Сўнгги йилларда ёшидан қатъий назар ўз жонига қасд қилиш, яъни суицид ҳолатлари кўпайганлиги қайд этилмоқда. Шунинг учун аҳоли билан мутахассислар иштирокидаги мулоқотлар, оммавий ахборот воситалари орқали чиқишлар ҳамда тушунтириш, тарғибот ишлари тобора кучайтирилмоқда.
Наманган шаҳар хизмат кўрсатиш коллежи мажлислар залида Наманган шаҳар прокуратураси билан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамкорлигида кўргазмали семинар ташкилланди. Унда педагоглар, шифокор мутахассислар, маҳалла фаоллари барчани ташвишга солаётган долзарб масала юзасидан атрофлича кенгашишди.
Анжуманни Наманган шаҳар ҳокимининг ўринбосари Абдулходи Иминов очди ва олиб борди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов суицид ҳолатларини ўрганиш ва олдини олиш бўйича бошқарма томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маъруза қилди.
Сўзга чиққан вилоят асаб-руҳий касалликлар шифохонаси мутахассиси У. Шарипов, Наманган шаҳар бош имом ҳатиби Мусохон Аббосиддинов сўзлари ҳам йиғилганлар томонидан диққат билан тингланди.
Дарҳақиқат, ҳаётий муаммоларнинг ечими ҳамиша бўлади. Тушкунликка тушиш асло ўринсиз. Агар ҳар қандай муаммоли вазиятлар пайдо бўлса, шаҳар тиббиёт бирлашмасидаги малакали мутахассисларга учрашиб, муаммолар ечимини биргаликда топиш мумкин.
Рустамали Мамадалиев.