Жиноятнинг турлари ва сабаблари кўп. Қонунчиликда уларнинг ҳар бирига яраша жазо белгиланган. Айни пайтда мамлакатимизда жиноий жазоларни либераллаштиришга ҳам катта эътибор қаратилган. Билиб-билмай жиноят содир этганлар (адашганларга) ёки айрим турдаги жиноятларга жазо белгилашда қонунларимизда кечиримлилик, бағрикенглик каби миллий қадриятларимиз ўз ифодасини топган. Аммо жиноятларнинг шундай турлари борки, уларни кечириб бўлмайди, аксинча, қатъий жазо талаб этилади.
2014 йил 15 майдан кучга кирган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида"ги Қонунга мувофиқ Жиноят кодексига айрим ўзгартишлар киритилди. Унга асосан энди нафақат пора олиш, балки пора бериш ёки пора олиш-беришда воситачилик қилганларга ҳам жиноий жавобгарлик мустаҳкамлаб қўйилди.
Маълумки, мамлакатимизда порахўрликка қарши курашишнинг ҳуқуқий базасини мустаҳкамлашга мунтазам равишда эътибор қаратиб келинмоқда. Жиноят кодексининг 211, 212-моддаларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар эса бу борадаги ислоҳотларнинг изчил давоми бўлди.
Амалдаги Жиноят кодексининг 211-моддасида пора берувчи шахс; 212-моддасида пора олиш-беришда воситачилик қилувчи шахс, башарти, жиноий ҳаракатлар содир этилгандан кейин бу ҳақда ўз ихтиёри билан арз қилса, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам берган бўлса, жавобгарликдан озод этилишига оид рағбатлантирувчи қоида мавжуд эди.
Янги қонун билан ушбу қоидага ҳам аниқлик киритилиб, пора берувчи ва пора олиш-беришда воситачилик қилувчи шахслар учун белгиланган мазкур рағбатлантирувчи қоиданинг қўллаш асослари чегаралаб қўйилди. Эндиликда, пора берувчи ва пора олиш-беришда воситачилик қилувчи шахслар бундай жиноят ҳақида ҳар қандай вақтда хабар берганлиги учун жавобгарликдан озод этилмайди. Балки, жиноий ҳаракатлар содир этилганидан кейин ўттиз сутка мобайнида ўз ихтиёри билан арз қилсагина жавобгарликдан озод қилинади.
Таъкидлаш жоизки, коррупция, порахўрлик ҳокимият ва бошқарув органлари фаолиятини илдизидан емирадиган, уларнинг халқ олдидаги обрўсига путур етказадиган, айниқса, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига дахл қиладиган ўта хавфли жиноятдир. Шу сабабли, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан бу иллатга қарши кескин ва муросасиз кураш олиб борилмоқда. Бироқ, яқин кунларга қадар бундай кураш асосан мансабдор шахсларнинг пора олиш ҳолатларини аниқлаш ва уларни жавобгарликка тортиш билан чегараланаётган эди.
Ўз навбатида, мансабдор шахсларни пора олишга қизиқтирувчи, воситачилик қилувчи ва бевосита пора берувчилар, қўштирноқ ичидаги "иш битирувчилар" аксарият ҳолатларда жиноий жавобгарликдан қутулиб қолишаётган эди. Ваҳоланки, мазкур жиноятнинг келиб чиқишига пора бериш сабаб бўлади. Пора берувчи бўлмаса, бу каби жиноятлар содир этилмайди.
Қабул қилинган янги қонунга кўра, пора берувчи ва пора олиш-беришда воситачилик қилувчи шахслар жиноий ҳаракатлар содир этилган вақтдан бошлаб ўттиз сутка ўтгандан кейин хабар берган бўлсалар, улар жиноий жавобгарликдан озод этилмасдан, умумий тартибда пора бериш ёки пора олиш-беришда воситачилик қилганлик учун жавобгарликка тортилади.
Таъкидлаш жоизки, қонунда жавобгарликдан озод қилишнинг аниқ муддати белгилаб қўйилиши, пора берувчи ва пора олиш-беришда воситачилик қилувчи шахсларда жавобгарликнинг муқаррарлиги ҳиссини, порахўрлик жиноятлари профилактикасини оширишга хизмат қилади.
