Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот институти вилоят бўлинмаси билан ҳамкорликда ҳуқуқий мавзуда анжуман ташкил этди.
Тадбирни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Ботиров очар экан, тизимда қонун устуворлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликни олдини олиш борасида жорий йилнинг беш ойи мобайнида амалга оширилган ишларни таҳлил этди. Нотиқнинг таъкидлашича, мазкур йўналишдаги фаолият кучайтирилмоқда. Ходимларнинг ҳуқуқий онги ва саводхонлигини янада ошириш чоралари кўрилаётир.
Наманган шаҳар прокурорининг ўринбосари Аъзамжон Абдусаматовнинг чиқиши ҳам кўпчиликнинг эътиборини тортди. Маърузачи соғлиқни сақлаш тизимидаги коррупция ҳолатлари ва бу иллатнинг салбий оқибатлари юзасидан батафсил тўхталди. Айниқса, порахўрлик, фирибгарлик, соғлиқни сақлаш тизимидаги давлат маблағларини ўзлаштириш каби қонунбузарликларга қарши кескин кураш олиб бориш зарурлиги уқтирилди.
Вилоят ички ишлар бошқармаси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шерали Ҳамроев, вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси катта нозири Дониёрбек Мўйдиновларнинг маърузаларида ҳам ҳуқуқ-тартиботни кучайтириш, майда ташмачилик ва ўғирлик жиноятларининг пайини қирқиш, йўл ҳаракати қонунчилигига амал қилиш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, соҳага жорий қилинаётган инновацион технологиялар ҳусусида мулоҳаза юритилди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари билан тиббиёт муассаслари ходимлари ҳамкорлигида тарғибот ишларини янада кучайтириш юзасидан таклиф ва мулоҳазалар ўртага ташланди.
Мулоқот чоғида анжуман кун тартибидаги масалаларга оид саволларга тегишли жавоблар қайтарилди.