Инсоният тараққиётининг янги-янги чўққиларини забт этмоқда. Бироқ жаҳонда халқлар, миллатлар келажагига таҳдид туғдирувчи бир қанча омиллар ҳамон сақланиб қолмоқда. Ана шундай хатарлардан бири гиёҳвандлик балоси ҳисобланади. Глобал муаммога айланган ушбу иллатга қарши курашишда давлатлараро ҳамкорлик ғоят муҳимдир.
Жумладан, гиёҳвандлик, психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда муомалада бўлишига қарши курашиш бўйича Марказий Осиё минтақавий ахборот мувофиқлаштириш марказини ташкил этиш тўғрисида Россия Федерацияси, Озарбайжон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида битим тузилган. Бу эса жаҳоний иллатга қарши курашишни бирлаштириб туради.
Ҳозирда гиёҳвандликнинг олдини олишдаги асосий вазифамиз, ёш авлодни соғлом турмуш тарзини шакллантиришга йўналтиришдан иборатдир. Бу болалар ва ўсмирлар ҳаётининг барча даврларида гиёҳвандликнинг олдини олишга яхлит ёндошишни кўзда тутади.
Бирламчи профилактика тадбирлари, авваламбор, ҳали психоактив моддаларни татиб улгурмаган болаларга ва ёшларга қаратилиши лозим. Гиёҳвандлик моддаларига қарам бўлиб қолишдан фожеага йўл қўймаслик учун, гиёҳвандлик моддалари билан "тажриба" ўтказишга уринишларнинг олдини олиш бўйича иккиламчи профилактика тадбирларни ўтказиш зарур. Мазкур юмуш таълимнинг барча босқичларида, барча турдаги таълим муассасаларида амалга оширилиши мақсадга мувофиқ.
Гиёҳвандлик моддаларига қарам бўлиб қолган киши шифокорлар эътиборига тушади ва у билан учламчи олдини олиш (реаблитация) ишлари ўтказилади.
Ҳар қандай профилактика чора-тадбирлари мувофиқлаштирилган ҳолда олиб борилса, етарли самара беради. Ота-оналарни, ўқитувчиларни, мактаб ишчи-ходимларини, бутун жамият салоҳиятини жалб этмай туриб, фақат болалар билан иш олиб бориш билан катта ютуқларга эришиш қийин.
Малика ДЕҲҚОНОВА,
вилоят наркология
диспансери ҳамшираси.