Бугунги кунда ёшлар орасида китобхонлик маданиятини юксалтириш долзарб вазифадир. Мамлакатимизда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида барча соҳа ва тармоқларда улкан ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Жумладан, китоб мутолаасига ҳам жуда катта эътибор берилмоқда.
Бизнинг лицейимизда ҳам "Энг иқтидорли китобхон", "Зукко китобхон" танловлари ўтказилди. Ўқувчилар ўзларининг чиқишларида мамлакатимизда бўлаётган ўзгаришлар, ислоҳотлар билан боғлиқ мавзуларни, бадиий адабиётларнинг мазмун-моҳиятини, зукколик билан шарҳлаб бердилар. Улар икки босқичда беллашдилар. Биринчи босқичда ўзларининг китобга бўлган қизиқишларини, иккинчи босқичда эса ўқиган китоблари мазмун-моҳиятини тушунтириб беришди.
Бундай тадбирлар вилоят бўйича ҳам давом этмоқда. Чунки китоб-илм олишда, ҳаётни севишда, олам билан танишишда, яхши дўстлар орттиришда энг яхши маслаҳатгўйимиз ҳисобланади. Ёшларимиз телевизор, компьютер, телефонларга боғланиб қолиб, китоб ўқишдан узоқлашиб кетаётганлиги ҳозирги кунда барчани ташвишга солмоқда. Бунинг оқибатида улар турли оқимлар таъсирига тушиб қолишяпти. Бу нимадан далолат беради? Албатта, китоб мутолаа қилмаганликларидан, билимсизликдан.
Улар билан суҳбатлашиб кўринг, гапираётган гапидаги пала-партишлик, бепарволик, маънавиятсизлик, ахлоқсизлик каби иллатлар яққол сезилиб туради. Китоб ўқиган инсоннинг юриш-туриши, гапираётган гаплари маънили, маънавиятга бой бўлади. Инсон қалбига йўл очадиган нарса ҳам бу китобдир. Бирор бадиий асарни ўқишга киришган инсоннинг руҳий кечинмалари бойиган, ўзига ишониб, у ердаги воқеаларда худди ўзи иштирок этгандек бўлади.
Шу ўринда ҳаётимда бўлган бир воқеани сизлар билан фикрлашмоқчиман. Бир куни китоб дўконига кирдим. Қизлар ҳам китоб танлашаётган экан. Бир чеккада уларни кузатиб турдим. Бири бир китобни ушлаб, яна бири бошқасини танлайди. Ўспирин ёшли қизлар эди. Дугоналарини ишига эътибор бераётган қиз фикримни тортди. Унинг ҳаракатлари менда ўзгача таассурот қолдирди. У бир китобни қўлига ушлаб, унга кўз югуртираётган экан. Китобни номи "Кафангга ўралган мурда" эди. Буни ўқиб менинг ҳам кайфиятим ўзгариб қолди. Чунки китобни сотиб олиш ёки олмасликни аниқлаб берадиган нарса уни сарлавҳаси бўлса керак. Ёки муқовадаги қўрқинчли сарлавҳалари китобхонга руҳий таъсир этади.
Шунинг учун ҳам ёшларга, ўрта ёшли, катта ёшли инсонларга мос асарлар ёзишни пайти келдими, дейман. Бошланғич синф ўқувчиларига "Ўтган кунлар" асарини ёки юқори синфларга "Оқшом эртаклари"ни бериб қўйсангиз бола уни ўқимайди. Ҳозирги кунда ёш оилалар ўртасида тез ажрашиб кетишлар кўплаб учраб турибди. Барчаси китоб ўқимаганлигидан. Шундай экан, ёшларимизни турмушга тайёрлашда китобнинг ўрни жуда катта аҳамиятга эга. Айниқса, соғлом турмуш тарзи тамойиллари ҳақида чуқурроқ тушунча берсак, қизларимизга меҳнат таълими дарсларида бичиш-тикиш, пазандачилик, орасталик, кийиниш, муомала маданиятидан, педагогларимиз китоблардан, ўзларини ҳаётий тажрибаларидан фойдаланиб, машғулотлар ўтишса, фойдадан ҳоли бўлмасди.
Муҳаррам СУЛАЙМОНОВА,
НМҚИ қошидаги академик лицейнинг она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси.