Вилоят ихтисослаштирилган "Бешкапа" болалар ревматология сиҳатгоҳи ҳовлиси эрта тонгданоқ гавжумлашди. Тадбирни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи сиҳатгоҳ бошланғич ташкилоти етакчиси Гулмира Раҳмонова бошқарди. Байрам бу йил янада ўзгача тарзда бошланди. Вилоятнинг турли туманларидан келиб, ҳам даво, ҳам мириқиб дам олаётган болажонлар ота-оналари, қўшни туманлардан ташриф буюрган меҳмонлар дастлаб туманлараро ўтказилган волейбол, сўнг югуриш бўйича спорт мусобақаларини томоша қилдилар.
Тадбир сиҳатгоҳ даволанувчилари иштирокидаги "Қувноқлар ва зукколар" кўрик-танлови билан янада қизиди. "Шунқорлар" ва "Чаққонлар" жамоалари қизиқарли спорт ўйинлари ҳамда савол-жавобларни эпчиллик, зукколик билан бажариб олқишландилар. Туман болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг ёш гимнастикачи қизларининг чиқишлари ҳам байрам иштирокчиларига манзур бўлди.
Шунингдек, "Мингбулоқ сеҳргарлари" номи билан танилаётган Абдуфатто Бувамирзаев ва Алишер Абдуносировларнинг қўзбойлағич ўйинлари,жанглёрлик санъати, акробатик машқлар бажариш каби бир-биридан қизиқарли томошалар барчага завқ улашди.
Ёшлар ижросидаги миллий ва турли халқ қўшиқлари, рақсларига сиҳатгоҳда даволанаётган болалар ҳам жўр бўлиб даврани қиздиришди.
Айёмда муассаса бош врачи Ҳотамжон Бадалов, бош врачнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ҳасанбой Холиқов, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» партияси Мингбулоқ туман Кенгаши раиси Исломжон Йўлдошев, ота-оналар номидан Мунаввар Матаевалар сўзга чиқиб, барчани байрам билан қутладилар.
Тадбир якунида ғолиб жамоалар, юқори ўринни эгаллаган болалар ва ташкилотчиларга сиҳатгоҳ маъмурияти, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» партиясининг Фахрий ёрлиқлари, эсдалик совғалари топширилди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман Кенгаши ҳомийлигида 200 нафар болажонларга музқаймоқлар тарқатилиб, байрам билан сийланди.
Рустамали МАМАДАЛИЕВ.