Ёшлик - орзуларга, интилиш ва изланишларга тўла палла. Олам ва одам ҳақида кўнгилларида кечганларини оппоқ қоғозлар бағрига муҳрлаш эса истеъдод соҳибларигагина хос ноёб хусусият. Тўғри, дастлабки қораламалари юксак талабларга тўла жавоб беролмас, лекин истеъдод эгаларига рағбат ёғдириш меҳру ардоққа ташна ниҳолларга сув қуйишга, қуёшдек тафту нуридан баҳраманд этишга ўхшайди. Наманганда фаолият юритаётган бизнинг "Ижодкор ёшлар" клубимиз бу борада катта режалар билан қутлуқ қадамларни ташламоқда.
Шуни таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши томонидан эътибор тобора кучайтириляпти. Шаҳар ва туманлардаги иқтидорли ўқувчилар ва талабалар учун ёшлар маркази эшиклари кенг очиб қўйилган. Улар ёзганларини бир-бирларига ўқиб беришлари, асарлари устида фикрлашиб, мушоҳада юритишлари учун барча шароитлар муҳайё. Ҳар гал тўпланганимизда сафларимиз янги-янги ижодкорлар ҳисобига кенгайиб бораётгани янада қувончли.
Клубимизда "Маҳорат мактаби" сабоқлари изчил йўлга қўйилган. Наманганнинг таниқли шоир ва ёзувчиларини даврамизнинг тўрига таклиф этмоқдамиз. Шу йилнинг ўтган олти ойида Абдулла Жалил, Содиқ Сайҳун, Дилором Эргашева, Руқия Ғозиева ва Исоқжон Нишонов каби устозлар билан ёшларнинг учрашувлари ғоят мароқли кечди.
Айниқса, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими билан мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатганмиз. Таниқли шоир Жамолиддин Муслим бўлим фаоллари билан биргаликда адабиёт гулшанига энди-энди кириб келаётган ижодкорларнинг биринчи китоблари тақдимотини ўтказишга яқиндан кўмак бермоқдалар. Жумладан, наманганлик Гулҳаё Ҳошимова, поплик Муаттар Ғафурова, уйчилик Машҳура Аҳмаджоноваларнинг "Тошқин туйғулар", "Райҳон бўйлари", "Ёшлик нафосати" тўпламлари кўп сонли мухлисларга тантанали тақдим қилинди. Энг муҳими, ёшларнинг шеърият гулшанига ўзига хос овозлари билан дадил кириб келишаётгани кўпчилик томонидан эътироф этилаётир.
Ёшлар куни арафасида клубимиз аъзолари ижодидан намуналар билан газетхонларимизни таништирар эканмиз, бу улар учун таҳририят томонидан муносиб рағбат бўлса, сиз мухлислар олдида яна бир имтиҳондир, албатта.
Манзура АБДУЛЛАЕВА,
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи стипендияси соҳибаси,
Наманган "Ижодкор ёшлар" клуби раҳбари.
МЕҲР ҚОЛУР, МУҲАББАТ ҚОЛУР
Ёруғ оламда бир гўша бор. Бу гўшанинг умр гузаронлари нигоҳларида илинж ва умид намоён. Гап меҳрибонлик уйи ҳақида кетмоқда. Кунларнинг бирида иш юзасидан унинг остонасини ҳатлашим билан жажжи қизалоқ югуриб келганча юзларимга тикилиб, болаларга хос эркалик билан "Мени олиб кетгани келдингизми?" деб қолса бўладими. Юрагимдан нимадир узилгандай ҳис қилдим ўзимни. Беихтиёр кўзларимда ёш қалқиди. Шу норасида қизнинг гуноҳи нима, дунёга келиб нима кўряпти?! Миттигина юрагида дард билан ота-онаси меҳрини соғиниб, уларнинг келишига илҳақ яшаяпти. Ўйга толаман: уларнинг ота-онаси ким, қаерларда молу дунё кетидан қувиб юришибдийкин?
Яхшиямки мустақил Ўзбекистонимизда етти ёшдан етмиш ёшгача эътибордан четда эмас. Юртбошимиз ташаббуслари билан ҳар йили меҳрибонлик уйларида тарбияланаётган минглаб ўғил-қизларга бағишланган тантаналар, мутасадди идоралар томонидан эса кўнгилочар тадбирлар ташкилланади. Ҳатна тўйлари ўтказилади. Бундан ташқари уларнинг соғлом ва бақувват бўлиб камол топиши учун алоҳида ғамхўрлик муҳити барқарор. Лекин болага барибир ўз ота-онасини меҳри керак.