Энг муҳими, бундай шахсларга порахўрлик жинояти ҳақидаги хабарни қатъий белгилаб қўйилган муддатда бериш мажбуриятини юклаш орқали жиноятларни ўз вақтида аниқлашга эришилади.
Шу ўринда, мазкур қонун талаблари тушунарли бўлиши учун, пора берган ёки пора олиш-беришда воситачилик қилган шахсни жавобгарликдан озод қилиш шартларига алоҳида эътибор бериш зарур бўлади. Чунончи, пора сўраб товламачилик қилган ёки пора олиш-беришда воситачилик қилган шахсни жавобгарликдан озод қилиш шартлари Жиноят кодекси 211-моддасининг 4-қисми ва 212-моддасининг 4-қисмида қатъий белгиланган талабларнинг барчаси мавжуд бўлгандагина, яъни:
- товламачилик йўли билан пора талаб қилинган ҳолат далиллар асосида тўлиқ тасдиқланса;
- ариза қонунда назарда тутилган муддатда, яъни ўттиз сутка ичида тақдим қилинса;
- ҳар қандай ноқонуний ташқи таъсирлардан (жисмоний, руҳий) холи тарзда ўз ихтиёри билан арз қилинса;
- пора берганлик ва воситачилик қилганлик ҳақида ариза берган шахс содир этган жиноий қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлса;
- пора берганлик ва воситачилик қилганлик ҳақида ариза берган шахс ушбу жиноятни очишда фаол иштирок этса, жавобгарликдан озод қилиниши мумкин.
Қонуннинг ушбу бешта талабидан бирортаси мавжуд бўлмаса, пора берганлик ёки воситачилик қилганлик ҳақида ариза берган шахс жиноий жавобгарликдан озод этилмайди.
Ўз ихтиёри билан арз қилиш деганда-пора берувчи ёки пора олиш-беришда воситачилик қилган шахснинг ўз ихтиёри билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга шахсан келиб ёзма ёки оғзаки шаклда қилган мурожаати тушунилади.
Тергов ёки суриштирув даврида аниқланган ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга олдиндан маълум бўлган пора бериш ва пора олиш-беришда воситачилик ҳолатлари юзасидан мурожаат жиноий жавобгарликдан озод қилишга асос бўлмайди ва бундай шахснинг жавобгарлик масаласи қонунда белгиланган умумий тартибда кўриб чиқилади.
Ҳар қандай жиноят иши бўйича дастлабки тергов ва суриштирувга жалб қилинган (гумонланувчи, айбланувчи, жабрланувчи, гувоҳ) шахс, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга ҳуқуқбузарлик учун келтирилган шахс пора берганлик ёки пора олиш-беришда воситачилик қилганлик ҳақида арз қилса, бундай мурожаат инобатга олинмайди ва у жиноий жавобгарликдан қутула олмайди.
Чин кўнгилдан пушаймон бўлиб жиноятни очишда фаол ёрдам бериш деганда - ўзига нисбатан пора сўраб товламачилик қилган ёки пора олиш-беришда воситачилик қилган шахс ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга ўз ихтиёри билан келиб, содир этилган жиноят ҳақида баён қилиши, қилмишига пушаймонлик билдириши, жиноятларнинг олдини олиш ва жиноятни очишга ёки унинг ташкилотчиларини ёхуд бошқа иштирокчиларини фош қилишга фаол ёрдам бериши тушунилади.
Мухтасар айтганда, мазкур қонунни қабул қилишдан асосий мақсад коррупциянинг, айниқса, порахўрлик жиноятларининг туб илдизини қирқиш, жиноят содир этган мансабдор шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш ва бу турдаги жиноятлар учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш баробарида жамиятда қонун ва адолат устуворлигига эришишдир.
Шуни ёддан чиқармаслик керакки, мамлакатимизда жамият хаётидаги барча муносабатларнинг ҳуқуқий асоси яратилган бўлиб, улар Бош Қомусимиз асосида қабул қилинган қонунлар билан тартибга солинади. Қайсидир режалаштирилган ниятни амалга ошириш учун "енг ичида" иш битиришга уриниш, бу ўзингизнинг ва мансабдор шахснинг жавобгарлигига сабаб бўлади.
Самаджон ҚОДИРОВ,
Поп туман маъмурий
судининг раиси.