш зарурияти юзага чиқмоқда. Бу - айниқса, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларига қарашли биноларнинг таъмирталаблигида яққол кўринади. Аҳолига қулай шарт-шароит яратиш мақсадида қишлоқ оила поликлиникалари ва қишлоқ врачлик пунктларини маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан ҳам жорий ва мукаммал таъмирлаш чоралари кўрилаётганлиги диққатга сазовордир.
- Вилоят ҳокимлиги томонидан тасдиқланган манзилли рўйхатга асосан қишлоқ оила поликлиникалари ва қишлоқ врачлик пунктлари биноларини реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш учун маҳаллий бюджет ҳисобидан 9 миллиард 784 миллион сўм маблағ ажратилган. Айни пайтда вилоятимиздаги 11 та қишлоқ оилавий поликлиникаси ва 9 та қишлоқ врачлик пунктларида қурувчилар астойдил меҳнат қилишмоқда,- дейди бошқарма қурилиш бўлими мутахассиси Аслиддин Раҳмонов. - Биргина Тўрақўрғон туманидаги Шаҳанд қишлоғида жойлашган 29-қишлоқ оилавий поликлиникасининг кўп қаватли биносини қайта таъмирлаш учун 1 миллиард 200 миллион сўм сарфланиши аҳолини беҳад мамнун этмоқда.
Истиқлол йилларида узоқни кўзлаб амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари натижасида жонажон Ватанимиз янада обод ва кўркам бўлиб бормоқда. Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан "Обод қишлоқ" дастури ишлаб чиқилганлиги эса олис ҳудудларимизнинг ҳам гуллаб-яшнатиш имконини бераётир. Мазкур ҳужжатда белгиланган улуғвор вазифалар ижроси боис, қишлоқларимиз янада тараққий этиб, инфратузилма равнақ топмоқда.
Хусусан, тиббиёт масканларини ҳам давр талаблари асосида ривожлантиришга урғу берилмоқда. Жумладан, жорий йилда вилоят соғлиқни сақлаш тизимидаги йигирма тиббиёт муассасаси "Обод қишлоқ" дастурига киритилган. Шундан 2 та поликлиника, 3 та ҳудудий бўлим, 7 та ҚОП, 5 та ҚВП ва 2 та тез ёрдам шаҳобчаси биноси таъмирланади. Бу мақсадлар учун жами 8 миллиард 823 миллион 500 сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган.
Қисқаси, "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили"да вилоятимиз тиббиётининг салоҳияти мисли кўрилмаган даражада юксалишига ишончимиз комил. Қурилиш-таъмирлаш ишларига йўналтирилаётган сармоя 67 миллиард сўмдан ортганлиги ғоят қувонарлидир. Сарфланган миллиард-миллиард сўм маблағлар эвазига янги қиёфага кирадиган соғлиқни сақлаш масканлари энг сўнгги русумдаги тиббиёт асбоб-ускуналари билан таъминланади, албатта. Улардан самарали фойдаланиш баробарида эса юртдошларимизга кўрсатилаётган тиббий хизмат даражаси янги босқичга кўтарилишига шубҳа йўқ.
Абдулла ҒОЗИЕВ.