Кечагидек эсида, лор врачи Ботиржон Садриддиновнинг қабулига собиқ синфдоши Исмоилжон ташвишли қиёфада кириб келди.
- Дўстим, ўғлим кечаси билан қулоқ оғриғидан азоб чекиб, ухламай чиқди, ҳеч бунақа ҳолатга тушмаганди. Шошилиб олдингга келавердик, - деди у нажот кутиб.
- Ҳеч қиси йўқ, ҳозир ҳаммаси ортда қолади, кўрамиз, малҳам қўямиз,-деди одатига кўра беморнинг отасини хотиржам торттириб.
Дарров бошига рефлекторини тақди. Пешонасидаги ботиқ ойна рўпарасидаги нурни йиғиб, синдириб қулоқ ичини ёрита бошлади. Кўрдики, ташқаридан кирган нимадир турибди. Қон ҳам сизган. Синчиклаб текширишда давом этар экан, қулоқ пардаси янги тешилганини, қон лаҳтаги ҳосил қилганини ҳам аниқлади. Махсус игна ёрдамида илиқ фурацилин билан ташқи эшитув ва ўрта қулоқ бўшлиғини юваркан, ўзи ҳам таажжубга тушди: у ердан қизғиш қизил қурт чиқди. Бола тинчланди.
- Нима бу ?- Исмоилжон ҳам ҳайрон боқди.
- Ўрта қулоқ бўшлиғидаги қурт, шу чоққача қулоқни жонсиз нарсалардан тозалаган эдик, сизнинг ўғлингизда эса...
- Қойил, Ботиржон!- Яхшиям олдингга вақтида олиб келибман. Бўлмаса, эшитиши йўқолармиди?
- Йўқолмасаям, оғирлашарди, ҳаётнинг гўзаллиги эшитишга жудаям боғлиқ, бундан буён сира бепарво бўлмасин! Қулоғи тўла тузалгунича ёзган дориларни томчилатиб қуйиб турасиз.
Яна бир воқеа ҳеч ёдидан чиқмайди.
Ўшанда ҳузурига кирган ёшгина аёлнинг ҳолатиёқ врачни ташвишга солганди.
- Мунаввархон, кўзларингиз қизариб, қовоғингиз шишиб кетишидан анча дард тортганга ўхшайсиз,-деди у аёл димоғини текшира бошлар экан.- Бошингизда оғриқ бордир.
- Нимасини айтасиз дўхтир, кеча-кундуз қийналяпман. Яхши нафас ололмаяпман.
Врач пешонасининг қуйи қисмида гилос данагидек қаттиқ бир нима борлигини пайқади-ю, беморни чўчитмади. "Ўсимта бўлса жуда ёмон, агар бошқа ёт нарса бўлса, зудлик билан олиб ташлаш зарур" деган фикр хаёлидан ўтди.
- Димоғидан келаётган бадбўй ҳид иккинчи тахминига ишончини орттирди.
- Озгина чидаб турсангиз, кўзингизга асорат берган, қулоғингиз эшитишини пасайтирган "душман"ингизни яширинган жойидан олиб ташлаймиз.
Врач жарроҳлик асбобларини қўлига олганча чаққонлик билан ишга тушди. Бурун бўшлиғи бўйлаб асбобини аста юқорилатди. Ўйлаганидек, данак атрофи туз билан ўралиб тошга айланиб кетган экан. Ҳатто йиринг-марда тўплабди. У димоқ тепасини ёт нарсадан халос этгач, ўрнини тозалаб ҳам қўйди.
- Сизга катта раҳмат, дўхтир!-деди гўё ўзини дунёга қайтадан келгандек ҳис этган бемор Мунаввархон.- Қаттиқ азобдан осонгина қутултирдингиз-а.
- Энди эҳтиёткор бўлинг, хўпми? Ахир ҳар биримиз соғлигимизни сақлаш ўзимизга боғлиқ эканини унутмаслигимиз лозим.