Шу ўринда ҳаётда ўзим гувоҳи бўлган бир воқеани сўзлаб берсам. Тиббиёт коллежида сабоқ олиб юрган кезларим биздан бир курс қуйида бир йигит ўқирди. Биз навоийхонлик тадбири ўтказилганида танишган эдик. У бошқалардан ўзининг одоби, интизоми билан ажралиб турарди. Оғир-вазмин, кўзлари маъюс. Гўёки қандайдир дарди борга ўхшарди. Кўп гапирмас эди-ю, бировдан ёрдамини аямасди. Ҳамма фанларни аъло баҳоларга ўзлаштирарди.
Мени эса журналистикага қизиқишим боис, уни суҳбатга тортдим. "Ҳаётда армонингиз борми, агар сир бўлмаса?"- дедим. "Ҳа, кўксим тўла армон" дея жавоб берди. Мен ҳайрон бўлдим: "Нима, жўрттага айтяпсизми, ҳали балоғат ёшига етиб-етмаган болада қандай армон бўлиши мумкин. - У жим бўлиб қолди, мен эса ўжарлигим туфайли яна гапиришга ундадим. - "Майли, сизга айтақолай, опа, мен доим инсонларга қўлимдан келганча яхшилик қиламан, ҳозирча ҳеч кимнинг кўзидан ёш оқишига сабаб бўлмаганман, юрагимни бир армон тирнайверади. Бувимнинг айтишларига қараганда, мени сой бўйидан топган эканлар..."
Халқимизда "Нимани хор этсанг, шунга зор бўласан" деган ҳикматли гап юради. Азизлар! Бугун ўз жигарбандингизга меҳр беринг, суйиб-эркаланг, эртанги кунга умид билан яшанг, кексайиб танингиздан қувватингиз кетганида, ана шу меҳрнинг ширин мевасини, роҳатини тотийсиз. Ахир ҳаммамиз яхши ном қолдириш учун дунёга келамиз-ку! Сиз ҳам ўз номингизни ҳаёт дафтарига зарҳал ҳарфлар билан муҳрлаб қўйингки,ортингиздан фақат ва фақат меҳр деган боғ қолсин.
Ҳилола АБДУЛЛАЕВА.
ҲУР ДИЁР
Улғайдим мен бағрингда,
Камол топдим кафтингда.
Номи улуғ маконим,
Гўзал Ўзбекистоним.
Истиқлолли ҳур диёр,
Тупроғи зар, дур диёр.
Обод шаҳру қишлоғи,
Бахтга тўлиқ қучоғи.
Ҳар гўшаси гулга кон,
Чиройи тенгсиз достон.
Ирода СОЛИЖОНОВА,
Чуст туманидаги 11-мактаб ўқувчиси.
ДАЪВАТ
Қўлларинг бер қўлимга,
Келажакка йўл бошла.
Ҳеч ҳайиқмай тенгдошим
Дадил қадамлар ташла!
Бахтли юрт фарзандисан,
Тараққиёт ўнг-сўлинг.
Бош мезонинг эзгулик,
Ҳар томон очиқ йўлинг.
Ҳасратда куюнма ҳеч,
Кулиб турар иқболинг.
Интилавер эрта-кеч,
Ёруғдир истиқболинг!
Марварид АКБАРОВА,
Мингбулоқ туманидаги 6-мактаб ўқувчиси.
УМИД
Мақсаднинг укаси умиддир гўё,
Унинг билан доим гўзалдир дунё.
Кўнглинг ёғдусидан нурга чулғонсин,
Оловдай ловуллаб, чарсиллаб ёнсин.
Тиниб-тинчимасин, чорласин олға,
Умид етказади бахту иқболга.
"Бўлди бас, чарчадим" дема ҳеч қачон,
Янги ҳаёт турар олдинда ҳар он!
Сурайё АБОБАКИРОВА.
Наманган шаҳри.
ЎЗБЕКИСТОНИМ
Бу замин азалдан буюкларга бой,
Она юртим каби йўқдир бирор жой,
Маънавий бойлиги халқимга чирой,
Улуғлардан мерос Ўзбекистоним.
Халқим бағрикенгдир миллатлар аҳил,
Боғлари болмакон, мевалар сархил,
Ғоялар ранг-баранг, барча эл якдил
Йўли ўзига хос Ўзбекистоним.
Йигитлари мағрур - "Темурбек" ўғлон,
Қизлари Барчиндай уради Жавлон,
Ҳар жабҳада ҳар вақт етарли имкон,
Ёшлари фидокор Ўзбекистоним.
