1 июнь - Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунида Наманган шаҳридаги Психофизик ривожланиши бузилган болалар учун ихтисослаштирилган типдаги болалар уйи парваришланувчиларининг ҳам шодлиги бир олам, қувончи чексиз бўлди. Эрта тонгданоқ муассасанинг фойесида тарбиячилари кўмагида саф тортишган болажонлар шўх куй ва қўшиқлар завқидан қувнаб яйрашди.

Тадбирда Наманган шаҳридаги ҳарбий қисм томонидан болажонларга турли ўйинчоқларнинг тарқатилиши митти қалбларни янада хушнуд этди. Унда сўз олган Одилжон Орипов болажонларни байрам билан қутлар экан, бош врач Назира Ҳамдамова раҳбарлигидаги муассаса жамоасига масъулиятли ишларида янада куч-қувват тилади.

Болалар уйи тарбияланувчиларининг ёддан ўқиган шеърлари ва ижро этган рақслари барча меҳмонларни ҳайратда қолдирди.

Шу куни кечгача муассаса ходимлари меҳмонларни мамнунлик билан кутиб олишдан асло чарчашмади. Жамоатчилик вакиллари, педагог ва талабалар, коллеж ўқувчилари кичкинтойлар эҳтиёжи учун керакли сов­ға-саломлар, турли ширинликлар билан ташриф буюришиб, улар кўнгил­ларини янада обод этишди.

Наманган шаҳридаги 1-мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиларининг байрамга бағишланган концерт дастурлари эса тантанага ғоят файз киритди.

Манзура ЭРГАШЕВА.