Юқоридаги воқеа лор врачи Ботиржон Садриддиновнинг фаолияти давомида учраган ўнлаб ҳолатлардан иккитаси, ҳолос. Аслида у қирқ тўрт йилдан буён халққа беминнат хизматда. Ҳамиша отасига раҳматларни эшитишдан фахрлангани фахрланган. Боиси, падари бузруквори Садриддин Ниёзов моҳир тракторчи бўлса-да, фарзандига ўз вақтида эзгу рағбат бериб, қўллаб-қувватлаган эди, 1967 йил мактабни битирган чоғида: " Ким бўлмоқчисиз, ўғлим?" деб сўраганида, у одоб билан гарчи математика муаллимлигини ниятлаб турса-да: "Ким бўлишимни хоҳлайсиз?" дея саволга савол билан жавоб қайтарганди. "Тайибликка ўқинг, жуда савобли юмуш" деб уқтирганлари ҳамон ёдимда.
Ботиржон 1968-1974 йилларда Андижон давлат тиббиёт институтида таҳсил олди. Дастлаб Уйчи туман шифохонасида интернатурани ўтади. Етти йил Наманган тиббиёт билим юртида ёшларга таълим берди. 1982 йилдан эса шаҳар, сўнгра вилоят шифохонасида лор врачи бўлиб фаолият кўрсатди. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалида, вилоят тиббиёт диагностика марказида, шаҳар марказий поликлиникасида болаларни даволади. Ҳозирда меҳнат фахрийси, бироқ касбини қилмаса туролмайди. 10 -оила поликлиникасида фаолиятини давом эттирмоқда.
Ботиржон ака тиниб-тинчимас инсон. Билганларидан ҳамкасбларини баҳраманд этишни яхши кўради. Украинада чиқадиган "Ушнўх, носовўх и горловўх болезней" журналида "Ўрта қулоқ бўшлиғида турли ёт жисм", Россиянинг "Вестник оториноларингологии" тўпламида "Бурунда тош ҳосил бўлиши ва унинг асоратлари" мақолалари ёритилган.
Шугина эмас, у ҳамиша замон билан ҳамнафас, ҳамқадам. Янгиликларни излайди, рационализаторлик таклифларини ўртага ташлайди, ихтиролар қилиб, ҳамкасблари корини енгиллатишни жуда-жуда истайди. 2015 йили Тошкент врачлар малакасини ошириш институтига ўқишга борганида қимматли рационализаторлик таклифи учун № 00016 рақамли гувоҳномани қўлга киритди. Ўзбекистон Республикасининг ихтирочилар ва рационализаторлар жамияти Кенгашининг қарорига мувофиқ берилган ушбу гувоҳномани институт ректори, профессор Д. Собиров ҳамкасблари ўртасида тантанали топширди. Эндиликда унинг таклифи ва ўзи ясаган асбоби нусхалари ўзининг ҳам, ҳамкасбларининг ҳам самарали муолажаларида доимо асқотяпти. Яъни ҳиқилдоққа дори қуйиш учун бир марталик шприц игнаси учига туташтириладиган эгма мослама врачларга беморни даволашда ғоят қулайлик туғдирмоқда.
Меҳнат фахрийси умр йўлдоши Саодатхон ая билан 2 ўғилу 3 қизни вояга етказишиб, эл хизматига йўллашган. 13 набиранинг бобоси ва бувисига айланишган. Садриддин аканинг тилларидан "Шукр, шукр, минг бора шукр" деган калима ҳеч вақт аримайди.
- Истиқлолли юртимизнинг толеи баланд кексалариданмиз,-дейди у киши мамнуният билан.- Ҳатто ҳаж зиёратигача адо этиб келиш бахтига муяссар бўлганларданман. Тинчу осуда ҳаётимизга ҳеч қачон кўз тегмасин. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ҳар бир ташрифлари Наманганимиз учун янгидан-янги истиқболли лойиҳалар рўёбини тезлаштириб юбораётганидан ҳамиша хурсандмиз. Биз, кекса шифокорлар Юртбошимиз ғамхўрликларига жавобан ёшлар билан бир сафда туриб, халқимиз саломатлигини сақлашга янада фаол ҳисса қўшаверамиз.
Содиқ САЙҲУН.