Ҳаёт эзгулик билан гўзал. Инсон борки, ширин орзу-умидлар билан яшайди. Уларнинг рўёбига эришиш учун барчамизга олий неъмат саломатлик ғоят зарур. Баъзан эзгуликка ёвузлик кўланка солади. "Аср вабоси" номини олган гиёҳвандлик ана шундай бало-офатлардан бири саналади. Бу иллат шундай разилки, ўз домига тортган одамни разолат дунёсига етаклайди ва жамиятдаги ўз ўрнини йўқота бошлаганини билмай қолади.
Гиёҳвандлик ижтимоий хавфга эга. Унга берилган инсон жамиятга ҳеч қандай фойда келтирмайди, балки бошқаларни ҳам тубанлик ботқоғига етаклайди. Баъзан гиёҳвандлик қурбонига айланиб қолган инсонларнинг қисматини кўриб, уларга нисбатан нафрат, қаҳр ва раҳм туйғуларининг уйғониши табиий. Боз устига бундайларнинг қуриётган дарахт мисол умри эвазига айрим қора ниятли ёвуз кимсаларнинг ҳамёни қаппаймоқда. Одам қиёфасидаги ёвуз шахсларнинг қора оғуни вояга етмаган ёшлар орасида тарқатиб, уни истеъмол қилишга йўл-очаётганига жим қараб туриб бўлмайди.
Статистик маълумотларга кўра, ҳар йили гиёҳвандлик ортидан 200 мингдан ортиқ киши ҳаётдан кўз юмади. Шу билан бирга жаҳонда содир этилаётган жиноятларнинг 57 фоизи гиёҳвандлар ҳиссасига тўғри келади. Келажак эгаси бўлмиш ёшларимизни гиёҳвандлик балосидан асраш кўп жиҳатдан кенг жамоатчиликка, ота-оналарга, мактаб, ўқув юртларининг мураббийларига, маҳалла оқсоқолларига боғлиқ. Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтишини ташкил этиш, ундан оқилона фойдаланишни таъминлайдиган шароитларни яратиш, турфа машғулотларга қизикувчилар учун тўгарак ва клубларни кўпайтириш яхши самара беради.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 январдаги "Ўзбекистон Республикасида одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-3493-сонли қарори асосида фаол иш олиб борилаётган экан, бу борада гиёҳвандликка қарши кураш ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Ҳозирги пайтда гиёҳвандлик қийин даволанадиган касаллик ҳисобланади. Чунки у инсон танасидаги барча аъзолар ва тизимларни шикастлайди. Даволанишнинг мураккаблиги шундаки, тиббий йўл билан жисмоний боғликликни йўқотиш мумкину, руҳий боғлиқликни эса тиббий йўл билан бартараф этиш мушкул. Қон томирига гиёҳ моддаларини қабул қилишда кўп ҳолларда шприц орқали ОИВ касаллиги бир шахсдан бошқа шахсга юқиб қолиши кузатилади.
Гиёҳвандлик ва ОИТС инсонлар орасида мавжуд экан, улардан қўрқиш эмас, балки ҳимояланиш зарур. Бошга келадиган кулфатлар хавфининг олдини олишни билиш лозим.
Хулоса ўрнида маслаҳат берамиз: ҳар доим соғлом турмуш тарзига риоя қилинг. Спиртли ичимликлар, гиёҳванд моддалар истеъмол қилишдан, тамаки маҳсулотларини чекишдан воз кечинг, оилангизга садоқатли бўлинг, тиббий хизматга зарурат сезилганда бир марта ишлатиладиган шприцлардан, тиббий воситалардан ва мукаммал зарарсизлантирилган асбоб-ускуналардан фойдаланинг. Соғлом турмуш тарзи ва оилага содиқлик фазилатларини шакллантириш бугунги кунда ҳар бир оилада ота-онанинг бурчи ҳисобланади. Шунга амал қилсаккина ОИТСнинг олдини олган бўламиз.
Д. ҲАСАНОВ,
Х. МИРЗАЕВ,
вилоят ОИТСга қарши кураш маркази мутахассислари.