Ҳусанбой МИРЗАЕВ,

вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси Ёшлар иттифоқи

бошланғич ташкилотлар етакчиси

Бундан роса бир йил аввал Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойидаги нутқи юртимиз ёшлари учун янги истиқболли майдонларни очиб берди. Мамлакатимизда йигит-қизларнинг ҳар соҳада суянчи ва таянчи бўла оладиган мутлақо янги ташкилот- Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил топди. Бу билан ёшларни доимо қўллаб-қувватловчи уюшма яратиб қўйилди. Ўтган бир йиллик вақт ичида янги ташкилот оёққа турди, ўзини жамиятнинг жўшқин жабҳаларида муносиб ўрнини эгаллади.

Бизнинг бошқармамиз ёшлари биринчи бор нишонланаётган ўз байрамларини муносиб кутиб олмоқдалар. Уч мингдан зиёд йигит- қизлар ташкилотимиз атрофига уюшганлар. Барча тиббиёт бирлашмалари ва муассасаларида етакчиларимиз ўз жамоаларида ташкилотчилик ва ташаббускорлик муҳитини яратишга муттасил интилишмоқда.

Вилоятимизда бирор оммавий тадбир йўқки, унда соғлиқни сақлаш муассасалари вакиллари қатнашмаётган бўлсин. Жумладан, тенгдошларимиз 58-гул байрамида нафосат шайдолари эканликларини ёрқин намойиш қила олишди. Ранго-ранг гуллардан бетакрор манзаралар кашф қилинди. Кўрганнинг ҳайрату ҳавасини уйғотадиган манзаралар яратилди.

Ёшлар иттифоқининг вилоят Кенгаши билан ҳамкорликда "Сен ёлғиз эмассан" хайрия акциясини ташкилладик. Акция давомида йиғилган пул-маблағлар онкологик хасталикка дучор бўлган 3 нафар беморга даволаниш учун берилди.

Ҳамширалар танловида қизларимиз алоҳида фаолик кўрсатишди. Туман ва вилоят босқичларини кузатиб, уларнинг билимдонлиги ва малака маҳорати тобора ошиб бораётганини кўрдик. Ёшларга хос жўшқинлик, чаққонлик ва чечанлик хислатлари янада кучайган.

Қуйи ташкилот етакчилари тенгдошларини ўз ортиларидан эргаштиришнинг энг мақбул усулларидан фойдаланишмоқда. Яъни ёшлар ўртасидаги муаммоларни бартараф этиш учун тарғибот- ташвиқот тадбирлари тез-тез уюштирилмоқда. Эрта никоҳга, қариндошлар бир-бири билан оила қуришларининг олдини олишга, гиёҳвандлик ва ичкиликбозликка қарши курашга тааллуқли тарғибот тадбирларининг таъсирчанлигига эришилмоқда.

Йил давомида 8 нафар етакчини мамлакатимиз пойтахти Тошкентда ўтказилган ўқув-семинарларга юбордик. Улар сертификатлар олиб қайтишди. Энг фаол йигит-қизларимиз эса Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгашининг Ташаккурномалари билан тақдирланишди.

Ёшлик - инсон умрининг энг гўзал,энг ширин, энг қадрли палласи. Шундай экан, эл-юртга фойдамиз тобора кўпроқ тегиши керак. Бунинг учун Юртбошимиз ишонч­ларига муносиб ишларимиз билан шу азиз Ватанни обод қилишимиз, тараққиётига салмоқли ҳисса қўшишимиз, халқнинг ол­қишига сазовор бўлишимиз лозим.