Янгиқўрғон туманининг олис Бўстон маҳалласида яшовчи Шаҳзода ая ҳозир 76 ёшда. У узоқ йиллардан бери оғир хасталик азобини чекади. Докторлар ҳар қанча ҳаракат қилишса ҳам мураккаб касалликдан қарияни фориғ қилиш чорасини топа олмаётган эдилар. Устига-устак касалванд кексанинг Тошкентга олиб боришнинг иложи йўқ эди. Куни кеча оила учун кутилмаган қувончли воқеа юз берди. Бемор хонадонига пойтахтимизнинг нуфузли клиникалари таниқли шифокорлари кириб келишди. Малакали мутахассислар онахонда кечаётган дардни чуқур ўрганиб кўриб, уни енгиллатиш ва самарали даволаш ҳақида тавсиялар беришди.
Бу муҳтарам Юртбошимиз ташаббуси билан "Обод қишлоқ" дастури доирасида амалга оширилаётган хайрли ишлардан бир дебоча, холос. Ҳудудларни ободонлаштириш, аҳолига қулай шароитлар яратиш мақсадида қилинаётган эзгу амаллар баробарида фуқаролар саломатлигини мустаҳкамлаш самарадорлигини оширишга йўналтирилган саъй-ҳаракатлар кўлами ортмоқда. Бинобарин, республикамиз тиббиёт олийгоҳлари, илмий-текшириш институтлари, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, клиник шифохоналари олим-шифокорлари, етакчи мутахассисларидан иборат гуруҳ вилоятимизда фаолият олиб борди.
Дастлаб Поп, Чуст, Тўрақўрғон ва Наманган туманларидаги қишлоқлар ва уларга туташ ҳудудларда яшовчи тиббий ёрдамга муҳтож кишилар чуқурлаштирилган тиббий кўрикка чорланди. Ҳар куни юзлаб нуронийлар, болалар ва оналар саломатлиги тиббий текширувдан ўтказилди.
Хусусан, Янгиқўрғон тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли 60-сонли қишлоқ оилавий поликлиникасида кечган тиббий тадбир боис аҳоли малакали тиббий хизматдан баҳраманд бўлди. Республика ихтисослаштирилган урология маркази, Республика акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази, республика кўз касалликлари шифохонаси, Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент педиатрия тиббиёт институти ва бошқа нуфузли клиникаларнинг таниқли мутахассислари тўққиз турдаги йўналишлар бўйича одамларни қабул қилишди.
- Травматолог Ҳасанбой Шоматовга фарзандимни кўрсатдим, - дейди Назокат Аҳмаджонова. - Доктор боладаги касалликка аниқ ташхис қўйиб, уни соғломлаштириш бўйича маслаҳат, йўл-йўриқлар берди. Қишлоғимизга таниқли шифокорлар ташриф буюришганидан жуда ҳам хурсандмиз. Ахир, пойтахтга, яъни уларнинг қабулига бориш қанчалар мураккаб ва оворагарчиликларни келтириб чиқарар эди.
- Биз кекса авлод вакиллари ҳам фурсатдан фойдаланиб, ўзимизни безовта қилаётган касалликлар бўйича олим-шифокорларга мурожаат қилдик. Зарур тавсияларни олиб, мамнун кайфиятда уйга қайтяпмиз. Халқ саломатлиги учун қайғураётган, одамлар соғлом ҳаёт кечиришини таъминлаётган давлатимизга минг раҳмат, - дейди меҳнат фахрийси Абдурасул ота Аббосов. - Шундай элпарвар юртда яшаётганимизга шукроналар айтиб, чекка ҳудудларни ҳам "Обод қишлоқ"қа айлантириш учун қилинаётган эзгу ишларга ривож тилаб, дуодамиз.
- Гуруҳимизга офтальмолог, кардиолог, жарроҳ, невропатолог, эндокринолог, терапевт, уролог, ортопед-травматолог, акушер-гинеколог, педиатр каби ихтисосликлари бўйича мамлакатимизнинг энг малакали мутахассислари жамланган. Улар орасида доцентлар, тиббиёт фанлари номзодлари бор, - дейди республика ихтисослаштирилган урология маркази вакили Фарруҳ Абдураҳмонов. - Қисқа фурсат ичида минг нафардан зиёд фуқарони чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказишга муваффақ бўлдик. Касаллик аниқланган кишиларни туман ва вилоят, зарур бўлса, республика миқёсидаги шифохоналарда соғломлаштириш чоралари кўрилади.
Севара ҒОЗИЕВА.
Рустамали МАМАДАЛИЕВ олган тасвир.