Вилоят перинатал марказида бўлиб ўтган навбатдаги йиғилиш кун тартибидан Ўзбекистон Республикасининг "Жамоатчилик назорати тўғрисида"ги Қонуни мазмун-моҳиятини ўрганиш масаласи ўрин олди.
Тадбирни марказ раҳбари, тиббиёт фанлари номзоди Ўзган Раҳмонов очар экан, аҳолига қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари моҳияти ва аҳамиятини етказиш фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишнинг муҳим омили эканлиги ҳақида гапирди.
Муассаса ҳуқуқшуноси Назира Пўлатова "Норматив ҳуқуқий ҳужжатларни ижрочиларга етказишнинг ҳамда улардаги норма ва қоидаларни аҳолига тушунтириш схемаси"га мувофиқ жорий йил қабул қилинган "Жамоатчилик назорати тўғрисида"ги қонун ҳақида маъруза қилди. Нотиқнинг таъкидлашича, мазкур Қонуннинг мақсади давлат органлари ва муассасалари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ташкил этиш ҳамда амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Касаба уюшмаси қўмитаси раиси Нигора Абдусамиева эса қонун ҳужжатларига асосан касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ўзига хос хусусиятларини изоҳлаб берди.
Йиғилиш қатнашчилари ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоблар олишди.