Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида турли тадбирлар ўтказиш одат тусига кирган. Яқинда ташкил этилган "Марказимиз маликалари" номли кўрик-танлов барчада қизиқиш уйғотди.

Унда мазкур тиббиёт марказида фаолият олиб бораётган ўрта тиббиёт ходимлари бешта шарт бўйича ўзаро беллашдилар. Дастлаб қатнашчилар ўзларини таништириш бўйича баҳслашган бўлсалар, сўнгра тезкор савол-жавоблар, вазиятли масала, биринчи тиббий ёрдам бериш даражаси ва эркин мавзу каби шартлар бўйича чиқишлар қизғин тортишувлар остида ўтди. Танловда ҳамшира Зулайҳо Турсунова биринчи ўриннни эгаллади. Ғолиб ва совриндорлар ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

"Саломатлик, аввало ўзимиздан бошланади" деб номланган семинар-тренинг ва акция ҳам оммавий тус олди. Унда марказдаги ҳамширалар, кичик тиббиёт ходимлари ва ёшлар вакиллари фаоллик кўрсатишди.

Тиббиёт маркази раҳбарлари билан ёшларнинг учрашувлари изчил равишда ўтказиб келинмоқда. Яқинда бўлиб ўтган тадбирда ёшларнинг таклиф ва мулоҳазалари эшитилди. Мулоқот якунида муассаса ҳудудида умумий овқатланиш шаҳобчаси барпо этиладиган бўлди.

Г. АБДУБАННОЕВА,

Ёшлар иттифоқи етакчиси.