Кўзимга тўтиё муқаддас тупроқ,
Сендан куч олади гиёҳу япроқ,
Ҳеч ким севолмагай ўзимдан кўпроқ,
Суюклардан суюк Ўзбекистоним.
Зумрад КЕЛДИБОЕВА,
Тўрақўрғон туманидаги 33-мактаб ўқувчиси.
НИГОҲИНГИЗ
Нигоҳингиз гўёки олов,
Куйдиради мени бегумон.
Сизни кўрган онимда ҳатто,
Айланмайди бу бийрон забон.
Нигоҳингиз гўёки олов,
Ўтдан олиб, ўтга ташлайди
Яна қанча қилурман бардош,
Билмам бу йўл қайга бошлайди.
Нигоҳингиз гўёки олов,
Эритар қалб муз қоясини.
Оловларга берибла бардош
Ёзгум бу ишқ ҳикоясини.
Насиб этармикин менга ишқ
Сизсиз синар севгим синови,
Кечгум десам, занжирлар қайта,
Нигоҳингиз ўтли, олови.
Назокат АКМАЛХОНОВА.
Чортоқ тумани.
ИЛТИЖО
Ортимизда қолар йўллар хайр энди,
Капалагин кутган гуллар хайр энди.
Қололмасман сизла бирга имконим йўқ,
Бу ёғига ҳижрон билан сайр энди...
Эсар шарқдан майингина шаббодалар
Кокиллари ерни ўпган қизни излаб.
Менинг эса юрагимда алам ёнар,
Кўзим ёнар ёрим босган изни излаб.
Меҳрибоним, меҳрларга тўла коним,
Қумсаяпман «бегим» деган сўзларингни.
Қани эди бўлса менда бир имконим,
Ёшлатмасдим кўзмунчоқдай кўзларингни.
Аҳлиддин АСҚАРОВ.
Уйчи тумани.
ЭКГ
ЭКГ - бу чизиқ қандайин маъно,
Босиб ўтган ҳаёт йўллариммикин?
Ёки юрагимдан берилган садо
Кечган яхши-ёмон кунлариммикин?
Айтинглар, недир бу чизиқ маъноси,
Ҳаётнинг серзаҳмат дамларимикин?
Сабрда, бардошда енгилмай, толган
Юрагимнинг зарбли ғамларимикин?
Айтинг доктор, менга унинг изоҳин,
Наҳот юрагимни қилибман хафа.
Ўйлайин кечикмай унинг давосин,
Мен ҳам ғамин чекай бугун илк дафъа.
Чизиқлар гоҳ тепа, гоҳида пастдир,
Юрагим неларга қилган экан аҳд.
Тез-тез қийнасам ҳам билишим ростдир-
Асли бу чизиқлар мен учун бир бахт.
Дилноза УРМОНОВА.
Наманган шаҳри.
БОЛАЛИГИМ
Илк армоним ушладику қўлларимдан,
Тутқич бермас хаёлларга эргашдим мен.
Юрсам эди, яна ўшал йўлларимдан,
Болалигим, сени жуда соғиндим мен.
Ўша гўзал кунларимга қайтгим келди,
Хаёлимда чанг кўчангда чопардим мен.
Бугун сенга бир оғиз сўз айтгим келди,
Болалигим сени жуда соғиндим мен.
Юргандим-да бахтиёр у кунларингда,
Юракдаги соғинч билан овундим мен.
Бормоқ истаб эртакнамо оламингга
Болалигим, сени жуда соғиндим мен.
Моҳина МАМАТУРАИМОВА,
НамДУ талабаси.
ЕНГИЛИШ
Сенга сўйламайман деб,
Сўзимни беркитаман.
Сени кўрмаслик учун
Кўзимни беркитаман
Қандай қилиб ўзимдан,
Ўзимни беркитаман.
Жавобсиз севги учун
Юрагимни хўрладим.
Меҳримни қаёнларга
Ва кимларга йўлладим?
Кўзларимдан оқдингиз,
Оҳ, пешона шўрларим...
Тошга айланар дилим,
Юрагимда муз гуллар.
Қачон тамом бўларкин,
Бу азоблар, мушкуллар.
Зирқираб кетди ахир,
Тоғ кўтарган мускуллар.
Сенга тутқич бермайман,
Юзимни беркитаман.
Ёпилар эски саҳфа,
Кўзимни беркитаман,
Сендан даф бўлиб армон,
Изимни беркитаман....
Жаҳонгир НАМОЗОВ,
Поп тумани.
"Истеъдод мактаби -IX" Республика ёш ижодкорлар семинарии иштирокчиси.