Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш бугун давлат сиёсатининг энг муҳим устувор вазифаларидан бирига айланди. Тизимни янада такомиллаштириш, тиббиёт ходимлари меҳнатини рағбатлантириш, даволашнинг замонавий технология ва усулларни кенг жорий этишга қаратилаётган эътибор ва талаблар барча ҳудудларда ўзининг ижобий натижаларини бераётир.

 

Айниқса, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ҳар томонлама соғлом авлодни тарбиялаш, тиббий хизмат сифатини оширишга қаратилган кенг қамровли ишлар халқимизнинг муносиб ҳаёт сифатини таъминлашда катта аҳамият касб этмоқда.

 

Бу борада гап кетганда Учқўр­ғон туманидаги "Бахт" қишлоқ врачлик пунктида амалга оширилаётган намунали ишлар ҳақида кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Муассасада замонавий муолажа хонаси, лаборатория, ижтимоий дорихона фаолияти йўлга қў­йилган. Ҳудуддаги Ўлжа тўпи, Халфа тўпи, Қозоқовул МФЙларида истиқомат қилаётган 10000 нафарга яқин аҳолига хизмат кўрсатаётган тиббий муассасага тажрибали, ташкилотчи, олий тоифали умумий амалиёт шифокори Одинахон Фозилова раҳбарлик қилади. 34 нафар малакали тиббиёт ходимларидан ташкил топган жамоанинг аҳил ва ҳамжиҳатликдаги фаолияти боис ҳудудда 5 йилдан буён она ва бола ўлимига йўл қўйилмади. Гепатит "А" билан оғриган беморлар деярли учрамайди. Бу репродуктив саломатликни муҳофаза қилиш, соғлом оилани шакллантириш, тўғри овқатланиш, жисмоний фаоллик, соғлом оналик ва туғма аномалиялар профилактикаси, болалар орасида касалланиш бўйича кенг тарғибот ишлари олиб борилаётганлигини, МФЙлар ва ҳудуддаги ўқув ва мактабгача тарбия муассасалари, жамоатчилик фаоллари билан ҳамкорликда "Саломатлик бурчаклари", "Оталар мактаби", "Қайнона ва келин мактаби" фаолиятини мунтазам йўлга қўйилгани самарасидир.

 

- Биз маҳалла фахрийлари "Бахт" ҚВПда фаолият кўрсатаётган барча саломатлик посбонлари фаолиятидан хурсандмиз. Улар ҳар ҳафтада хонадонимизда бўлиб, оила аъзоларимизнинг саломатлигини назорат қилиб боришади. Шу боис ҳам доим бардам-бақувват сезамиз ўзимизни. Асло кам бўлишмасин, - дейди Тошпўлат ҳожи Турдалиев.

Суратда: (ўнгдан-чапга) ҚВП мудираси, олий тоифали умумий амалиёт шифокори Одинахон Фозилова, олий тоифали доя Наргиза Қулмирзаева, патронаж ҳамширалар Зоҳида Алиқулова ва Равшаной Жабборовалар.

 

 

Равшанбек МИРЗАОЛИМОВ,

журналист.