Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мажлислар залида ўтказилган "Маҳорат дарси"га шаҳар ва туманлар тибиёт бирлашмалари дерматологлари, координаторлари, умумий амалиёт шифокорлари, ДСЭНМ мутахассислари, врач-лаборантлари таклиф этилди.
Вилоят тери-таносил касалликлари диспансери бош врачи Яҳёжон Айтуғдиев йиғилганларга кўргазмали воситалар орқали "Қўтир - қўтир канаси чақирувчи ва қичишиш билан кечадиган терининг паразитар касаллигидир" мавзусида маъруза ўқиди.
- Қўтир касаллиги бевосита, яъни бемор билан тўғридан-тўғри мулоқотда бўлганда, билвосита, яъни бемор ишлатган буюмлар ва нарсалар орқали соғлом одамга юқиши мумкин, деди маърузачи. - Шунинг учун дерматологлар ташхис қўйишга эътибор беришлари, бемор билан алоқада бўлган шахслар аниқланиб назоратга олиниши муҳим аҳамиятга эга.
Нотиқ слайд орқали беморларнинг қўл, оёқ, кафт, тирсак, бел соҳаларида пайдо бўлган йирингли касаллик, уларнинг ўчоқларини кенг тушунтирди. Ўқув ва таълим муассасаларининг тиббиёт ходимларини ҳам эътиборсиз бўлмасликлари, тиббий кўрикка ҳар бир бола жалб этилиши кераклигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Тадбирда Наманган шаҳар ДСЭНМ бош врачи ўринбосари Ботиржон Бозоров, вилоят юқумли касалликлар шифохонаси бўлим мудири Саидкамол Жакбаров ва бошқалар ҳам жойларда касалликнинг олдини олиш ва даволашда кўрилаётган чора-лар хусусида фикр-мулоҳазалар билдирдилар.
Рустамали МАМАДАЛИЕВ,
Муаллиф тасвирга олган.