Олмос - Чуст туманининг тоғ олди ҳудуди ҳисобланади. Ўттиз мингдан зиёд аҳоли яшайдиган шаҳарчада ҳозиргача ҳудудий шифохона фаолият кўрсатар эди. Бирламчи тизимдаги ислоҳотлар жараёнида аҳоли талаб-истаклари инобатга олиниб, муассаса биноси ўрнида 46-қишлоқ оилавий поликлиникаси ташкил этилди. Бино ва иншоотлар реконс­трукция қилиниб, кўркам ва замонавий тиббиёт масканига айлантирилди.

Яқинда мазкур бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасасининг тақдимоти ўтказилди. Туман ҳокими Баҳодир Охунов тадбир иштирокчиларини янги шифо маскани билан қутлади ва амалга оширилган бунёдкорлик ишларига юқори баҳо берди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов мамлакатимизда тиббиёт муассасалари моддий-техник имкониятларини ривожлантиришга устувор аҳамият қаратилаётганлигини таъкидлаб, яқин орада мазкур маскан хизмати янада кенгайтирилиши ҳақида гапирди.

Тадбирда 46-ҚОП бошлан­ғич касаба уюшма қўмитаси раиси Туйғуной Олимова, меҳнат фахрийлари Маъруфали Мамадалиев, Абдужаббор Маҳкамов ва бошқалар ҳам аҳоли узоғи яқин бўлгани, ҳудудда тиббий хизмат кўрсатиш шароитлари янада яхшилангани учун миннатдорчилик изҳор этдилар.

Тантанали тадбирда бинони қайта таъмирлашда фидойилик кўрсатган "Дўзанда" қурилиш таъмирлаш хусусий корхонасининг бир гуруҳ қурувчилари туман ҳокимлигининг Фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Шундан сўнг меҳмонлар қишлоқ оила поликлиникасида яратилган шароитларни кўздан кечирдилар. ҚОПга "Саломатлик-3" лойиҳаси доирасида келтирилган замонавий стрелизация қилиш аппарати, ультратовушли сканер, лабораториядаги анализатор, УТТ аппарати кўрсатилди. Шунингдек, "Ижтимоий дорихона", болалар ҳамда катталар учун мўлжалланган 50 ўринли даволаш бўлими, "Тез тиббий ёрдам" шаҳобчаси фаолияти билан ҳам танишилди.

Рустамали МАМАДАЛИЕВ.