Болалар эртанги кун эгаларидир. Уларнинг соғлом ўсишлари учун давлатимиз ҳамиша ғамхўрликни аямайди. Ота-оналар ҳам ўз фарзандлари боғча ва мактабларда, ишончли қўлларда эканидан кўнгиллари хотиржам меҳнат қилишади. Биз педагоглар зиммамиздаги бундай масъулиятли ва шарафли вазифани ҳамиша фаол адо этиш учун астойдил ҳаракат қиляпмиз.

2017 - 2018 ўқув йилида менинг раҳбарлигимдаги 1-синфда 27 нафар ўғил-қиз таълим-тарбия олди. Улар "Алифбе"ни пухта ўзлаштириб, "Ўқиш китоби" мутолаасини ҳам маромига етказдилар. Айни пайтда ўқув йилини фақат "яхши" ва "аъло" баҳолар билан якунладилар. Шундагина кўнглим ўринга тушди. Меҳнатларимнинг самарасидан бироз бўлса-да қониқиш ҳосил қилдим.

Ёзнинг бошланиши билан ўн икки нафар ўқувчимни таътил пайтида "Ширин" оромгоҳига етакладим. Туманимизнинг хушҳаво ва кўркам гўшасида жойлашган бу масканда болалар дам олиши учун барча шарт-шароитлар ва қулайликлар яратиб қўйилганидан беҳад хурсанд бўлдим. Энг муҳими, уларнинг соғлиги кеча-кундуз назоратда. Тиббиёт хонасида зурар жиҳозлар ва дори-дармонлар етарли. Бириктирилган врач ва ҳамшира болаларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш учун тиббий йўналишдаги тарғибот ва амалий тадбирларни ўз вақтида бажариб боришмоқда. Шу боис ўғил-қизларнинг кайфиятлари баланд, ўзларини ҳамиша бардам ҳис этишмоқда. Ўқувчиларимдан Юлдуз Муродиллаева, Онахон Ғиё­сиддинова, Абдулазиз Икромжонов, Улуғбек Набиев, Маъсуда Асқаровалар туманимизнинг турли томонларидан келган тенг­дошлари билан биргаликда ҳар бир кунни мароқли ўтказишмоқда.

Бу ердаги тарбиячилар томонидан маънавий-маърифий тадбирлар, қизиқарли спорт мусобақалар уюштирилиб, уларнинг фаоллиги тобора оширилаётгани диққатга лойиқ. Ким қандай тўгаракка қатнашиши ихтиёрий асосда ҳал этилган. Шунинг учун ўқувчиларим аввалдан ўзларидаги лаёқатга қараб, севган машғулотларини бу ерда давом эттиришяпти. Китобхон болаларнинг ихтиёрига кўп сонли китобга эга кутубхона бериб қўйилган. Расм чизишга иштиёқмандлар қоғоз ва бўёқлар билан таъминланишган. Спорт анжомлари эса етарли.

Ўйлайманки, 30 июнь - Ёшлар куни болаларимиз ҳаётида биринчи бор тантанали нишонланаётганлиги учун унутилмас таассуротлар қолдиради. Ҳозирдан муҳим санаолди тараддуди қизғин тусга кирган. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман Кенгаши ходимлари ҳар куни болалар орасида бўлишаётир. Уларнинг орзу-мақсадлари йўлидаги интилишларига муносиб рағбат ва кўмак беришмоқда.

Бизнинг болаларимиз дунёдаги энг бахтиёр авлод ҳисобланишади. Улар учун иқбол эшиклари ҳамиша очиқ.

Мавлуда ҚОДИРОВА,

Тўрақўрғон туманидаги 7-умумтаълим

мактабининг бошланғич синф муаллимаси.