Шу йил 27 майдан 3 июнга қадар Наманган шаҳрида 58-анъанавий Гул байрами бўлиб ўтди. Гуллар диёрининг ярим асрдан зиёд нишонланиб келинаётган айёми бу гал ҳар қачонгидан узоқ муддатга чўзилганлиги, яъни қарийб бир ҳафта давом этганлиги билан тарихга кирди. Яна бир муҳим жиҳат - Гул байрамининг логотипи ва мадҳияси яратилди.

Энг аҳамиятлиси, шодиёна шарофати билан вилоятимиз маркази гулларга бурканди. З миллион тупдан зиёд анвойи гуллар экилган бўлса, байрам кунлари 3 миллион тупдан ортиқ муаттар гул ниҳоллари сотилди. Нафосат айёмига ўн тўрт мамлакатдан меҳмонлар келиб, жозибадор, ўзига хос байрамни ўз кўзлари билан кўриб, унинг ташкилотчиларига тасаннолар айтганлиги эса ҳар бир наманганликни фахрлантириши табиий.

Ишқибозлар ва иштиёқмандларнинг саъй-ҳаракатлари билан байрам ҳар йили у ёки бу кўринишдаги янгиликлар билан бойитилади. Ўтган йили гул конструкциялари ажойиб тароват бағишлаган эди. Жорий йилда эса шодиёнанинг мазмуни ҳам, қиёфаси ҳам, жозибаси ҳам янада мукаммаллашди. Наманган аэропортидан то шаҳар марказигача бўлган масофани босиб ўтган "Гул паради" ҳеч кимни бефарқ қолдирмади, аксинча беҳад қувонтирди. Парадда қатнашган ҳар бир транспорт воситасини гуллар билан безаш бўйича ҳам ўзига ҳос мусобақа ўтказилди, десак муболаға эмас асло. Комбайн, трактор, юк ташувчи ва енгил автомашиналар, санитар транспортидан тортиб пойгачи митти машиналар ҳам алоҳида дизайн ва кўркамликда безатилганлигига қойил қолмасдан илож йўқ.

Кўча ва хиёбонларга файз киритиб турган гулларнинг энг нодиру фусункорлари Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли маданият ва истироҳат боғини чулғаб олди. Нафақат конструкциялар ва кўргазмалар, ҳатто катта-катта майдонларни ишғол қилган гулзорларга ҳам алоҳида чизма, безак ва ғоялар асосида энг гўзал ва мафтункор гул ниҳоллари ўтқазилди. Байрам кунлари барқ уриб очилган мўъжизакор гуллар барчани ҳайратга солгани, дилларга ажиб ҳиссиёт ато этгани ҳақиқат.

Байрам жозибадорлигини оширишга вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармаси тасарруфидаги даволаш-профилактика муассасаларининг жамоалари ҳам баҳоли қудрат ҳиссаларини қўшдилар. Улар бош­қарма учун ва Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси учун ажратилган ҳудудларни "Боғи эрам"га айлантиришга муваффақ бўлишди, гўё.

-  Энг ноёб ва фусункор гулларнинг 21 хилини ўстиряпмиз. Ажратилган майдонимизга 35 минг тупдан зиёд энг нодир бегония, астра ва бошқа ажойиб ифору гўзаллик таратадиган гул кўчатлари экилди. Ҳар бир гул нави ўзига хос ғоя асосида жойлаштирилганлиги боис гул композициямиз мазмунан ва моҳиятан байрам қатнашчилари эътиборини ўзига тортмоқда. Яна бир янгилик - ҳар бир туп гул ниҳоли автоматлаштирилган равишда суғорилади. Намликни бир маромда ушлаб туриш учун микроиқлим ҳосил қилинган,-дейди бошқарма вакили Нурмуҳаммад Турғунов. - Гулларни экишдан олдин рассомлар ёрдамида ҳудуднинг ландшафт дизайни яратилди. Бири - бирига ўхшамайдиган, тиббиёт фаолиятини акс эттирувчи манзаралар вужудга келтирилди. Байрам жозибаси ва мафтункорлигини оширишда "Пахталикўл" сиҳатгоҳи, вилоят перинатал маркази, Республика онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиали, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали ва бошқа тиббиёт муассасалари жамоаларининг ёрдами айниқса катта бўлди.

Дарҳақиқат, байрам кунлари тиббиётчилар парваришлаётган ҳудуд гул шинавандаларию нафосат шайдолари билан гавжум бўлди. Улар орасида вилоятимизга хориждан, мамлакатимизнинг турли шаҳарлари ҳамда қўшни вилоятлардан ташриф буюрган меҳмонлар кўп эди.

Байрам ғолибларини тақдирлаш маросимида вилоятимиз ҳокими Хайрулла Бозаров таъкидлаганидек, жорий йилдаги саъй-ҳаракатлар, қайд этилган натижалар келажакда Наманганни гулчилик соҳасидаги ютуқларини дунёга танитиш борасидаги уринишлар тадориги бўлди. Келгуси йилдан Гул байрами халқаро даражадаги мақомни олади. Демак, гул азиз юртимизнинг ташриф белгисига айланади. Яқин-яқингача кўҳна қитъа гулчилиги ёки Корея ва Хитойдаги гул кўргазмаларига ҳавас қилинарди. Энди бўлса муҳтарам Юртбошимизнинг ташаббуслари ижобати билан Наманганнинг гул етиштиришдаги тажрибаси оламни маҳлиё этишига оз фурсат қолмоқда. Дунё аҳли гул деса Наманганни, Наманган деса гулни тасаввур этадиган давр яқин.

Абдулла ҒОЗИЕВ.